2019-2021 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасини инновацион ривожлантириш стратегиясининг амалга оширилиши натижасида иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада, шу жумладан, қишлоқ хўжалиги, энергетика, қурилиш, таълим, соғлиқни сақлашда инновацион ва технологик ривожланишни таъминлаш ва рағбатлантириш борасида катта ютуқларга эришилди. Хусусан:
республикамиз 81 та индикатор бўйича баҳоланадиган Глобал инновацион индекси рейтингида 2015 йилга нисбатан 36 та поғонага кўтарилди;
инновация ва илм-фан соҳаларига Давлат бюджетидан ажратиладиган йиллик маблағлар ҳажми 2018 йилга нисбатан 3 бараварга оширилди ва 1,5 триллион сўмга етказилди;
ёш олимлар 2018 йилда 6,5 минг нафар бўлган бўлса, 2022 йилда уларнинг сони 10,8 минг нафарни ташкил этди, яъни бир ярим бараварга ўсди;
охирги 4 йилда инновацион фаолиятни молиялаштириш бўйича махсус институтлар (инновацион жамғармалар, венчур ташкилотлар ва бошқалар) сони 28 тага етказилди;
2018 йилдан бошлаб ҳар йили ўтказилаётган Халқаро инновацион ғоялар ҳафталиги – “Innoweek.uz” хорижий инновацион ва илмий марказлар, инвестицион фондлар, технологик агентликлар, технопарклар ва бизнес-инкубаторларни бир мақсад йўлида жамловчи инновацион технологиялар платформасига айланмоқда.
Шу билан бирга, иқтисодиётнинг реал секторида илмий ва инновацион ишланмаларни тижоратлаштириш даражаси, илм-фан, таълим ва саноат ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари нисбатан паст бўлиб қолмоқда.
Республикада инновацион ривожланишни жадаллаштириш, иқтисодиётнинг барча тармоқларида инновациялар ва технологияларни кенг татбиқ қилиш, инсон капиталини, илм-фан ва инновация соҳаларини ривожлантириш мақсадида:
1. 2022-2026 йилларда Ўзбекистон Республикасининг инновацион ривожланиш стратегияси (кейинги ўринларда – Стратегия) 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Стратегиянинг асосий йўналишлари этиб қуйидагилар белгилансин:
инновацион инфратузилма субъектлари (инновацион технологик парк, технологиялар трансфери маркази, инновацион кластер, венчур ташкилоти, инновация маркази, стартап акселератор, инкубатор) тармоғини шакллантириш орқали стартап ташаббусларни қўллаб-кувватлаш ҳамда йирик ҳажмли ишлаб чиқаришни (капитал яратиш) ташкил этиш;
инновацион фаолиятни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг институционал механизмларини такомиллаштириш орқали инновацион фаол ташкилотлар улушини ошириш;
кичик тадбиркорликнинг инновацион фаоллигини ошириш орқали ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий жадал ўсишини таъминлаш;
янги турдаги маҳсулотлар ва инновацион технологиялар яратишнинг ғоядан якуний истеъмолчигача бўлган комплекс тизимини таъминлаш орқали инновацияларга бўлган талабни рағбатлантириш;
яратилган капитални “тубдан янгиловчи” инновацияларга қайта йўналтириш тизимини шакллантириш;
таълимнинг барча босқичларида яратувчанлик, инновацион тадбиркорлик ва рационализаторлик кўникмаларини ривожлантириш орқали инновацион фаолият бошқарувидa инсон капиталини янада ривожлантириш.
Белгилансинки, Стратегия эришилган натижалар ва мақсадли кўрсаткичлар бўйича тегишли асосий йўналишлардан келиб чиққан ҳолда, 2024 йилдан бошлаб алоҳида-алоҳида тасдиқланадиган “Йўл харитаси” асосида босқичма-босқич амалга оширилади.
3. Қуйидагилар:
2022-2026 йилларда Ўзбекистон Республикасининг инновацион ривожланиш стратегиясини амалга оширишнинг мақсадли кўрсаткичлари (кейинги ўринларда – Мақсадли кўрсаткичлар) 2-иловага мувофиқ;
2022-2026 йилларда Ўзбекистон Республикасининг инновацион ривожланиш стратегиясини амалга оширишнинг ҳудудлар кесимидаги мақсадли кўрсаткичлари 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Белгилансинки:
а) Мақсадли кўрсаткичлар, шу жумладан, қуйидагиларни назарда тутади:
инновацион фаолият субъектлари (саноат ишлаб чиқариш ташкилотлари) сонини 613 тадан 2 250 тагача етказиш;
инновацион инфратузилма субъектлари (технопарклар, технологиялар трансфери марказлари, инновацион кластерлар, венчур ташкилотлар, инновация марказлари, бизнес-инкубаторлар ва акселераторлар) сонини 3 бараварга ошириш;
инновацион тадбиркорлик натижасида яратиладиган янги иш ўринлари сонини 4 бараварга ошириш;
ички ва ташқи бозорларда тижоратлаштириш натижасида яратиладиган янги инновацион ишланмалар сонини 2 бараварга ошириш;
б) Стратегияни ҳудудлар кесимида амалга оширишнинг мақсадли кўрсаткичлари, шу жумладан, қуйидагиларни назарда тутади:
ҳудуддаги инновацион марказлар сонини 494 тагача етказиш;
технологик инновациялар билан шуғулланувчи маҳаллий саноат корхоналари сонини 600 тагача етказиш;
ҳудудларда яратиладиган янги технологиялар сонини 384 тагача ошириш;
ҳудудларда йиллик рўйхатга олинган патентлар сонини 184 тагача етказиш;
хорижий ташкилотлар билан ҳамкорликда амалга оширилаётган илмий, инновацион ва технологик лойиҳалар сонини 183 тагача ошириш;
инновацион стартаплар сонини 1 437 тагача етказиш.
