Аввал хабар қилинганидек, Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко мамлакатимизда расмий ташриф билан бўлиб турибди.
Мазкур ташриф тафсилотларини ёритиб бораётган Беларусь Телеграф агентлиги – “БелТА”нинг хабар беришича, икки мамлакат раҳбарларининг тор доирадаги музокарасида Александр Лукашенко Ўзбекистон иқтисодиёти ва давлатлараро муносабатлари тараққий этаётганидан беларуслар мамнун эканини айтиб ўтган.
Шунингдек, у юртимизда истиқомат қилаётган беларусь диаспорасини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаётгани учун Президентимиз Шавкат Мирзиёевга самимий миннатдорлик изҳор қилган.
“Мен бу ерга Сизнинг Беларусь давлати ва беларусларга муносабатингиз учун миннатдорлик билдиргани келдим. Биз, аввало, меҳнатсеварлигимиз билан бир-бирига жуда ўхшаш халқмиз. Агар ишлаб чиқараётган маҳсулотларимизни ўзбеклар каби савдо қилишни билганимизда, ҳозиргидан икки карра бойроқ бўлардик. Ўйлайманки, сизлар бизга ўз тажрибангизни ўргатасиз”, деган Беларусь раҳбари.
Манба: ЎзА