2022 йил 2 февраль куни Тошкент шаҳар «Билим» ахборот-кутубхона маркази тасарруфидаги А.Чўлпон кутубхонасида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти И. Каримов таваллуд кунига бағишланган «Сиз ёдимиздасиз — сиз юракларда» мавзусида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирга Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасининг рахбари Т. Ширинов, Олмазор туман дин ишлари бўйича бош мутахассис А. Қаюмов, Олмазор тумани маънавият ва маърифат бўлими раҳбари М.Алибоева, Олмазор туманидаги «Олтинсой», «Қичқириқ», «Тараққиёт» маҳалла фаоллари ҳамда 133 ва 233-мактаб юқори синф ўқувчилари ташриф буюрдилар.
Маънавий-маърифий тадбирда сўзга чиққанлар томонидан жонажон Ўзбекистонимизнинг равнақи йўлидаги фидокорона меҳнатлари, ижтимоий-сиёсий соҳаларда амалга оширилган ислоҳотларнинг ташаббускори, тинчлигимиз, фаровонлигимиз, кўп миллатли халқимиз бирдамлиги ва бир сўз билан айтганда биринчи президентимиз, Мустақиллигимиз меъмори Ислом Каримовнинг ҳаёти ва фаолияти тўғрисида аниқ мисоллар асосида тарихий фикрлар, таассуротлар ҳамда илиқ сўзлар билдирилди.
Айниқса, «Энг юксак жасорат — бу маънавий жасоратдир!» деган оламшумул иборасига алоҳида тўхталиб ўтилди. Жумладан, И. Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси марказ раҳбари Х. Рахмоновнинг «Ислом Каримов ва миллий маънавият» мавзусидаги маърузаси тингланди ва мажмуа бош илмий ходими Ш. Рашидов «Ўзбекистон мустақиллигининг қўлга киритишида Ислом Каримовнинг ўрни» ҳақида гапириб берди. Тадбир давомида, АКМ мутахассислари томонидан И. Каримов ҳаётига бағишланган «Сиз ёдимиздасиз — сиз юракларда» номли видеоролиги намойиш қилиниши барчага манзур бўлди.
Шунингдек, Олмазор тумани дин ишлари бўйича бош мутахассис А. Қаюмов, Олмазор тумани маънавият ва маърифат бўлими раҳбари М.Ибрагимова, Олмазор тумани Нуроний жамғармсидан З. Шоназаров, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари Т. Эшбек ва Д. Ражаблар ҳам иштирок этиб, И.Каримовни ёрқин хотирасини ёдга олишди.
Кутубхона мутахассислари томонидан, иштирокчиларни биринчи президентимиз ҳақида кўпроқ маълумотга эга бўлишлари учун, «Хотира бор экан, тирикдир миллат» номли адабиётлар кўргазмаси ташкил қилинди ва библиографик шарҳ берилди. Инсон дунёга келар экан, одамлар қалбида фақат яхшилик, эзгу амаллар асрлар оша мангу яшаб қолади. Ўзбекистоннинг Биринчи Президент И.Каримовнинг ёрқин хотираси қалбимизда мангу яшайди. Кучли хаяжонда, Каримовнинг сиёсат майдонидаги таҳликали вазиятларда ҳам одилона ва оқилона олиб борган жасоратли фаолиятига бағишланган тадбир ёшларимизда катта таассурот қолдирди.
Ҳафиза Каримова, Маънавий-маърифий ишлар аълочиси, Тошкент шаҳар «Билим» ахборот-кутубхона маркази директори