Навоий вилоятида ўтказилган “Алишер Навоий ижодий меросининг умумбашарият маънавий-маърифий тараққиётидаги ўрни” мавзусидаги III анъанавий халқаро илмий-амалий конференциясида Озарбайжон, Туркия, Мўғулистон, Қозоғистон, Туркманистон, Тожикистон, Афғонистон, Эрон, Ҳиндистон, Россия, Венгрия, Швеция каби 15 га яқин давлатдан 50 дан ортиқ навоийшунос олимлар, академиклар, шунингдек, юртимизнинг барча вилоятларидан ижодкор зиёлилар, маънавият соҳаси мутахассислари, талабалар, танлов ғолиблари-мактаб ўқувчилари иштирок этди.
Мамлакатимизда Алишер Навоий номидаги давлат стипендияси таъсис этилган 2009 йилдан буён Навоий вилоятидан 34 иқтидорли талаба мазкур стипендия соҳиби бўлган. Вилоят миқёсида ўтказиладиган «Навоийлик ёш навоийхонлар” кўрик-танловининг ўтган йилги якуний босқичида Кармана туманидаги 4-умумий ўрта таълим мактабининг 8-синф ўқувчиси Иброҳим Ғаффоров буюк аждодимиз ғазалларини ёд олиш, ифодали ўқиш, матннинг насрий баёни (ёзма шарҳи)ни ярата олиш каби шартлар бўйича билим ва маҳоратини намойиш этиб, ғолибликни қўлга киритган ва унга Президент совғаси – “Spark” автомобили берилган.
Мазкур танловнинг жорий йилги ғолиби Кармана туманидаги 28-умумтаълим мактабининг 9-синф ўқувчиси Комила Ҳамроевага ҳам «Spark» автомобили совға қилинди.
Анжуман давомида навоийшунослар шўъбаларга бўлиниб, шоир ва мутафаккир ижодини ўрганишда эришилган ютуқлар ва ечимини кутаётган масалалар хусусида сўз юритишди. Буюк мутафаккир асарларини дунё тилларига таржима қилиш, ўқувчиларга тушунарли, равон тилда баён этиш хусусидаги изланишлар самараси таҳлил қилинди. Шоир ижодига мурожаат этиб, фалакиёт, педагогика, тилшунослик борасидаги бой тажрибасидан унумли фойдаланиш бугунги куннинг долзарб вазифаси экани таъкидланди.