Аскарлар имтиёзли тавсияномаларни олиш учун тест синовларини топширмоқда

0
167
марта кўрилган.
Ўзбекистон Қуролли Кучларида муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган аскарлар 21-25 январь кунлари олий таълим муассасаларига ўқишга киришда қўшимча балл берадиган ҳарбий қисм командирининг имтиёзли тавсияномаларини қўлга киритиш учун республика бўйлаб тест синовларини топширишмоқда. Тест синовлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан олинади.
Тошкент шаҳрида муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган аскарлар учун Тошкент давлат аграр университети ўқув биносида тест синовлари бўлиб ўтди. Бунда ҳар бир аскарнинг бир йил давомида тўплаган билимлари синовдан ўтди. Тест синовлари натижаларига кўра, юқори балл тўплаган, интеллектуал салоҳияти, жанговар маҳорати юксак посбонлар имтиёзли тавсияномаларга сазовор бўлади. Мазкур тавсияномага эга бўлган йигитлар республикамизнинг барча олий таълим муассасаларига ўқишга киришда ўзи тўплаган балларнинг 50 фоизи миқдорида қўшимча баллни тўплаш имтиёзига эга бўлади.
 
Жами саволлар сони – 100 та. Физика, математика ва мантиқий саволларга тўғри жавоб топганлиги учун – 1 баллдан, маънавий-маърифий тайёргарликдан – 1,1 ва жанговар тайёргарликка оид саволларга жавоблар учун – 1,2 баллдан қўшилади. Тестларни ечиш учун 2,5 соат ҳамда жавоблар варақасини тўлдириш учун ярим соат, жами 3 соат вақт ажратилади.
Муддатли ҳарбий хизматчилар ўртасида ўтказилаётган тест синовларининг ҳаққонийлиги ва шаффофлигини таъминлаш ва ушбу жараённи кузатиб бориш мақсадида катта ҳамда кичик аудиториялар техник кузатув ва видео-тасвирга олиш воситалари билан жиҳозланган.
 
Таъкидлаш керакки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 январдаги “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб муддатли ҳарбий хизматни ўтаган ва ҳарбий қисмлар қўмондонлигининг тавсияномасига эга шахслардан иборат абитуриентлар учун олий таълим муассасаларига ўқишга киришда ушбу шахслар ўртасида ўтказиладиган танлов асосида алоҳида квоталар ажратиш тартиби белгиланади.
 
Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати
Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.