Афғонистон бўйича юқори даражадаги Тошкент халқаро конференцияси матбуот марказида ташкил этилган сессия йиғилишида Ўзбекистон Республикаси ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев сўзга чиқди. У мамлакатимизнинг Афғонистонда ишлаб чиқариш, фармацевтика саноати, қурилиш, энергетика, транспорт-логистика соҳаларидаги лойиҳаларни рўёбга чиқаришдаги ташаббуслари ҳақида фикр билдирди, дея хабар берилади uza.uz сайтида
– 2017 йил якунлари бўйича Ўзбекистон билан Афғонистон ўртасидаги савдо айланмаси 617 миллион АҚШ долларидан ошди. Аммо бу рақамлар икки томоннинг тўлиқ имкониятларини кўрсатмайди. Шу кунга қадар Афғонистон билан савдода электр энергияси етказиб бериш ва қора металлургия саноати етакчилик қилган бўлса, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Муҳаммад Ашраф Ғанининг 4 декабрь куни расмий ташриф билан мамлакатимизга келиши ҳамкорлик йўналишида янги саҳифа очди.
Бугун Афғонистонда 36 миллиондан ортиқ аҳоли истиқомат қилади ва ушбу мамлакатнинг йиллик импорт ҳажми 6,5 миллиард долларга тенгдир. Ўзбекистоннинг ушбу рақамлардаги улуши 3 миллиардни ташкил этиши мумкин бўлган бир вақтда, мамлакатимиз савдо айланмасининг афғон диёри импортидаги ҳиссаси 10 фоиздан камроқни ташкил қилмоқда. Шу боис бу борадаги ҳамкорликни танқидий таҳлил қилиш ва Афғонистон билан савдо-шерикликдаги лойиҳаларни диверсификация қилиш зарурати туғилди.
Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Муҳаммад Ашраф Ғанининг мамлакатимизга ташрифи доирасида бу ижобий интилишлар ўзининг амалий натижаларини берди. Яъни ташриф якунлари бўйича мамлакатларимиз ўртасида 500 миллион АҚШ долларидан ортиқ шартномалар тузишга эришилди.
Эътиборли жиҳати шундаки, мамлакатимизнинг Афғонистон билан ҳамкорлиги маҳсулотларимизни афғон бозорига етказиб беришдан иборат бўлиб қолаётгани йўқ. Икки томон учун бирдек манфаатли лойиҳаларни ишлаб чиқиш йўлида салмоқли келишувлар амал қилмоқда. Афғонистон темир йўл тармоғини ривожлантириш, йўналишларни кенгайтириш борасидаги ташаббуслар шулар жумласидан. Келишувлар асосида ўзбекистонлик мутахассислар томонидан Ҳайратон – Мозори Шариф темир йўли қуриб, фойдаланишга топширилганди. Ҳозирги кунга келиб Мозори Шариф – Ҳирот йўналиши бўйича темир йўл тармоғи қуришни кўзда тутадиган лойиҳа устида иш олиб борилмоқда. Мазкур тармоқнинг узунлиги 650 километр, умумий қиймати 3 миллиард доллардан ортиқни ташкил қилади. Бу савдо айланмасини сезиларли кўпайтириш ва Афғонистоннинг транзит хизматлари экспортини янада оширишга хизмат қилади.
Ўзбекистоннинг фармацевтика саноати тобора ривожланиб бормоқда ва бугун Афғонистон томонидан ушбу соҳада ҳам ҳамкорликни кенгайтиришга катта қизиқиш билдирилмоқда. Биргина мисол. Шу кунгача Афғонистонга дори-дармон, тиббий воситалар етказиб бериш бўйича 500 минг долларлик шартномалар тузилган бўлса, эндиликда қўшни мамлакат 25 миллион долларлик дори-дармон маҳсулотларини харид қилишга тайёр эканини билдирмоқда.
Шунингдек, қишлоқ хўжалиги машиналари ва махсус техникаларини харид қилиш, уларга сервис хизматлари кўрсатишни Афғонистонда йўлга қўйиш таклиф қилинмоқда. Бу имкониятларни янада кенгайтиришда “Ўзсаноатэкспорт” ва “Узтрейд” томонидан Кобул ва Мозори Шариф шаҳарларида очилган савдо уйлари муҳим ўрин тутаётганини алоҳида қайд этиш ўринли.
Шунга қарамасдан иқтисодий ҳамкорлик йўналишида ишга солинмаган улкан имкониятлар мавжуд. Улардан тўлақонли ва самарали фойдаланиш масаласи Афғонистонда қарор топажак тинчликка бевосита боғлиқдир. Афғонистон бўйича юқори даражадаги Тошкент конференцияси бу борадаги ташаббусларнинг янги йўналишини бошлаб беришига ишонамиз.