Бекпошша ХЎЖАЕВА : Опаялар (давоми)

0
24
марта кўрилган.
tabiat

Опаямиз Аслпошша. Эътибор қилган бўлсангиз Аслпошшамиз тўғрисида камроқ ёзаяпман. Феъли атвори номига мос келмайди. Юввош. Бувимнинг таърифича “Оғир карвон”. Намунали томони жаҳл қилиш, ғазаб, ҳасад, ғийбат деганлари унга мутлақо бегона. Кишчан унинг исмини ҳеч қачон тўлиқ айтмайди. Уйни йиғиштириш навбати  келганда:

-Асси, уни қил, буни қил-деб ўзига топширилган вазифаларни безбетларча  опаясининг зиммасига юклайди.

Асл ойбикам унинг сенсирашидан, иш буюришидан асло ранжимайди. Юмшоққина жилмайиб, секингина буйруқни бажаришга киришади. Сифатли ва тоза ишлайди. Унга ҳаммамиз иш буюрамиз. Лекин негадир қадрига етмаймиз. Балки ҳокисорлиги учундир. Хонадонимизда ҳатто Янгилжон билан Тўхтажоннинг ҳам ўз “мен”и бор. Ўрнини эслатиб, феъл-атворларида намаён этиб турадилар. Бувимиз Аслпошшамиз учун безовталар. “Шу юввошлиги бўлса, борган хонадонида ҳаммани бошига чиқариб, қулларига айланароов” деб қўядилар.

Отам Аслпошша ойбикамни ҳаммамиздан кўра кўпроқ яхши кўрадилар. Дастурхон атрофида бир томонида бувим ўтирсалар иккинчи томонидан  Асилимизга жой беради. Баъзан киши билмас, косасидан чиқадиган гўшт луқмасини унинг косасига солади. Бир куни холатни эътибор билан кузатадиган Янгилжон ўзининг ва Тўхтажоннинг косасидаги гўшт бўлакчасини олиб, Аслжон опаясининг товоғига ошкора солди-ю, тўрсиллаб жойига келиб ўтирди.  Ҳаммамиз овқатланишдан тўхтаб воқеанинг давомини кутдик.

-Отаси,-деди онам бўғиқ овозда—мен гўштни ҳам, ҳатто қартошкани ҳам фарзандларимга адолатли тақсимлайман. Сизнинг Асилойга айниқса қараётганингиз кенжатойларга малол келаяпти-деди. Отам индамади. Аслпошша овқатини емади. Жилмайди. Бу галги жилмайиши  негадир ўхшамади.

 Янгилжон ва Тўхтажон. Янгилжонда қандайдир шаддотлик бор. чаққон. Йўқ жойдан жанжал чиқаришнида уддалайди. Лекин Тўхтажоннинг ҳимоячиси. Ўзидан бир ёш кичик синглисини худди ўн ёш катта опадай алқалайди. Улар доим бирга. Ётоқ ўринлари ҳам бир. Уйқудан олдин иккаласи катта кўрпанинг тагига кириб эртак айтишадилар. Завқли томони эртакни асосан ўзлари тўқийдилар. Эртакда бувимиз, ота-онамиз, биз опаялар, ҳатто қўшниларимизгача иштирок этадилар. Кимдан жаҳллари чиқса жодугар, ялмоғиз, ажина, Қиммат. Кимни хуш кўрсалар фаришта, пари, Зумрад. Улар дунёдаги энг гўзал Ҳурпошша опаларини жаннатда гул териб юрганини бот бот ҳикояларига қўшадилар. Баъзан биз ҳам беғубор, соддагина эртакларни жимгина эшитиб ётамиз.  

Янгилжонда  кичик ёшидан тикувчиликка ҳавас уйғонган. Султонпошша ойбикамнининг тўйи олдидан уйимизга келган чевар Фотима опа синглимизнинг ихлосига асос солди деб ўйлайман. У тикиб берган этаклари кенг ёйиладиган кўйлакни кийиб завққа тўлган кундан бошлаб қўлидан нина ипни қўймайди. Қийқимлар жони дили. Ямаб, ясқаб ўзлари латталардан ясаган қўғирчоқни безантиради. Тўхтажон унинг содиқ ёрдамчиси.

