18 май – Халқаро музейлар куни

0
128
марта кўрилган.

Музейлар ҳар бир мамлакатнинг кўзгуси ҳисобланади. Мозийни ўрганишда, халқимизнинг тарихига оид моддий ва маънавий ёдгорликлар, ашёвий далиллар, экспонатлар билан танишишда музейлар алоҳида аҳамиятга эга. Хорижий сайёҳлар ҳам музейларга ташрифи орқали шу юрт тарихи, халқнинг турмуш тарзи,  урф-одат ва анъаналари билан яқиндан танишади.

 Бугунги кунда Ўзбекистонда 100 дан ортиқ музей фаолият юритади. Улар орасида очиқ осмон остидаги Хива музейлари, Бухоро, Самарқанд музейлари, Ўзбекистон тарихи давлат музейи, Темурийлар тарихи давлат музейи, Игорь Савицский номидаги Қорақалпоғистон давлат санъат музейи, Ўзбекистон амалий санъат ва ҳунармандчилик тарихи давлат музейи, Табиат музейи, Тиббиёт музейи энг машҳурлари ҳисобланади.

Шу билан бирга музейлар турли хил тадбирлар ташкил этиб, улуғвор маънавий-маърифий озуқа  ҳам улашишади. Масалан, пойтахтимизнинг Яккасарой туманида жойлашган Ўзбекистон амалий санъат ва ҳунармандчилик тарихи давлат музейи 17 май куни жаз мусиқаси концертини уюштириб барчани хушнуд қилди. Концерт музейнинг кенг ҳовлисида “Очиқ эшиклар куни” шаклида ўтказилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 26 майдаги «Маданият ва санъат соҳасининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-6000-сонли Фармонининг 14-бандига мувофиқ “Музейларда ҳар ойнинг биринчи якшанбасини “очиқ эшиклар куни” деб эълон қилиш, шунингдек, фуқаролар музей ашёлари ва музей коллекцияларини кириб кўриш учун давлат музейларига бепул кириш” вазифалари белгиланган. Ўзбекистон амалий санъат ва ҳунармандчилик тарихи давлат музейи байрамни инобатга олиб, душанба куни ҳам очиқ эшиклар куни ўтказди. Музей бўйлаб саёҳат қилиш ҳамда маъданий ҳордиқ чиқариш имкониятини яратди.

 Шу билан бирга ҳафтанинг ҳар сешанба ва жума  кунлари болаларга давлат музейларига бепул кириши белгиланган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 19 февралдаги ПҚ-2133-сон қарори билан тасдиқланган «Соғлом бола йили» Давлат дастури 9-бандининг ижросини таъминлаш, ўсиб келаётган ёш авлодни она Ватанга муҳаббат, ҳурмат руҳида тарбиялаш, улар онгига халқимизнинг бой миллий маданий мероси ва тарихий ўтмишини ҳурмат қилиш ва эъзозлашни сингдириш ҳамда аҳоли дам олишини мазмунли ташкил этиш мақсадида ҳафтанинг ҳар сешанба ва жума кунлари болалар республика давлат музейларига бепул кириши мумкин.           Азиз юртдошлар, ота-оналар фарзандларингиз билан бирга музейларга ташрифингиз келгусида ўзингизга эзгулик бағишлайди.

GUJUM.UZ

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.