Мамлакат келажаги учун муҳим сиёсий воқеа – Президент сайлови жараёнларида нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳам муносиб қатнашиб, ўқув-малака ошириш ва тарғибот-ташвиқот ишларида фаол бўлдилар.
Жумладан, “Демократия ва инсон ҳуқуқлари” нодавлат нотижорат ташкилотининг “Сайловлар жараёнида электорат ва фуқаролик жамияти институтлари ҳуқуқий маданияти ва даражасини ошириш” номли лойиҳаси Парламент комиссияси томонидан қўллаб қувватланди.
Мазкур ташкилот томонидан Ўзбекистон Республикаси нодавлат нотижорат ташкилотлари Миллий ассоцияси билан ҳамкорликда фаолият юритиб, Тошкент, Хоразм, Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятларидаги айрим сайлов участкалари танлаб олиниб, ушбу сиёсий масканлардаги сайловларга тайёргарлик ҳолати жамоатчилик мониторинги доирасида кузатилди. Аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан керакли тавсиялар берилди.
Жорий йилнинг 23 октябрь куни Ёшлар ижод саройидаги медиа холлда Жамоатчилик мониторингига бағишланган брифинг бўлиб ўтди.
Унда Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти нодавлат нотижорат ташкилоти раҳбари Сайёра Ходжаева маъруза қилди ва лойиҳа доирасида амалга оширилган фаолият юзасидан маълумот берди. Лойиҳа доирасида аҳолига Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловининг конституциявий ва ҳуқуқий асослари ҳақида маълумотлар берилганлиги, сайлаш ва сайланиш фуқароларнинг энг асосий сиёсий ҳуқуқларидан бири эканлиги, Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида бу борадаги тенглик ва эркинлик кафолатланганлиги тарғиб қилинганлигини таъкидлади.
Шунингдек, лойиҳа доирасида қонунчилик ҳужжатларига, хусусан, “Сайлов қонунчилигини такомиллаштириш муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгариш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар кенг аҳолига тушунтирилганлигини гапирди.
Ушбу ташкилотнинг яна бир эътиборга молик ишларидан бири- Сайлов жараёнида кузатувчилар институти ва унинг ҳуқуқий асослари, ҳамда кузатувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари борасида аҳоли хабардорлигини ошириш мақсадида оммабоп тилда “Сайлов жараёнида кузатувчилар учун қўлланма” ишлаб чиқилди ва чоп этиб тарқатилди.
– “Демократия ва инсон ҳуқуқлари” нодавлат нотижорат ташкилоти томонидан яратилган телеграмм бот орқали аҳоли билан кенг мулоқот йўлга қўйилди. Унга келиб тушган саволларга аниқ ва асослантирилган тушунтиришлар берилди. Айни вақтда институт томонидан мамлакатимиздадаги сиёсий жараён – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови жараёни юзасидан аҳолининг фикрини аниқлаш мақсадида жамоатчилик мониторингги олиб борилмоқда. Мониторинг социологик(аноним равишда) сўровномалар ўтказиш йўли билан Тошкент шаҳар ва вилоятларда олиб борилмоқда ва олинган натижалар босқичма босқич умумлаштириб борилмоқда, –деди ташкилот раҳбари.
Шунингдек, тадбирда Ўзбекистон Республикаси нодавлат нотижорат ташкилотлари Миллий ассоцияси вакиллари ҳам қатнашди, ЎзРННТМАси бўлим бошлиғи Худойбергенов Икром сўзга чиқиб, сайловлар жараёнида амалга оширилаётган фаолият юзасидан маълумот берди.
Брифинг қизғин ўтди. Унда хорижий кузатувчилар ҳам иштирок этишди ва ўз мулоҳазаларини билдиришди.
Сайловчиларнинг ҳуқуқий саволларига ҳам муносиб жавоблар берилди.
Gujum.uz