Уйда ўтириб қолган аёлларга ёрдам

0
60
марта кўрилган.

Якксарой туман ҳокимияти нодавлат нотижирот ташкилотлари билан ҳамкорликда Юнус Ражабий номидаги маҳалласида яшовчи “Аёллар дафтарига” киритилган ишсиз хотин қизлар ва тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчи бўлган аёллар билан учрашув ташкил қилди.

Маҳалланинг Оила, хотин қизлар ва ижтимоий – маънавий ишлар бўйича раис ўринбосари Муаззам Ҳасанова ўз сўзида тадбир иштирокчиларини марказ фаолияти билан таништириб, “Mehr Ko`zda” марказининг 2020-2021 йилларда “Ўзбекистонда аёлларнинг хуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш ва ҳимоя килиш мақсадида фуқаролик жамиятини кучайтириш” лойиҳаси бўйича амалий ишларни давом эттираётганлиги хусусида гапирди. Ушбу лойиҳа доирасида Тошкент шаҳрининг Бектемир, Юнусобод, Яккасарой ва Яшнаобод туманларидаги 40 та маҳаллаларда ишсиз, турмуш шароити оғир хотин-қизларга, ёшлар ва фуқароларга ҳуқуқий, психологик, тиббий, ижтимоий ва бизнес маслаҳатлар марказ мутахассислари томонидан бепул амалга оширилаётганлиги тўғрисида маълумот берди.

Мазкур лойиҳа Евроиттифоқ ташкилоти томонидан молиялаштирилганлиги, Франциянинг Ўзбекистондаги АКТЕД Агентлиги билан ҳамкорликда фаолият олиб борилаётганлигини алоҳида таъкидлади.
– Ушбу йиғилишни ўтказишимиздан мақсад – деди Г.Ҳабибулина, – Ўзбекистон Республикаси Президентининг хотин қизлар тадбиркорлигини ривожлантиришга йўналтирилган ва уларга берилаётган имтиёзлар бўйича фармон ва қарорларининг мазмун – моҳиятини маҳаллада истиқомат қилувчи аёлларга етказишдан иборат. Шу билан бир қаторда йиғилишда иштирок этаётган хотин-қизларимизга “Mehr Ko`zda” марказининг мутахассислари юрист, психолог, врач, бизнес консультант, ижтимоий ходим томонидан бепул хуқуқий, психологик, тиббий, ижтимоий ва бизнес маслаҳатлар билан кўмак бериш назарда тутилган.

Йиғилиш давомида тадбиркорликни бошлаш мақсадида бўлганларга имтиёзли кредит олиш учун бизнес режа тузиш, маркетинг изланишларни ўтказиш бўйича ва банк томонидан ажратиладиган кредит маблағларини мақсадли ишлатиш каби мавзуларда маслаҳатлар берилди.

Шунингдек, Яккасарой тумани Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази мутахассиси ўрта ёки ўрта махсус маълумоти бор бўлган,аммо мутахассисликка эга бўлмаган ишсиз хотин-қизлар учун ташкил этилган бепул қисқа муддатли касб- ҳунарга йўналтирилган курслар ҳақида маълумот берди. Мазкур курсларда ўқийдиган аёлларга бериладиган стипендия бўйича тушунтирди. Курсларни муваффақиятли тугатганларга бўш иш ўринларига ишга жойлаштириш масаласида ҳам ёрдам берилиши хусусида гапирди.

Иштирокчилар муаммолари бўйича гуруҳларга бўлинишди ва уларга яна алоҳида маслаҳатлар берилди. Жумладан, оиласи билан ажралиш арафасида турган аёл билан якка суҳбат ўтказилди. Тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчи бўлган уч нафар хотин-қизлар кредит олиш масаласида мурожаат этиш учун банк ходимига, икки нафари аёл ишга жойлашиш масаласида туман Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази ходимига бириктирилди.

Ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган 1 нафар ва ногирон фарзанди бор бўлган 2 нафар аёлларга “Mehr Ko`zda” маркази мутахассислари томонидан психологик, юридик ва ижтимоий маслаҳатлар берилди.

Зилола Ҳасанбоева, Юнус Ражабий номидаги маҳалла мутахассиси

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.