Онам ишдан келди дегунча буюртмаларни тикишга ўтиради. Янгилжон, Тўхтажон онамизнинг атрофида. Ўзича ёрдам берадилар. Ва қийқимларга эга чиқадилар.

Эътибор қилгандирсиз. Онам тўғрисида жуда кам ёзаяпман. Чунки мулоқотимиз шунга яраша. Онам эрталаб, биз уйғонар уйғонмас фабрикасига шошади. Уйга қайтгач  овқатланади ва буюртмаларни тезроқ эгаларига етказишга тадоригини кўради. Онам кийимларни арзон тикади. Шунинг учун уйимиздан одам аримайди. Ёпнинг ортидан, қишлоқдан келадиган буюртмачилар пул билан эмас, ўзлари етиштирадиган маҳсулотлар билан ҳисоб китоб қиладилар. Картошка, пиёз, забзи, қовоқ, буғдой, гуруч, мевалар. Баъзан товуқ ё қуён  кўтариб келадилар. Ишқилиб, бувимнинг таъбирича “рисқимизни оллоҳ етказади”.

Бизнинг назаримизда онамнинг икки қизи бор. Янгилжон, Тўхтажон. Улар билан худди тенгқурларидек кулишиб, чақчақлашиб иш тикади. Тўхтажоннинг зўр қобилияти бор. Дафтарларнинг бўш жойини қолдирмай турли хил кўйлаклар шаклини чизади. Баъзида онам шу чизғилардан илҳом олиб келинчакларнинг кўйлакларини бичишда қўлланади ва “Шу қизимнинг ўйин ўйин билан чиган расмларида ҳам маъно бор” деб фахрланади.

Менимча буларнинг барчаси келажакда сингиларимизни етук дизайнер, номи атрофга ёйилган тикувчи сифатида камолга етишларига замин яратди.

 Уйимизда тўйГулпошша ойбикам, Гулимбой оғамлар иккинчи курсни тамомлаб таътилга келдилар. Спортчилардек бақувват, соғлом кўринишли оғамиз  таксидан опамнинг юкларини тез туширдида, ичкарига кирмай зудлик билан жўнади. Ҳайрон бўлдик. У уйга бемалол кириб, бувим билан, айниқса отам билан суҳбатлашишни, уй ишларида отамга кўмаклашишни хуш кўрарди. Бу гал салом аликнида насия қилди.

Биз опаямизнинг истиқболига шошилдик. Қизларнинг қувноқ шовқинларига  бувим, иш тикаётган онам ҳовлиқиб эшикдан бўй кўрсатдилар. Бир зумда ҳовлимиз нурга тўлди. Опам пулни тежаб, қишги таътилда уйга келмаган. Деярли ўн бир ой дийдорлашмадик. Гулимиз чинаккам гулга айланибди. Кўзлари чақноқ. Ҳаётидан мамнунлиги борлиғида акс этган. Гапиришларида, юриш туришларида олдин сезмаганимиз нафис эркалик бор. Шу куни нафақат биз опаялар, отамиз хам ярим тунгача ёнимиздан жилмади. Қорнини қаппайтириб, Азамат жиянимизни етаклаб келган Султонпошшамиз биз билан тунади. Ойи куни яқинлашгани сабаб онам билан узоқ пичирлашдилар. Ишонасизми, шодланаяпмиз, лекин кемтикликни ҳис қилаяпмиз. Ҳуримизни соғинчи ўртаяпти. Бувим Қуръон тиловот қилди. Шу тунда опаямиз барчамизнинг тушимизга кирди. Менинг тушимда Ҳуримиз Гулпошшамизга бир даста гул туқазди.

Эртаси куни Сотимбой ака Шерпажон хола билан тўлиб тошиб кириб келди. Уларнинг хонадонимизга ташрифи бизларни ҳар доим хурсанд қилади. Катта демай, кичик демай бирма бир сўрашади. Бу гал барчамизга совға келтирибди. Тошкентдан, Гулимбой оғамизга “заказ” бериб олдирибди. Дуррачалар. Нимчалар. Сингилларимизга қўғирчоқ. Ширинликлар. Янгилжон билан Тўхтажон улғайишган. Лекин илк бор ҳақиқий қўғирчоқ соҳибаси бўлдиларки, Шерпажон холамизни бўйнини бўғгудай даражада қаттиқ қучоқладилар.

