Бугунги кунда бизнинг жамиятимиз томонидан ҳам тождор вируснинг олдини олиш бўйича Президентимизнинг фармон ва топшириқлари ҳамда ҳукуматимиз раҳбарияти томонидан чиқарилган қарор ва топшириқларга асосан чора тадбирлар ишлаб чиқилган бўлиб, унинг ижроси бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда.
Ўзбекистон ногиронлар жамияти Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан ҳамкорликда, шунингдек ЎзННТМА эълон қилган “Мен карантин қоидаларига тўлиқ риоя қиламан. Сиз-чи?” деб номланган акция доирасида “Биз биргамиз” шиори остида ушбу март ойида олиб борилаётган хайрия акциясида ҳар битта ҳудудлардаги муҳтож ногиронлиги бўлган инсонларга ногиронлар аравачаси қўлтиқ таёқ, ҳасса, қулоқи ожизлар учун махсус ускуна, кўзи ожизлар учун махсус соат ва реабилитация техник воситалари ЎзНЖнинг ҳудудий бўлим ва бўлинмалари томонидан беминнат берилиб келинмоқда. Шунингдек, айни кунда жамиятимиз кўнгиллилари томонидан тиббий ниқоблар тарқатилмоқда.
Бизнинг давлатимизда тождор вирусга қарши эҳтиёт чоралари яхши йўлга қўйилганлигидан мамнунмиз.
Ваҳимага тушмасдан Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Санитария эпидемиология назорати бош бошқармаси томонидан берилган тавсияларга амал қиладиган бўлсак ушбу вирус иллати биздан қочади, деб ўйлайман.
Ўзингиз ва оилангизни вирусдан асраш учун асосий амаллар:
1. Қўлни совунлаб, 20 сония давомида ювинг.
2. Юз ва кўзингизга тегманг. Ифлос қўллар билан юз ва кўзларга тегиш орқали вирусни юқтириш мумкин экан.
3.Иложи борича кўчага чиқманг. Бурчингиз туфайли кўчага чиқадиган бўлсангиз саломлашиш одабига риоя қилинг. Қўлингиз кўксингизда бўлсин ва масофа сақланг, ниқоб тақинг.
Тождор вируснинг олдини олиш учун ҳукуматимиз томонидан барча чора- тадбирлар амалга оширилди, уларни қўллаб қувватланг. Ўзингизни ва оилангизни асранг. Бу билан нафақат мамлакатимиз, бутун дунё кишиларининг саломатлигини асраган бўласиз, касалликнинг олдини олишга муносиб ҳисса қўшган бўласиз.
Ўзбекистон ногиронлар жамияти раиси К. АБДУЛЛАЕВ