«Қишлоқ жойларда ва фуқароларнинг айрим тоифалари учун арзон уй-жойлар қуришни кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори қабул қилинди.
Унда шундай дейилади: Сўнгги йилларда янгиланган намунавий лойиҳалар асосида арзон уй-жойлар қуриш ҳисобига қишлоқ аҳолисини уй-жой билан таъминлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 21 октябрдаги ПҚ-2639-сон қарори билан тасдиқланган 2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойларни қуриш Дастурига (кейинги ўринларда – Дастур) мувофиқ янгиланган намунавий лойиҳалар асосида 53 мингдан зиёд арзон уй-жойлар ва квартиралар қурилди, турар жой шароитларини яхшилашга муҳтож 65 мингга яқин оила уй-жой билан таъминланди.
Шу билан бирга, Дастур ижро қилинишини ўрганиш якунлари қишлоқ жойларда арзон уй-жойларга талаб юқори эканлигини кўрсатди, янгича ёндашувларни ишлаб чиқишни тақозо этадиган уй-жойлар қурилишини ташкил этиш ва муҳтож оилаларни арзон уйлар билан таъминлаш бўйича бир қатор жиддий камчиликлар аниқланди.