Катталар узоқ суҳбатлашдилар. Гулпошимиз дамлаган паловни ҳаз этиб едилар. Терлаб, терлаб чойнак, чойнак чой ичдилар. Кейин асосий масалага ўтдилар. Биз опаялар тушундик. Совчиликка келишибди. Гулпош шайтон олдиндан билган. Удумимизни сақлади. Кўриниш бермади.

Ота-онамиз розилик билдирди. Бувим:”Бўладиган нарсани вақтида бўлгани яхши. Омин, худойим, барча ишимиз ўнгидан бошлансин” деб фотиҳага қўл очди.

Тўйни шу ойнинг ўзида,  пишиқчилик авжи пайтида ўтказилиши режалаштирилди. Тантанани маромида кечиши учун барча тайёргарлик рисолидагидек эканини таъкидладилар  Индинига опамизни Хазорасп бозоридан кийинтиришга келишдилар.

Ҳаммамиз ҳавасдамиз. Тилларда достон Хазорасп бозорини кўргимиз келади. Лекин ким ҳам бизни анча узоқда жойлашган бозорга олиб борарди. Тонг саҳарда келган “Москвич”нинг олдида Гулимбой оғамиз, Сотимбой ака, орқа ўриндиқда Шерпа хола, онам ва Гул ойбикам харид учун жўнадилар.

Кутаверганимиздан вақт иммилаб ўтгандай. Ниҳоят хориб, чарчаб, лекин мамнун холда қайтдилар, азизларимиз. Биз тезроқ янгиликларни эшитгимиз, харидларни кўргимиз келади.

-Олдин овқатланиб, чой пой ичсинлар- бизга танбеҳ беради бувим.

-Қорнимиз тўқ. Хазорасп бозорининг машҳур шашликларидан тўйгунча едик. Сизларга ҳам олиб келдик- онам ёш боладай мақтанади.

Қачон бундай кабоб еганимизни эсламадик. Сихи тортиб олинган эсада шакли бузилмаган, сиркага эзилган пиёз сепилган, бўлка ноннинг қаватига жойланган кабоб иштаҳани очиб юборди. Биринчи галда отамизга илиндик. Насибасини тақсимчага солдик. Ишдан келганда бир мириқиб есин. Султон опаямизни уйига кетганига  ачиндик. Кабоб баракатли экан. Тўйдик. Янгиликларнида эшитдик.

Диққатимиз опаямизнинг бармоғида ярқираган узукда. Шарифа хола Гулимиз машинага ўтириши билан “Юзкўримлик. Гулимбойга қулоғингни тишлатганда ният қилиб Жумагул тиллафуришдан харид қилганман. Шу кунларга бағри бутунликда етирганига шукур”, деб ўз қўллари билан бармоғига кийдирибди.

Катта сумкада олиб чиққан пулларини роса жўшибди. “Студентсан. Энг замонавийларини танла.” Пальтодан тортиб этиккача, кўйлаклару костюмларгача моҳовот ила харид қилаверибди. Онам ҳам отам берган пулга Гулимбой оғамизга сўнги русумдаги костюм шим, оқ кўйлак, галстук совға қилибди.

Ҳай-ҳайлашларига қарамай сумкаларга ҳужум уюштирдик. Чоз-чўз қилиб бирма бир кўришга қистондик. Чинимиз тортинмай, уялмай либосларни кийиб кўрди. Бувим урушиб бергачгина томошасини тўхтатди.

Қўшниларнинг таърифича Гулпошимизга муносиб тўйлиқ келди. Қудалар тартибли, меҳнатсевар, кўз ўнгида камолга етган қизга эга чиқаётганларидан мамнунлар. Оилавий шароитларимизни билганлари учундир, барча харажатларни зиммаларига олдилар. Сут ҳақига ўжакли соғин сигир келтирдилар. Тўйда биз ҳам яйрадик. Хина ёпар, қиз тўйи, Дўрмандаги никоҳ тўйи кутганимиздан зиёда нишонланди. Тўйда Гулимбой оғамизнинг укаси Қудрат деганлари Аслпошшамизнинг атрофидан узоқлашмади. Асилойимиз уялади, қисиниб қимтинади. Кўрганлар нима дейди деган истиҳолага борадида. Бизнинг ҳазил аралаш боқишимиздан кўзини олиб қочади.