5. 2022 йил 1 августдан бошлаб инновацион маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ташкил этишда “тармоқ-ҳудуд-илмий/олий таълим ташкилот” занжирининг қуйидагиларга асосланган яхлит тизими жорий этилсин:
ҳудудий тармоқ ташкилотлари инновацияларга бўлган эҳтиёж(лар) портфелини ишлаб чиқиб, Инновацион ривожланиш вазирлигининг ҳудудий бошқармаларига тақдим этади;
Инновацион ривожланиш вазирлигининг ҳудудий бошқармалари тармоқ муаммоларининг илмий ечимини таъминлаш бўйича ижрочи илмий/олий таълим ташкилотини (инновацион спин-офф компаниясини) танлов асосида аниқлайди;
танлов натижаларига кўра илмий/олий таълим ташкилоти (инновацион спин-офф компания) “1+1” принципи асосида тармоқ ташкилотлари билан бирга ишлаб чиқилган лойиҳаларни молиялаштиради;
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан ишлаб чиқарилиши бозорда муваффақиятли ўзлаштирилган инновацион маҳсулотларни кенгайтириш ва келгусида сериялаб саноатда ишлаб чиқаришни ташкил этиш мақсадида инвестиция портфели ишлаб чиқилади.
Инновацион ривожланиш вазирлиги (И.Абдурахмонов) бир ой муддатда мазкур бандда назарда тутилган “тармоқ-ҳудуд-илмий/олий таълим ташкилот” занжирини амалиётга тўлиқ ва сифатли татбиқ қилиш бўйича тартибни ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.
6. Белгилансинки:
а) 2022 йил 1 августдан “тубдан янгиловчи” инновациялар яратишни рағбатлантиришнинг қуйидаги тизими жорий этилади:
маҳаллий илмий ташкилотлар ва корхоналарга инновацион товарлар ва дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқиш, жорий этиш ва техник қўллаб-қувватлаш бўйича давлат органлари ва йирик давлат ташкилотлари билан шартномаларни тўғридан-тўғри имзолаш ҳуқуқи берилиб, савдо харидлари Электрон кооперация портали орқали амалга оширилади;
устав фондида 50 ва ундан ортиқ фоиз давлат улуши бўлган хўжалик жамиятларида фойда солиғини тўлагунга қадар фойданинг 10 фоизгача миқдоридаги ажратмалари ҳисобидан корхоналарнинг алоҳида ҳисоб рақамида шакллантириладиган Инновацион фаолиятни қўллаб-қувватлаш жамғарма (кейинги ўринда – Жамғарма)лари ташкил этилади. Бунда:
Жамғарма юридик шахс ҳисобланмайди ва унинг маблағлари “тубдан янгиловчи” инновацияларни яратишга ва жорий қилишга йўналтирилади;
Жамғарма маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган лойиҳалар портфели Инновацион ривожланиш вазирлиги билан келишилади;
Бош вазир ўринбосари С.Умурзаков устав фондида 50 ва ундан ортиқ фоиз давлат улуши бўлган хўжалик жамиятлари томонидан мазкур банднинг тўртинчи хатбошисида назарда тутилган маблағларни Жамғармаларга ўз вақтида ажратиш ва ундан мақсадли фойдаланиш устидан тизимли назоратни амалга оширади, шунингдек, ҳар ярим йилда улар раҳбарларининг ҳисоботини эшитади.
Молия вазирлиги Ҳисоб палатаси ҳамда Давлат активларини бошқариш агентлиги билан биргаликда устав фондида 50 ва ундан ортиқ фоиз давлат улуши бўлган хўжалик жамиятларида жамғарма ташкил этилиши, унинг маблағлари тасдиқланган миқдорда шакллантирилиши ҳамда мақсадли сарфланиши устидан назорат ўрнатсин;
б) ишлаб чиқариш корхоналари ва тадбиркорлик субъектлари билан ҳамкорликда улушли молиялаштириш механизмига мувофиқ янги ишланмаларни жорий этиш асосида яратилган инновацияларни – интеллектуал мулкни ишланма эгалари билан биргаликда патентлаш ва тижоратлаштиришни ташкил этиш амалиёти йўлга қўйилади.
