Тошкент шаҳар ҳокимияти ҳамда Тошкент шаҳар Фуқаролик жамиятини мониторинг қилиш мустақил институти ҳамкорлигида “Давлат дастурларини бажаришда фуқаролик жамияти институтларининг фаоллигини ошириш” мавзуидаги давра суҳбати Ўзбекистон касаба уюшмаси ўқув марказининг конференциялар залида бўлиб ўтди. Давра суҳбатини Тошкент шаҳар Фуқаролик жамиятини мониторинг қилиш мустақил институти директори ўринбосари Р. Саидов қисқача кириш сўзи билан очди.
Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Ш. Турдиқулов Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 4 майдаги “Мамлакатни демократик янгилаш жараёнида фуқаролик жамияти институтларининг ролини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони келгусида юртимизнинг ҳар томонлама жадал ривожланишида фуқаролик жамияти институтларининг роли ва аҳамиятини тубдан ошириш, уларнинг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан ҳамкорлигини кучайтиришда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётганини гапириб, шу йўналишдаги муаммоларга тўхталиб ўтди.
Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши депутатлари Т. Матибоев, Д. Шоумаровлар ўз сўзида бугунги кунда шаҳарда фаолият кўрсатаётган 493 та ННТ жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, қонуний манфаатлари, демократик қадриятларни ҳимоя қилишда, ижтимоий, маданий ва маърифий мақсадларга эришишда ўз ўрнига эгалиги ва уларнинг фаоллигини янада ошириш мақсадида ННТ қўллаб қувватлаш фонди ташкил этилаётганини гапириб, давра иштирокчиларининг саволларига жавоб бердилар.
Мажлис иштирокчилари фуқаролик жамияти институтлари фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий ва иқтисодий асосларини такомиллаштириш, ижтимоий шериклик ва жамоатчилик назоратини амалга ошириш, мазкур институтларнинг жамият бошқарувидаги иштирокини кенгайтириш учун қулай шароитлар яратиш масалалари бўйича таклифлар бериб ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.
Р. Сапаева