Тошкентдан келган опамнинг дугоналари бизникида меҳмон бўлишди. Уларнинг баҳонасида биз ҳам Хивага саёҳат қилдик. Шундай бебаҳо тарихий масканимиз боридан бошимиз кўкларга етди.

Биз ҳар дамда Ҳурпошшамизни эсладик. “Ҳур рақсда ҳаммани ҳайратга соларди. Унга қўшиқ айттирган бўлардик. Узун сочларини тошкентлик қизлар кўрганда лол қолардилар. Унинг ҳам студент ошиғи билан тўйлари бўлармиди”.

Бизга ғамимизни аритадиган янги эрмак топилди. Қудрат ва Аслпошша. Ойбикамизнинг жаҳли чиқади.

-Қудратни математика фанидан ўтказилган вилоят олимпиадасида учратганман. Мен шаҳардан, у тумандан ғолибликни қўлга киритиб келган. Шу ерда ҳам атрофимда ўралашган-ўзини оқлашга баҳоналар излайди Аслхонимиз. Лекин кўриниб турибди. Йигитнинг эътиборидан мамнун.

Куёв кўрарга Гулимбой оғамиз ўртоқлари билан келди. Уларнинг ортида Қудрат ҳам кўринди. Кўзлари олазарак. Опамни излаяпти. Меҳмонлар кетгунча Асилимиз миссайиб, хонамиздан чиқмади. Бунга мендан бошқа ҳеч ким эътибор қилмади. Барчанинг назари асосан Гул ойбикам ва Гулимбой поччамизда.

Шу куни хабар топганимиз Қудрат оғанинг математика факультетига ҳужжат топширишга ҳозирланаётгани.  Асилойнинг режаси бизга равшан. Ҳисобчиликнинг қисқа курсида ўқиб, фабриканинг ҳисобчилар бўлимига ишга жойлашиш. Режасини тўлиқ амалга ошишига ишонамиз.

Ишончимиз бекорга эмас. Ишончни Онабиби опа берган. У киши катта фабриканинг бош ҳисобчиси. Кучли мутахассис. На уйига, на фарзанд тарбиясига вақт топади. Баъзида ҳатто уйига ҳам ”авансвой отчёт” ё “Квартальний” деб  даста даста ҳужжат кўтариб келади. у Аслпошшамизнинг босиқлигини, математикага иштиёқи баландлигини яхши билади. Уй юмушларига чин дилдан ёрдам  берганидан мамнун. Ҳатто ёлғизгина асранди ўғилчасини ҳам Асилимизга ишонади. Уларнинг ўзаро ҳамкорлиги натижасида опаямиз тўққизинчи синфдалигидаёқ ҳисоб китоб жараёнларини ўргана борди. Ўнинчи синфда соҳани тузуккина ўзлаштирди. Фақат тўрт бармоқдай қоғоз, яъни ҳужжат керак. Ўқув курсига Онабиби опанинг ўзи жойлади.

 Опаялар орзуси. Кечқурун. Дастурхон атрофидамиз. Онам Султонпошша опаямиз учун безовта. Ҳомиласига ўн ой тўлаяпти. Туғишдан дарак йўқ. Ҳатто қайнонаси Хивага бориб туянинг тагидан ўтказиб келди. Ётоқхонаси эшигининг пештоқига туянинг расмини-да илибдилар.(Ғалата иримлар бор. Туя ўн бир ойда туғармиш. Туянинг тагидан ўтган хомиладорнинг кўзи ёриши тезлашармиш)

Эшик тарақлаб очилди. Султонимизнинг ўша безбет қайнукаси оғзи қулоғида кириб келди

-Суюнчини чўзинглар, бийим ўғил туғди.

Ҳаммамиз қувондик. Лекин хирсдай йигитнинг уялмай суюнчи сўрашига нима дейсиз. Ўзидан кичик укаларини жўнатса ўладими. Бу гал хам менга қараб киши билмас қошини қоқди. Портлаб кетай дедим. Мен ҳам худди шундай кишибилмас қилиқ қилдим: ”Мияси айниган ахмоқ!” Тушунди. Тумшайди. Суюнчини қўлга киритиб шитоб билан тез келгандай тез изига қайтди.

