Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига ўттиз йил тўлди

0
304
марта кўрилган.

Пойтахтнинг Яккасарой туманидаги Ю.Ражабий номидаги маҳаллада маҳалла раиси Улуғбек Ҳакимов ташаббуси ҳамда  «Соғлом она ва бола» аёллар ва ёшлар маркази ҳамкорлигида ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигининг ўттиз йиллиги муносабати билан тадбир уюштирилди.

Ушбу маҳаллада фан тараққиётига, жумладан, ўзбек тили, адабиёти ва санъатининг юксалишига муносиб ҳисса қўшган кўплаб алломалар яшаб ижод қилишган. Мазкур даргоҳда Ўзбекистон халқ ёзувчиси  Абдулла Қаҳҳор уй-музейи, мақомларни китобларда муҳрлаган Ўзбекистон халқ артисти, таниқли ҳофиз, бастакор Юнус Ражабий уй-музейи   жойлашган. Шунингдек, математика майдонининг  буюклари –  Ўзбекистон Фанлар академияси академиклари,  Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоблари – Саъди Сирожиддинов ва Махмуд Салоҳиддиновларнинг  нурга интилган ижодларига, тинимсиз изланишларига гувоҳ бўлган қадрдон даргоҳ бу…

 Бу маҳалла ўз анъаналари ва қадриятларига эга улуғ даргоҳлардан бири эканлигини бугунги ёшларнинг  саъй-ҳаракатлари, интилишлари ҳам  тасдиқлайди. Маҳалладаги мактабларда иқтидорли болалар ҳам айни кунда кўплаб етишиб чиқмоқда. Икки нафар Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори, кўплаб фан олимпиадаси ва спорт йўналиши ғолиблари таълим олмоқда. Уларнинг ҳам Ўзбекистонни, ўзбек халқини, ўзбек тилини жаҳонга танитишда муносиб ҳиссалари бор.

Ўзбек халқининг иқтидорли  шоираси ва тадбиркор Фарида Афрўз ўз сўзида  она тилимиз – миллий ғуруримиз, ўзлигимиз эканлиги ҳақида гапирди. Ташбеҳларга ва руҳий кечинмаларга бой шеърларидан ёд олди. Фарида Афрўзнинг ўзбек тили гўзаллигини ўзида ифода қилган  “Қирқ кокиллигим”, “Изтироб кўйлаги”, “Тунлар исёни”, “Кўзим маним…” “Қурбонжон додхоҳ” (тарихий драма,), “Ўзимдан ўзимгача”, “Пока есть на земле разлука”, “От Фариды Афруз” (Москва, 2004), “Гун айдин” (Истамбул, 2004), “Ушшоқ, “Тасбиҳ”, “Ўша кун – бугундир” номли шеърий тўпламлари чоп этилган бўлиб, улардан тўрттасини маҳалла  кутубхонасига армуғон қилди.

Камина  маҳалла кутубхонасига аввал ўз ижодимдан “Ҳарорат”, “Юрт қўшиқлари”, “Онагинам” “Қисаси Рабғўзий” каби асарларимни совға қилган эдим. Бу сафар мумтоз адабиётнинг гўзал намунаси  Саъдийнинг “Гулистон” асарини  армуғон қилдим.

Маҳалла аҳли билан учрашув ҳамишагидек қизиқарли ва шеърий оҳанглар ила  дилхуш ўтди.

Раъно Зарипова, 

“Соғлом она ва бола” маркази раҳбари,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.