Банкларнинг инвестициявий фаолияти ва аҳоли бандлигидаги иштироки кўриб чиқилди

0
53
марта кўрилган.

Президент Шавкат Мирзиёев 20 май куни хорижий инвестицияларни жалб қилишда банкларнинг иштирокига оид тақдимот билан танишди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.

Мамлакатимиздаги қулай инвестиция муҳити натижасида банкларнинг молиявий барқарорлиги ва фаоллиги ошиб бормоқда. Хусусан, соҳадаги ислоҳотлар туфайли сўнгги 5 йилда банкларнинг капитали 2 баробарга, кредит портфели 2,3 баробарга ҳамда йиллик кредит ажратиш ҳажми 1,8 баробарга кўпайди.

Тўртта банк илк бор евробонд чиқариб, четдан 1 миллиард 300 миллион доллар ресурс жалб этди. Ўтган йили банклар 3,8 миллиард долларлик, шунингдек, уларнинг мижозлари ҳукумат кафолатисиз 6 миллиард долларлик хорижий кредитларни тўғридан-тўғри олиб келган.

Замон талабидан келиб чиқиб, бу ишларни янада кенгайтириш ва лойиҳаларни сифатли амалга ошириш зарур. 

Тақдимотда Миллий банк ҳамда Ўзсаноатқурилишбанкнинг шу борадаги фаолияти ҳақида ахборот берилди.

Жорий йилда Миллий банк томонидан 6 миллиард долларлик лойиҳалар амалга оширилиши режалаштирилган. Шунингдек, заргарлик тармоғида 2,1 триллион сўмлик 526 та, хизматлар соҳасида 41,8 триллион сўмлик кредитлар ҳисобидан 40 мингдан ортиқ лойиҳаларни амалга ошириш ва 2,5 миллион нафар аҳоли бандлигини таъминлаш кўзда тутилган.

Ўзсаноатқурилишбанк бу йил халқаро молия бозорларидан 3 миллиард 100 миллион долларлик маблағ жалб этишни мақсад қилган. Банк мижозлари билан умумий қиймати 4 миллиард 800 миллион долларлик инвестиция лойиҳаларига киришилган.

Мазкур банк томонидан қурилиш материаллари соҳасида 2024-2025 йилларда 529 та лойиҳа доирасида 2 миллиард 800 миллион долларлик хорижий инвестициялар жалб қилиниб, бу орқали 25 мингдан зиёд иш ўрни яратилиши режалаштирилган.

Шу билан бирга, Миллий банк 967 та, Саноатқурилишбанк 727 та маҳаллада ишсиз аҳоли бандлигини таъминлашга кўмаклашмоқда. Яна бир муҳим жиҳати, банклар қуйи бўғинга тушиб ишлаётгани учун кўплаб бизнес тузилмалар “соя”дан чиқмоқда.

Тақдимотда мижозларнинг инвестиция лойиҳаларини тизимли мониторинг қилиб, муаммоларни тезкорлик билан ҳал этиб бориш зарурлиги қайд этилди.

Тадбиркорларга туман даражасидан республика миқёсигача ҳар томонлама ёрдам бериш, уларнинг молиявий билимларини ошириш ва инновациялар билан таништириш муҳимлиги таъкидланди.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.