Абу Райхон Берунийнинг деярли минг йил ўтиб, ўз юртига тушган “сояси”

0
69
марта кўрилган.

Тошкент давлат шарқшунослик университетимиз жамоаси талабаларга  билим бериш билан бирга  амалиётни ҳам узвийликда юритишга интилади.

Мумтоз филология ва адабий манбашунослик кафедрасининг  ўқитувчилари Н.Садуллаева, О.Мадалиева. Н.Холбобоева ва Н.Хаджиева етакчилигида ушбу кафедрада таҳсил олаётган талабалар Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтига ташриф буюришди. Илм масканида талабалар институт фаолияти, тарихи, қўлёзмалар фонди билан яқиндан танишдилар.

Бинога кираверишдаги пештахтадаги ёзув уларнинг эътиборини жалб қилди. Унда улуғвор ва замонавий бино Уммон султонлиги мамлакати кўмакида қурилгани қайд этилганди.

– Аввало, кутубхона ва замонавий техникалар билан танишиб олинглар, йўл-йўлакай у ҳақида ҳам маълумот берилади, – дейилди уларга.

Улуғвор, замонавий бино  ва қадимий китобларни жаҳон андозаларига мос равишда асраш ва уларни таъмирлашга  оид ускуналар, сканерловчи ҳамда бошқа энг охирги русумдаги кутубхона ускуналари билан  таъминлангани, уларни ишлатиш жараёнлари талабаларда катта қизиқиш уйғотди.

Айниқса, деярли минг йил ўтиб бўлса-да, Абу Райхон Берунийнинг ўз юртига “сояси” тушиб турганлиги уларни тўлқинлантирди. Нега?! Беруний ўз асарида  Ҳиндистон мамлакати ҳақида маълумотлар берганидек,  Уммон мамлакатини ҳам  тилга олган экан. Бундан руҳланган Уммон султонлиги етакчиси  Беруний номидаги ушбу кутубхонани таъмирлаб бериш истагини билдирган ва бўш ётган жойда улуғвор бунёдкорлик ишларини амалга ошириб, замонавий ускуналарни ҳам етказиб берган экан.

Талабалар кутубхона каталогларидан фойдаланишни ҳам ўрганиб олишди ва катта тассуротлар билан қайтишди.

Абу Райхон Беруний таваллуд топган Хоразмда буюкларни гужум дарахтига қиёс этишади. Гужум кўп йиллик дарахт бўлиб, минг йил ўсиб-униб туриши мумкин. Гужум табиий салқинлатгич, унинг  соясида  ҳарорат атрофга нисбатан 15-20 даражада салқин бўлади. Ёмғир ёғса бир томчи тагига тушмайди. Чунки барглари кичкина ва зич жойлашган.  Мен баргларининг гўзаллигини оҳу кўзига ўхшатаман. Шунинг учун  гўдакни бешикка белаётганда момолар эл-юртга гужумдек соя, узумдек мева берсин, дея эзгу тилаклар билдиришади. Абу Райхон Беруний минг йил ўтса-да, ҳамон эл-у юртига  гужумдек «соя» ташлаб, кўмаклашиб турибди.

Халқимизнинг илм – хазина деган ҳикматининг бир йўналиши, бир кўриниши шу бўлса керак.

Нодира САЪДУЛЛАЕВА, Тошкент давлат шарқшунослик университети ўқитувчиси

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.