Cенат томонидан «Давлат фуқаролик хизмати» ва «Давлат эҳтиёжлари учун ер участкаларини компенсация тўлаш шарти билан олиб қўйиш тартиби тўғрисида»ги қонунлари маъқулланди

0
220
марта кўрилган.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирма олтинчи ялпи мажлисида  сенаторлар халқ манфаатларига хизмат қилувчи бир қатор қонунларни кўриб чиқдилар. Жумладан, «Давлат фуқаролик хизмати» ва «Давлат эҳтиёжлари учун ер участкаларини компенсация тўлаш шарти билан олиб қўйиш тартиби тўғрисида»ги қонунларни маъқуллади.

«Давлат фуқаролик хизмати» қонуни билан давлат хизматчиларининг фаолияти энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари(КPI) асосида баҳоланиши қатъий белгиланмоқда.

Коррупцияга оид жиноятларни содир этган шахслар давлат фуқаролик хизматига қабул қилинмайди.
Эндиликда давлат хизматчиси ўзаро яқин қариндошликда ёки қуда томондан қариндош бўлган шахсларнинг айнан битта давлат органи ва ташкилотида бирга хизмат қилиши мумкин эмас.

Давлат хизматчисининг тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишига йўл қўйилмайди. Бундан ташқари, коррупция хавфи юқори бўлган лавозимларни эгаллаб тypган давлат фуқаролик хизматчилари мажбурий ротация қилинади.

Шу ўринда яна бир муҳим жиҳат — давлат хизматчиси даромадлари ҳамда мол-мулки тўғрисида декларация тақдим этиши шарт.

Бундан ташқари, давлат хизматчилари Ўзбекистон ҳудудидан ташқарида ҳисобварақлар очишга ва уларга эга бўлишга, чет элда кўчмас мулкка ва бошқа мол-мулкка эгалик қилишга ҳақли эмас.

“Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонун халқимизни қийнаб келаётган давлат идоралари томонидан ўзбошимчалик билан ер участкаларини олиб қўйиш, бино ва иншоотларни бузиб ташлаш ҳолатларига чек қўяди. Асоссиз “снос”ларга барҳам берилади.

Бундан буён ер участкалари жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилишида мулк ҳуқуқининг устуворлиги, хусусий мулкнинг дахлсизлиги, очиқлик ва шаффофлик таъминланади.
Қонунга мувофиқ:
🔹ер участкаларини жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши муносабати билан зарарларни ўрнини қоплаш бўйича республика ва ҳудудий даражада жамғармалар ҳамда компенсация комиссиялари ташкил этилади;
🔹ер участкасини олиб қўйиш бўйича ташаббус маҳаллий Кенгашларнинг мажлисларида ОАВ ва жамоатчилик вакиллари иштирокида очиқ кўриб чиқилади, натижалари эълон қилинади;
🔹ер участкаларининг компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилишига асос бўладиган ҳолатларнинг аниқ рўйхати кўрсатилмоқда;
🔹ер участкаларининг ҳар қандай бошқа мақсадларда олиб қўйилишини жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш сифатида талқин этиш қатъиян таъқиқланади;
🔹бузилишга тушган ҳудудда жойлашган ерга бўлган ҳуқуқ мавжуд бўлмай туриб, 15 йил давомида кўчмас мулкка ҳалол, ошкора ва узлуксиз эгалик қилиб келган шахсларга ҳам ушбу кўчмас мулк объекти учун солиқлар тўлаб келингани тасдиқланган тақдирда, мазкур кўчмас мулк объекти қийматининг ўрни қопланади.
Яна бир муҳим жиҳат. Қонунни ишлаб чиқишда миллий анъана ва қадриятларга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Яъни битта маҳалла ёки кўчада яшовчи ҳуқуқ эгалари ва уларнинг оила аъзолари учун қулай шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, маданий қадриятларни сақлаб қолиш мақсадида ҳуқуқ эгаларининг хоҳишига кўра, уларга битта маҳалла ёки кўчада жойлашган янги уйлар берилиши белгиланмоқда.

@tanzilanarbaeva каналидан

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.