Ўзбекистон-Франция бизнес форумида Ўзбекистон Президенти етакчи тадбиркорлар билан учрашди

0
59
марта кўрилган.

Франция Республикаси Президенти Эммануэль Макроннинг расмий ташрифи доирасида Самарқанд шаҳрида ўтаётган Ўзбекистон-Франция бизнес форумида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев  кўплаб  етакчи тадбиркорлар билан учрашди.

Улардан бири – «Orano» компанияси раиси Клод Имовен билан суҳбатлашди. “Orano” – уран ва ядро ёқилғисини ишлаб чиқариш бўйича дунёнинг йирик компанияси, активлари қиймати 29 миллиард евродан ортиқни ташкил этади. Учрашувда геология-қидирув ишлари ва уран қазиб чиқариш борасидаги ҳамкорликни кенгайтириш бўйича ташаббуслар қўллаб-қувватланди.

Бизнес форуми доирасида “EDF” компанияси раиси ва бош директори Люк Ремон билан учрашув ўтказди. «EDF» дунёдаги атом электр станцияларини бошқариш бўйича энг йирик компания бўлиб, активлари қиймати 427 миллиард долларни ташкил этади. Электр энергиясини ишлаб чиқариш, узатиш ва тарқатиш билан шуғулланади. Суҳбатда Президентимиз компаниянинг Сирдарё ва Сурхондарёдаги буғ-газ электр станцияларини қуришда иштирок этаётганини қўллаб-қувватлади, лойиҳаларни амалга оширишни жадаллаштириш муҳимлигини таъкидлади.

Бизнес форуми доирасида яна “Semmaris” компанияси раиси Стефан Лаяни билан учрашди. Компания йиллик айланмаси 9 миллиард евро бўлган дунёдаги энг катта озиқ-овқат логистика марказининг эгасидир. Бутун жаҳон бўйлаб самарали улгуржи озиқ-овқат бозорларини қуриш ва бошқаришда илғор тажриба тўплаган. Давлатимиз раҳбари компаниянинг Самарқанд, Андижон ва Тошкент вилоятларида агрологистика мажмуаларини қуриш борасидаги режаларини қўллаб-қувватлади.

Форум доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Meridiame” компанияси раиси Тьерри До билан учрашди. Компания Европа, Шимолий Америка ва Африкада инфратузилма соҳасида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш билан шуғулланади. Ўн битта мамлакатда офисларига эга. Активлари – 18 миллиард евро. Учрашувда компаниянинг “Янги Тошкент”ни барпо этиш доирасида инфратузилмавий лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Форум доирасида “Lactalis” компанияси раиси Эммануэль Бенье билан ҳам учрашди. Компания дунёдаги сут ва пишлоқ маҳсулотларининг энг йирик ишлаб чиқарувчисидир. Унинг тасарруфида 52 та мамлакатдаги 270 та завод фаолият юритмоқда. Учрашув чоғида давлатимиз раҳбари компаниянинг Наманганда сут маҳсулотларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш борасидаги режаларини қўллаб-қувватлади.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон-Франция бизнес форуми доирасида “Boehringer Ingelheim” компанияси раиси Кристиан Вижсен билан учрашув ўтказди. Компания био- ва онкологик препаратларни шартнома асосида ишлаб чиқиш ва ишлаб чиқариш бўйича хизматлар кўрсатувчи компанияларнинг етакчи йигирматалигига киради. Учрашув чоғида биргаликда онкологик дори воситаларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш истиқболлари кўриб чиқилди.

Шавкат Мирзиёев Франция тараққиёт агентлиги раҳбари Реми Риу билан ҳам учрашув ўтказди. Франциянинг ушбу давлат молиявий муассасаси билан 1 миллиард евролик Стратегик ҳамкорлик дастури муваффақиятли амалга оширилаётгани мамнуният билан қайд этди. Президентимиз агентликнинг бюджетни қўллаб-қувватлаш ва ҳамкорлик доирасидаги лойиҳаларнинг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш бўйича битимлар имзолаш ташаббусини қўллаб-қувватлади.

Самарқанддаги олий даражадаги музокаралардан сўнг, Президент Шавкат Мирзиёев ва Франция Президенти Эммануэль Макрон мамлакатларимизни янада яқинлаштириш ва халқларимиз ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлашга қатъий интилиш белгиси сифатида Самарқанддаги Конгресс маркази боғида дарахт экдилар.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.