Автомобиль саноатининг ривожланиш истиқболлари белгиланди

0
154
марта кўрилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 26 июнь куни автомобиль саноатида жорий йил учун белгиланган ишлаб чиқариш ва экспорт кўрсаткичларини таъминлаш, тармоқнинг ривожланиш истиқболларини белгилаш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди, дея хабар берилмоқда Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайтида. 

Автомобиль саноати мамлакатимиз иқтисодиётида муҳим ўрин тутиши, лекин кейинги пайтларда ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажми камайгани қайд этилди. Тармоқнинг барча даражадаги бошқарувида коррупция, товламачилик, таниш-билишчилик каби иллатлар томир отиб кетгани танқид қилинди.

“Ўзавтосаноат” акциядорлик компанияси тизимида қарздорлик юзага келган. Ўтган йили компаниянинг бир нечта корхонаси фаолиятини зарар билан якунлаган. Автомобиллар йиллар давомида ўз таннархидан паст қийматда экспортга сотилган. Ўз навбатида, таннархни тушириш бўйича салмоқли иш қилинмаган.

Давлатимиз раҳбари автомобилсозликда маҳсулот таннархини камайтириш, маҳаллийлаштириш даражасини ошириш, импортни қисқартириш бўйича топшириқлар берди. Тармоқ корхоналарини айланма маблағлар билан тўлдириш, автомобиллар ишлаб чиқариш, ички ва ташқи бозорларда сотиш тизимини такомиллаштириш зарурлигини таъкидлади. 

Мамлакатимизда автомобилсозлик тармоғини янада ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

Автосалонларнинг жойлашиши ва автомобиллар тақсимотини қайта кўриб чиқиш, ички бозорда автомобилларни сотиш тизимини тартибга солиш масалаларига ҳам эътибор қаратилди. 

Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар бўйича мутасаддиларга топшириқлар берилди.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.