Юқоридаги расмга қараб кейинги йилларда, айнан янги Ўзбекистонда аёлларга, олималарга бўлган эътибор кучайганини ҳис қилдик. Бугунги кунда саккиз нафар аёл ректорлиги мени жуда қувонтирди, аёлларга ишонч билдирилишининг ўзи, улар учун масъулият бўлиш билан бирга катта ишонч ва рағбат, албатта. Ёш олималаримиз эса уларга қараб, ўз бўйини бўйлайди, қадди-бастини рослайди…
Ўзбекистон давлат телерадиокампаниясининг илмий оммабоп ва маърифий кўрсатувлар бош таҳририятида 1992-1996 йилларда катта муҳаррир бўлиб ишлаганман. Ўша пайтда олима аёллар ҳақида “Гул кўп, чаман кўп” ва ўзбек алломалари ҳақида “Мозийдан ёғдулар ” номли ярим соатлик теле очерклар тайёрлардим.
Ана шундай очеркларимдан бири – Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти ректори, техника фанлари доктори, профессор Ҳалима опа Алимовага бағишланган эди. Ўша пайтда Ҳалима опа олима бўлиш билан бирга мамлакатимизда ягона ректор аёл эди. Ҳалима опа раҳбарлигида институтда педогоглар ва талабалар ҳаётида жуда катта ўзгаришлар амалга оширилди. Талабалар академияси, тикиш-бичиш бўйича талаба дизайнерлар клуби, санъаткор ёшлар ансамбли каби марказлар биринчи бўлиб ушбу институтда ташкил этилганди. Устоз олимлар етакчилигида ёш олимлар билан олиб борилаётган илмий ишлар ниҳоятда кенг миқёсда ва қизиқарли эди. Улар ўзи алоҳида мавзу!
Бугунги кунда саккиз нафар аёл ректорлар қатори баъзи илмий-текшириш институтларида ҳам раҳбар хотин- қизларимиз фаолият юритаётганини қўшсак, раҳбар олималар сони янада кўпайганини кузатамиз.
1974-1987 йилларда эса ЎзССР телевидение ва радиоэшиттиришлар Давлат қўмитаси Ўзбекистон телевидениесининг Тошкент шаҳар ва вилояти учун кўрсатувлар таҳририятида муҳаррир бўлиб ишлаганимда “Она шаҳрим Тошкентим” кўрсатувини тайёрлардик ва ҳар бир сонини шаҳардаги туманларнинг бирига бағишлардик. Ўша пайтда Сайёра опа бугунги Миробод туманининг раҳбари, Тошкент вилоятида эса Лола опа Янгийўл туманининг раҳбари бўлиб, бошқа туманларда эса эркаклар раҳбар эди. Вилоятлар таркибига келсак, Хоразм вилоятида биринчи марта обком секретари аёл киши бўлди. У ҳақида СССРда биринчи бўлиб аёллардан тайинланган обком секретари эканлигига урғу берилиб, Москвадаги ”Правда” газетасида мақола берилганди. Аёллардан тайинланган раҳбарлар ана шундай саноқли эди.
Тошкент шаҳар Яккасарой туманига Нилуфар Аллабергенова ҳоким этиб тайинланганига икки йилдан ошди,
Мамлакатимиз президенти яқинда Яккасарой туманига ташриф буюриб, аҳоли билан учрашди, суҳбатлашди, янги ишга тушган Дилбулоқ маҳалласидаги аҳолига яратилган шароитлар билан танишди. Маҳалла «еттилиги» билан маҳалла ҳаёти ва истиқболдаги вазифалар тўғрисида суҳбатлашди. Ана шунда биз ҳам Яккасарой туман ҳокимининг Матбуот котиби канали орқали амалга оширилаётган улуғвор ишлар билан танишдик. Хурсанд бўлдик. Чунки, аёл бор жойда порахўрлик кам бўлади, аёл бор жойда саранжом-саришталик бўлади.
Шоирлар айтганидек, аёл билан, она билан олам нурафшон, олималиги эса яна бир улуғвор фазилат. Раҳбар аёллар сафи кенгайяверсин дея, тилаклар билдириб қоламиз.
Раъно ЗАРИПОВА, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист