Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси сиёсий кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди.
Унда партия томонидан Бош вазир лавозимига номзод сифатида кўрсатилган, амалдаги Ҳукумат раҳбари А.Арипов мажлис иштирокчилари эътиборига Ҳукуматнинг яқин муддат ва узоқ истиқболга мўлжалланган Ҳаракатлар дастурини тақдим этди.
– Иқтисодиётнинг базавий тармоқларидан бири ҳисобланган ёқилғи-энергетика соҳасини ривожлантириш янги босқичга олиб чиқилади. Бунда, 2030 йилгача электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмини қарийб 2 баробарга, нефть маҳсулотлари ҳажмини 1,8 баробарга, табиий газ қазиб чиқаришни 1,2 баробарга, кўмир қазиб олишни эса 3,3 баробарга ошириш таъминланади.
Лекин, 2025 йилга бориб, табиий газни экспорт қилишни тўхтатиш ва табиий газни қайта ишлаб, қўшимча қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш чоралари кўрилади. Электр энергия ишлаб чиқаришда эса муқобил энергия манбаларидан кенг фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилади.
Бундан ташқари, энергия сарфини камайтириш мақсадида жорий йил охиригача барча истеъмолчиларга электр энергияси ва табиий газни ҳисобга олиш бўйича электрон ҳисоблагичлар тўлиқ ўрнатилади ва шу орқали истеъмолчиларга нореал ҳисобланаётган қўшимча тўловлар билан боғлиқ муаммолар бартараф этилиши таъминланади, – деди Бош вазир.