Отамга син солдим. Оғзи қулоғида. Овқатни чала қолдириб отланаяпти:

-Мен тезроқ бориб қудаларни табриклай. Азаматни олиб келаман. Онаси туғуруқхонадан чиққунча бизникида юради.

Отамнинг ўғил фарзандларга ўзгача меҳридан яна бир бор ўкиндим.

Бизнинг хонадонимизнинг бирор сир асрори бормикан. Товуқларимиз жўжа очса ўнтадан биттаси хўроз. Сигирларимиз нуқул ғунажин туғади. Гулпошимизнинг сут ҳаққига берилган сигирнинг бузоғи ҳўкизча экан. Отам шунга ҳам қувонди. “Боқиб семиртириб сўямиз. Пулига ем-ҳашак оламиз, молхонани кенгайтирамиз”

Отамнинг айтганича бор. Молхонамиз олдинлари кенгдай туюларди. Иккита соғин сигиримиз бузоқчалари билан яйрарди. Султонпошша опаямизнинг сут ҳаққига келтирилган зотдор ғунажан бир йўла иккита бузоқча туғди. Бузоқчалар чиройли. Айниқса думалоқ кўзчалари, узун киприклари. Ранглари ола, терилари ялтирайди. Уларни Маша Даша деб ўзим номладим. Энди Гулпошимизнинг сут ҳақига келган сигир бузоқ қўшилди. Яхшиям отам ҳўкизчага айрим жой ҳозирлади. Бошқача парвариш қилармиш.

Ёзги таътилимиз бошланиши билан отам онам ишидан меҳнат таътилига чиқдилар. Демак катта режалар бор. Отам биринчи галда молхонани кенгайтиришни бошлади. Айтиб ўтганман, уйимизнинг ён томонидан ёп оқиб ўтади. Шу ёпнинг бизга жуда катта фойдаси бор. Ёпга тегишли ҳудуд кенг қолдирилган. Бемалол фойдаланамиз. Отам молхонани деворимиздан уч метрча ёп ҳудудига суриб қурилиш бошлади. Қурилишга керакли ғишт ҳатто дераза ромларию, томига бостирадиган болорларгача оллохнинг ўзи етказди. Уйимизга яқин эски артел биноси бузилди. Ўрнига катта магазин қуриш режалаштирилган. Бинодан чиққан ғиштми, тупроқми, ёғочми, бемалол ташиб кетишга рухсат берилди. Отам бошлиқ барчамиз ғишт кавлашга киришдик. Аравакаш Шомурот дойининг аравасига озгина кира ҳақи тўлаб, зарур қурилиш анжомларини ташидик. Ишнинг осон кўчканидан хурсандмиз. Отам вақтни ўтказмай молхонани кенгайтиришга киришди. Унга Шомурот дойи ёрдамга келди. Дойини сал овсарроқ дейдилар. Лекин меҳнатни бажону дил бажаради. Қорнини тўйғазсангиз, эски кийим бошларни совға қилсангиз боши осмонга етади. Бувим уни алқалаб, аччиқ чой қуйиб, пешона терини артишга қозоқи рўмоллар бериб, тушга беҳи, кишмиш қўшиб полов дамлаётганини айтиб севинтириб турди. Биз қизлар ҳам қўлимиздан келгунча ёрдамга шошилдик. Қарабсизки, қисқа вақтда пастаккина молхонамиз битди. Шу заҳоти янги “иморат”ни бузоқхонага айлантирдик.

Шомурот дойига отамнинг салгина оҳори тўкилган кийимларини кийгиздик. Хурсандлигин кўриб бувим йиғлаб юборди. “Худойимни эрка бандаси, кийимларни ярашганини қара”. Рўмолга юмшоқ нон, новвот тугди. Отам пул берди. Пулни олмади. “Сенинг болларинг кўп. менда йўқ. уларга бер!”-деди.

Шомурот дойи бувимни яхши кўради. Бувим унинг рахматли ота оналарини таниган.

-Юввош одамлар эди. Иккаласи ҳам касалванд. Онаси Шомуротни туғаётганда оламдан ўтди. Отаси ёлғизликда боласига қаради. Қишда печининг мўриси тиқилиб, тутун ичкарига уриб, уйқудаги ота бола заҳарландилар. Ота ўлиб кетди, бола девонароқ тусга кирди. Амакалари қарамоғига олдилар. Энди ота-онасидан қолган бир хонали уйда ёлғиз яшайди. Меҳрга зор.—дейди. Баъзида нон ёпсак, қорин туёқ пиширсак бувижонимизнинг ўзи элтиб беради. Шомурод дойи ҳам дам-бадам “не ишингиз бор” деб отамга кўмаклашишга ҳаракат қилади.

