Жорий йилнинг 24 май куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссиясининг йиғилиши бўлиб ўтди.
Парламент комиссияси томонидан давлат дастурларини бажаришда ННТ ва фуқаролик жамияти бошқа институтларини фаол иштирокини қўллаб-қувватлашга йўналтирилган чора-тадбирлар изчиллик билан ҳамкорликда амалга ошилаётганлиги таъкидланди. Шунингдек, Парламент комиссиясининг аъзолари жорий йилнинг 5 апрелидан 15 апрелига қадар республикамиз ҳудудларида Халқ депутатлари маҳаллий кенгаши ҳузуридаги Ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссиялари билан хамкорликда ўтказилган тадбирлар юзасидан иштирокчиларга маълумот бериб ўтилди.
Шунингдек, йиғилиш давомида ННТ, ОАВ ва фуқаролик жамияти бошқа институтлари, Ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссиялари аъзолари билан мулоқотни кучайтириш истиқболлари муҳокама этилди ҳамда Парламент комиссияси аъзоларининг жойларга чиқиш бўйича вазифалари белгилаб олинди.
Тадбир давомида “Тараққиёт стратегияси” маркази, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти ва Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари Миллий ассоциацияси томонидан 2018 йил давомида амалга оширилган ишлари юзасидан ҳисоботлари тингланди.
Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти директори Р.Камилов Институт Давлат дастурининг 6та тегишли бандлари, 27та қонун ҳужжатлари лойиҳасини тайёрлашда қатнашганлигини таъкидлаб ўтди. “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” ва коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат дастурлари ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг жойлардаги ижросини таъминланиши бўйича мониторинг ишлари олиб борилганлиги айтиб ўтилди. Институт Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича Маслаҳат кенгаши фаолиятини ташкилий жиҳатдан таъминлаш ва “Фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун” кўкрак нишони билан тақдирланган 77 нафар фуқаролик жамияти институтлари вакилларига кўкрак нишонини тантанали топшириш маросимини юқори савияда ташкил этганлиги таъкидланди.
Институтнинг мақсад ва вазифаларидан келиб чиққан ҳолда, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлиги ва маданиятини юксалтириш, қабул қилинаётган қонунларнинг мазмуни ва моҳиятидан фуқаролар хабардорлигини ошириш бўйича 170дан зиёд тадбирлар ўтказилган бўлиб уларда ўн тўрт мингдан ортиқ нафар фуқароларнинг иштироки таъминланган. Шунингдек, Институт ходимлари томонидан 110та ахборот-таҳлилий материаллар тайёрланган, 3та қўлланма нашр этилган. ОАВда икки юздан зиёд мақоллар чоп этилган.
Йиғилиш давомида “Тараққиёт стратегияси” маркази, ФЖШМҚМИ ва ЎзННТМАга ҳудудий бўлинмалар фаолиятини кучайтириш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ўтказилаётган тадбирлар самарадорлигини ошириш ҳамда аниқ манзилли ва мақсадлилигини таъминлаш юзасидан таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Хаётхон Кучкарова