Камондан отиш бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Зиёдахон Абдусатторова Таиландда ўтган Париж-2024 лицензиясига эриштирувчи турнирда муваффақиятли иштирок этиб, юртимиз учун тарихда мазкур спорт турида биринчи Олимпиада йўлланмасини тақдим қилди. Бу натижа билан Олимпия ўйинларида Ўзбекистон делегацияси қатнашадиган спорт турлари яна биттага кўпаядиган бўлди.
Қуйида Таиланддан тарихий натижа билан қайтган спортчимизнинг мусобақа таассуротларини ўқинг.
– Олимпия ўйинларида иштирок этадиган мамлакатимизнинг биринчи камончи бўлиш завқи қандай экан?
– Олимпиадаларда камондан отиш спортида юртимиз шарафини биринчи бўлиб ҳимоя қилиш мен учун катта бахт. Бу ҳиссиётларимни сўз билан таърифлаб бера олмайман. Бу юртимиз спорти учун, Ўзбекистон камондан отиш федерацияси учун жуда муҳим ва қувончли воқелик бўлди. Ишонаманки, бундай йирик натижалар мамлакатимизда камондан отиш спорти янада ривожланишига оз бўлса ҳам ҳисса қўшади.
– Беллашувда энг муҳим ўқни узиш олдидан хаёлингиздан нималар кечди?
– Мен учун барча отилган ўқлар жуда муҳим. Таиландда ҳал қилувчи палладаги ўқ улардан бири. Ўқ узишдан олдин хаёлим фақат қоқ марказни нишонлаш ва қандай бўлмасин, 10 очколик айланани пойлаш эди. Буни уддалай олганимдан хурсандман.
– Келажакдаги қадамларингиз, режаларингиз, вазифаларингиз ҳақида билишни истардик.
– Инсон мақсад-у орзулар ила яшайди. Биз учун лицензияга эришиш даври якунлангани йўқ. Келаси йил жамоавий йўналишда ҳам Олимпиада йўлланмасини қўлга киритиш ва Париждан медаль билан қайтиш учун бор кучимизни ишга соламиз.
– Олимпиадани қандай тасаввур қиляпсиз?
– Париж-2024 Олимпиадасини кўтаринки руҳда ўтадиган, ёрқин хотираларга бой, дунёнинг энг зўр спортчилари беллашадиган кенг майдон деб биламан. Асосийси, Ўзбекистон делегацияси учун чиройли ғалабаларга бой мусобақа бўлади, дея умид қиламиз.
– Умидли дунёда муродингизга етинг, Яна элимизнинг юзи-кўзи бўлиш насиб айласин.