Мамлакатимиз Президенти ташаббуси билан маҳалла институтининг жамиятимиз ижтимоий-маънавий ҳаётида тутган ўрнини ҳисобга олиб, соҳа ходимларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Наврўз айёмининг иккинчи куни, 22 март – Маҳалла тизими ходимлари куни деб эълон қилинди.
Дархақиқат, маҳалла наврўз байрами каби қадимий қадриятимиз! “Бир болага етти қўшни ота-она”, “Маҳалла ватан ичра ватандир” каби халқимиз ҳикматлари бежиз эмас. Маҳалла ҳаётимизнинг, турмушимизнинг ажралмас бир бўлагидир.
Республика Маҳалла ва оила вазирлиги маълумотларига кўра, бугунги кунда 2022 йил 16 март ҳолати бўйича мамлакатимизда 9 минг 349 та фуқаролар йиғинлари мавжуд.
2022 йил март ойида aҳолиси кўп бўлган фуқаролар йиғинларини бўлиш натижасида 11 та янги маҳалла фуқаролар йиғинлари ташкил этилиб, Наманган ва Тошкент вилоятларида 2 тага кўпайди. Фарғона вилоятида эса 7 та ортди.
Мамлакатимиздаги 9 минг 349 та фуқаролар йиғинларининг 41 таси шаҳарча фуқаролар йиғини, 73 таси қишлоқ фуқаролар йиғини, 165 таси овул фуқаролар йиғини, 9 070 таси маҳалла фуқаролар йиғинларидир.
Шунингдек, 4 та жамоатчилик асосида фаолият кўрсатаётган маҳаллалар ҳамда 580 та юртимизнинг қўшни мамлакатлар билан чегара ва анклав ҳудудлардаги фуқаролар йиғинлари мавжуд.
Минг йиллар давомида маънавий ҳаётимизнинг, халқимизнинг кўрки, зийнати бўлиб келаётган ушбу маҳалла тизими ходимларини маъсулиятли, шарафли шу билан бирга мураккаб ва муҳим вазифани бажаришларида зафарлар тилаб, касб байрами билан муборакбод этамиз.
Р. САПАЕВА