7. Қуйидагилар:
2026 йилга келиб мамлакатимиз Глобал инновацион индекс рейтинги бўйича жаҳоннинг 56 та илғор мамлакати қаторига киришига эришишни бош мақсад қилиб қўйганлиги;
2021 йилда Глобал инновацион индекс рейтинги эълон қилинганлиги, унда Ўзбекистон ўтган йилга нисбатан 7 та поғонага кўтарилиб, 132 та давлат орасида 86-ўринни эгаллаганлиги, шу сабабли энг катта поғона юқорилаган мамлакатлар топ-10 талигига кирганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
Халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш бўйича республика кенгаши (Т.Нарбаева) Инновацион ривожланиш вазирлиги, манфаатдор вазирлик, идора ва ташкилотлар билан биргаликда бир ой муддатда Глобал инновацион индекс рейтингида Ўзбекистон Республикасининг ўрнини яхшилаш бўйича 2022-2026 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқсин ва амалга оширсин.
8. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Инновацион ривожланиш вазирлиги билан биргаликда етакчи хорижий университетлар билан ҳамкорликда “Инновацион менежмент”, “Лойиҳа бошқаруви”, “Тижоратлаштириш”, “Интеллектуал мулкни бошқариш” йўналишлари бўйича ўқув дастурларини ишлаб чиқсин ва 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб тегишли олий таълим муассасаларида жорий қилсин.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Инновацион ривожланиш вазирлиги билан биргаликда меҳнат бозорида инновацион ривожланиш йўналишидаги кадрларга бўлган реал эҳтиёждан келиб чиқиб тайёрланган кадрлар тақсимотини ва бандлигини таъминлаш чораларини кўрсин.
9. Наманган вилояти Чуст тумани ҳокимининг инновацияларни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари лавозими жорий этилганлиги ҳамда унинг фаолияти давомида ижобий кўрсаткичларга эришилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг ўз туман (шаҳар)ларининг иқтисодий салоҳиятидан келиб чиқиб, инновацион ҳудудга айлантириш мақсадида ҳар бир ҳудудда қўшимча туман (шаҳар)ларни белгилаш ҳақидаги таклифига розилик берилсин ҳамда ушбу ҳудудлар рўйхати 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Нукус, Марҳамат, Ромитан, Дўстлик, Нишон, Кармана, Ургут, Сирдарё, Олтинсой, Оҳангарон, Олтиариқ ва Гурлан ҳамда мазкур фармоннинг 4-иловада келтирилган туманларда ҳокимнинг инновацион ривожланиш масалалари бўйича ўринбосари лавозимлари жорий қилинсин.
Белгилансинки:
ҳоким ўринбосарлари лавозимлари тегишли туман бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади;
Инновацион ривожланиш вазирлигининг ҳудудий бошқармалари ҳамда тегишли туман ҳокимларининг инновацион ривожланиш масалалари бўйича ўринбосарлари ҳамкорлигини ташкиллаштиради.
Бош вазир ўринбосари С.Умурзаков Инновацион ривожланиш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари билан биргаликда бир ой муддатда инновацион ривожланиш масалалари бўйича ҳокимларнинг ўринбосарлари лавозимлари киритилган туманларни инновацион ҳудудларга айлантириш бўйича дастурларни ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.
10. Белгилансинки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 15 апрелдаги ПФ-6198-сон фармони билан инновацияларни жорий этиш вазифаси юклатилган раҳбар ўринбосарларининг базавий лавозим маошига ҳар ойлик 30 фоиз миқдоридаги устамалар тегишли вазирлик, идора ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органининг бюджетдан ташқари ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан (бюджетдан ташқари ривожлантириш жамғармаси мавжуд бўлмаган тақдирда Давлат бюджетидан ажратилган маблағлар доирасида), хўжалик бирлашмалари, устав фондида давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган йирик ташкилотларнинг ўз маблағлари ҳисобидан тўланади.
11. Инновацион ривожланиш вазирлигига қуйидаги қўшимча вазифалар юклатилсин:
иқтисодиёт тармоқлари, ҳудудлар, илмий ва олий таълим ташкилотларининг инновацион фаолияти натижалари йиллик рейтингини юритиш;
илмий ва олий таълим ташкилотларининг илмий фаолияти бўйича баҳолаш ҳамда янги илмий ишланма ва технологиялар яратиш лойиҳаларини молиялаштиришнинг янги тизимларини ишлаб чиқиш;
Электрон кооперация портали орқали амалга ошириладиган инновацион маҳсулот ва хизматларни тўғридан-тўғри харид қилишга оид шартномаларнинг реестрини юритиш;
инвестицион лойиҳаларда инновацияларни жорий қилиш, ҳудудларда ўзлаштириладиган инвестиция лойиҳаларини технологик ечимлар билан тўлдириш, шу йўналишларга инвестиция олиб келинишида кўмаклашиш.
12. Ушбу фармон ижросини самарали ташкил қилиш, ижро учун масъул ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Бош вазир ўринбосари С.У.Умурзаков ҳамда инновацион ривожланиш вазири И.Ю.Абдурахмонов зиммасига юклансин.
Амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижадорлиги юзасидан 2023 йил 1 январга қадар Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ахборот берилсин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