Бугун ўзбек миллий кураши бутун дунё бўйлаб ўз байрамини нишонламоқда. Бир неча йилдан буён ушбу сана норасмий байрам сифатида нишонлаб келинган бўлса, 2017 йилга келиб “6 сентябрь – кураш миллий спорт тури куни” сифатида расман тан олинди ва бу борада Президентимизнинг тегишли фармони имзоланди.
Миллий спортимиз бўлган кураш жаҳон узра ўз географиясини кенгайтириб бормоқда. Бугунги кунда дунёнинг 130 дан ортиқ мамлакатида Миллий федерациялар ташкил қилинган. Ўз навбатида, миллий спортимиз ҳам тобора йирик комплекс мусобақалар дастуридан муқим ўрин олмоқда. Жумладан, 2017 йил Туркманистонда ўтган Жанг санъати ва ёпиқ иншоотлардаги Осиё ўйинлари, 2018 йил Индонезияда ўтган Осиё ўйинларида мазкур спорт тури бўйича баҳслар ўтказилди. Бу йўлда барчамизнинг эзгу мақсадимиз, шубҳасиз, ўзбек миллий курашини Олимпия ўйинлари дастурига киритишдир.
Бугунги эпидемиологик даврда мазкур санани ўзига хос тарзда нишонлаш кўзда тутилган. Бу борада бугун Халқаро кураш федерацияси раҳбари Ҳайдар Фармон бошчилигида ZOOM платформаси орқали махсус байрам конференцияси ташкил қилиниши режалаштирилган.
Кураш халқимизнинг қадимий қадрияти, миллий фахри! Байрамларда, наврўз тантаналарида, тўйларда кураш ташкил этиш азал азалдан гўзал анъана бўлиб келган. Миллий курашимиз жаҳонга юз тутаётгани барчамизни қувонтиради. Ўзбек миллий кураши жаҳон спорт майдонларида қанот қоқиб юксалаверишида тилакдошмиз ва gujum. uz сайти таҳририяти барча кураш ишқибозларини бугунги байрам билан самимий муборакбод этиб қолади.
Ж. САЪДУЛЛАЕВ тайёрлади