Бугун кўпгина фан олами вакиллари ўртасида мамлакатда ҳимоя қилинаётган диссертацияларнинг савияси ҳақида салбий фикрлар эшитиб қоламиз. Дарҳақиқат, диссертация илмий салоҳияти, назарий ва амалий натижаси, фанга киритган янгилиги билан қадрланади. Акс ҳолда у псевдотадқиқотдир (грек тилида “pseudos” “ёлғон” деган маънони билдиради). Тадқиқотларнинг илмий сифати қайси метод орқали олиб борилганига жуда боғлиқ. Илм-фанда экспериментал тадқиқотларнинг алоҳида ўрни бўлиб, унинг натижаси амалий аҳамияти билан тараққиётга хизмат қилади. Тилшунослик фанида бугун математик лингвистика йўналиши мавжудки, у компьютер экспериментига асосланган. Оксфорд он-лайн луғатида унга шундай таъриф берилади: “Лингвистиканинг математик моделлаштириш методи орқали амалга ошириладиган илмий таҳлил йўналиши математик лингвистика деб аталади”.
Лекин бугун кўпгина тилшуносларимиз, хусусан катта авлод филолог олимларимиз ўртасида матн таҳлили бу сифат таҳлили деган тушунча мавжуд. Матннинг сон таҳлилини эса улар социологик тадқиқот, деб ҳисоблашади. Лекин бугун жаҳон илм-фанига матнларнинг математик таҳлили, статистик таҳлили, матнларнинг квантатив таҳлили (“квант” инглизчадан таржимада “сон”, “миқдор” деган маънони билдиради), математик лингвистика, статистик лингвистика, квантатив лингвистика каби номлар билан аталувчи йўналиш кириб келганки, жаҳон тилшунослик илм- фанида кенг қўлланилмоқда.
Жаҳон тилшунослигига квантитив таҳлил XIX асрнинг охирларидан бошлаб кириб кела бошланган. Масалан, Л.А.Шерман инглиз насрий асарларида жумлаларнинг узунлиги ҳақида 1888 йилда илмий иш эълон қилади. XIX аср охири ХХ аср бошларида яшаб, ижод қилган В.А.Богородицкий, А.М.Пешковский, М.Н.Петерсон каби филологлар рус тилидаги қайси ҳарфлар ҳамда товушларнинг нутқда тез-тез қўлланишига доир тадқиқотлар олиб борганлар. Жаҳон филологияси тарихида мазкур йўналиш ҳақида ХХ асрнинг бошларида швецариялик тилшунос олим Фердинанд де Соссюр ва келиб чиқиши поляк-рус тилшунос олим Иван Александрович Бодуэн де Куртенэлар илк бор тилга олганлар. Мазкур метод ХХ асрнинг 50-йилларига келиб хорижий тилшунослик тадқиқоти амалиётга кенг кириб келди.
Аслида математик лингвистика кўринишлари ўзбек тилшунослигида ҳам азалдан мавжуд бўлган. Масалан, Абу Наср Форобий “Китобу-ш-шеър”, “Каламу-ш-шеър ва-л қавофи” (“Шеър ва унинг қофиялари ҳақида сўз”), “Китобу-л-хитоба” (“Риторика ҳақида китоб”), “Китобу-л-луғат”, “Китобун фи саноъати-л-китоб” (“Хаттотлик ҳақида китоб”), Абу Райҳон Берунийнинг «Ҳиндистон», Абу Абдуллоҳ Хоразмийнинг «Мафотуҳу-л-улум» («Илмларнинг калитлари»), Абу Али Ибн Синонинг “Асбоб ал хуруф”, Аристотелнинг «Поэтика»сига ёзган «Шеър санъати», Маҳмуд Қошғарийнинг “Девони луғотит турк”, Шайх Аҳмад Тарозийнинг “Фунуну-л-балоға”, Маҳмуд Замаҳшарийнинг «Ҳустосу-л-аруз» («Арузий зеҳн тарозуси»), Юсуф Саккокийнинг «Мифтоҳу-л-улум» («Илмларнинг калити») асарлари, Алишер Навоийнинг “Муҳокамат ул луғатайн”, “Мезон ул авзон”, Заҳирирддин Бобурнинг “Муфассал” (бизгача етиб келмаган), “Бобурнома”, Абулғозий Баҳодирхоннинг “Шажараи турк”, кейинчалик Фитрат, Беҳбудий, Авлоний, Зоҳирий каби ижодкорларнинг асариларида сўз санъати, тил ва унинг хусусиятлари, умуман лингвистикага доир илмий-назарий муаммолар баён қилинган бўлиб, уларда сон таҳлили кўринишлари ҳам мавжуд. Жумладан, Абу Али Ибн Сино Аристотелнинг «Поэтика»сига ёзган «Шеър санъати» деган шарҳида эпопея жанри ҳақида шундай дейди: “Эпопея вазнига келсак, у ҳам ўша қисқа вазн саналади, ўн олти бўғинли туроқдан иборат. Буни кўпроқ трагедияга ўхшатганлар ва узунлигини яна орттирганлар”.
Алишер Навоий эса “Муҳокамат-ул- луғатайн” асарида тилимизнинг бой имкониятларини исботлаш учун туркий тилдаги бир феълнинг 99 хил варианти борлигига мисол келтиради.
Шеъриятда эса чинакам ўлчов ҳисобланмиш аруз қоидалари ҳақида қадимда жуда кўплаб шоирларимиз илмий-назарий асарлар битганлар. Мисол учун, Алишер Навоий ғазал ёзиш санъати ҳақида сўз юритганида, ғазалларнинг чўзилиб кетмаслигини ва кўпроқ 7 байтли бўлиши мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаган. Ўзи ҳам ғазалларни асосан 7 байтли қилиб ёзган ва бу ҳақда бир қитъасида қуйидагиларни айтган:
Навоий шеъри тўққиз байту ўн бир байту ўн уч байт,
Ки лаҳза узра қалам зийнат берур ул дурри макнундин.
Буким, албатта, етти байттин ўксук эмас, яъни —
Таназзул айлай олмас рутба ичра етти гардундин.
Абдурауф Фитрат «Адабиёт қоидалари»да аруз вазнида ёзилган шеърга қуйидагича мисол келтиради:
Ўнлик:
Отимдир ўғуз / билинглар аён, 5+5
Ғанимдир Хисрав / билинглар яқин. 5+5
Эрка малак / аччиғланмам сенга, 4+6
Ўчурсанг-да / кўкка юрак кулин. 4+6
Ўн тўртлик:
Дунё, дунё, сен дунё / кимга вафо қилибсан?
Сендан вафо кутганга / сен кўп жафо қилибсан. 7+7
Уқтириш: бир ўн тўртлик мисраъ икки (мисраълик) еттилик мисраъ бўла олғани учун бу вазнда оз ёзиладур(Абдурауф Фитрат).
Хўш, матнни ҳам сон, ҳам сифат жиҳатдан ўрганиш жаҳон тилшунослик илм-фанида аллақачон тадқиқот олиб боришнинг “андозаси”га айланган экан, нима учун бизда унга социология фани тадқиқотига қарагандай қаралади? Украиналик олим В.В.Левицкий ўзининг “Квантатив лингвистика” номли китобида мазкур тенденция украин тилшунослари, хусусан катта авлод олимлари, жумладан ОАК таркибидаги олимлар ўртасида ҳам мавжудлигини айтиб, бунинг сабаби сифатида олимларнинг дунёқараш ва қизиқишларини кўрсатади: “Баъзи тилшуносларни стилистика қизиқтирса, баъзи олимларни экспериментал фонетика қизиқтиради… Демак филологик тадқиқотда квантатив методларни қўллаш илмий эҳтиёждан эмас, балки олимнинг қизиқиши, диди, дунёқараши, билими каби психологик сабаблар билан боғлиқ”.
Лекин шундай тадқиқотлар борки, ўртага ташланган саволга фақатгина математик таҳлил билангина жавоб топиш мумкин. Психология, социология каби гуманитар фанлар аллақачон статистик таҳлил методига ўтиб, жамият тараққиётига хизмат қилувчи амалий натижаларни қўлга киритяптилар. Лекин афсуски, жаҳон тилшунослигида ўтган асрдаёқ урфга кирган бундай экспериментал метод бизда оқсоқланяпти. Зеро, рус олими Б.Н.Головиннинг айтганидай, филология соҳасидаги тадқиқотлар муваффақиятли амалга оширилиши учун сон ва сифат таҳлили биргаликда олиб борилиши керак. Ана шундагина тадқиқотлар том маънода назарий ва амалий аҳамиятга эга бўлиб, жамият тараққиёти учун хизмат қилади.
ОЙДИН САЪДУЛЛАЕВА, ЎЗДЖТУ ТАДҚИҚОТЧИСИ