Молхонамиз корамолларга тўлаяпти. Мол боқишнинг ўзи бўладими. Ёз бўйи тинувимиз йўқ. Қишга дағал ҳашак йиғамиз. Бизнинг бахтимизга шу ёп бор. Ёпнинг рошигача мол ўти экамиз. Икки марта ўриб оламиз. Мевали дарахтларимиз ҳам бор. Қўшнимиз, ёш оила. Қадам оға, Лола бийиларнинг ёп ҳудудидан фойдаланишга вақтлари йўқ. ҳатто ховлиларидаги боғлари ҳам қаровсиз. Шунинг учундир, ёп ҳудудини ҳам, ховлисидаги боғни ҳам бизга инъом этганлар. Бувим мева кўчатларини тайёрлашда тажрибаси ошган. Уруғидан кўпайтиради. Ниҳолларни савоб учун бепул тарқатади. Ўсиб унишини назорат қилади. Қадам оғаларнинг боғини чинаққам боққа айлантирди. Дарахтлар тагига йўринжа (беда) экканмиз. Тўрт марта гул кўрсатади. Тўрт марталаб ўриб оламиз.

Отам дарёнинг нариги ёғига, Шоббознинг кунжарасидан харид қилишга боради. Шоббознинг кунжараси ёғлиқ, молга юқумли. Сутига барка киритади.  Отамнинг  ўзи  машинага ортириб келаолмайди. Яширинча сотилса керак. Шоббозлик таниш ҳайдовчига буюртма беради. Ҳайдовчи ўғрига ўхшаб ҳар доим ярим тунда келади. Биз  уйқудан қолиб тонггача кунжарани емхонага ташиймиз. Ўзимиздаги ёғ заводда ҳам кунжара бор. Лекин,  сўнгги томчи ёғигача сиқиб олингани туфайли ғирт шротга айланиб, молга юқ бўлмай қоларкан.

Эрта баҳордан сигирларимизни ёп бўйига арқонлаймиз. Ёпнинг роши узундан-узоқ. Ўт ўлан, қамишу ёнтоққа тўла. Кўп холларда навбатчилик қиламиз. Мол дегани арқонига ўралашиб қолиши мумкин. Вақти вақти билан бошқа жойга ўтказиб арқонлаймиз. Сигирларимиз оиламизга мос. Арқонланган жойидаги ўт ўланни тозалаб ейди. Ёпнинг қирғоғидан сал ичкарилаб қамишларни шип-шийдон қилади. Кейин мазза қилиб сув симиради ва дарахт тагида ётиб дамини олади.

Кечқурун ем берамиз. Сигирларимиз шелуха, кунжара турли пўчоқлар аралашган емни шу даражада иштаҳа билан ямлайдиларки, қараб турган одамнинг оғзига сув келади. Эртаси  елинлари тирсиллаб туради. Биз болаликдан бувим, онамдан соғувчиликни ўрганганмиз. Аслпошша ойбикам, мен соққан сут баракали. Кишчан турли йўллар билан молхонага яқинлашмаслик йўлларини қидиради. Рўмол ўрасада битлас сочига таппи ҳиди ўрнашади. Ва синфдошларимизнинг бурун жийиришларига сабаб бўлади.

Қанча ҳаракат қилмайлик, озода сақламайлик молхонани ҳиди долонимизга ўтаяпти.

Шу йилги ёзимизда ишимиз кўпайгандан кўпайди. Молхонани сал бўлсада кенгайтирган отам том шувоқ жараёнини бошлади. Онам қариндошларни кўмакка чақиришни таклиф қилди. Отам мутлақо кўнмаслигини айтди.

-Қариндошларнинг ҳаммаси томини шифер билан ёпган. Томшувоқ қиладиган қариндош қолмади. Холатимизни ошкор этмайлик. Вақти келса бизнинг том ҳам тунукаланади -деди

Қиш бўйи хоналардан чакка  ўтиб безор қилди. Сомонлой қоришга киришганидан Шомурот дойи кўмакка келди. Биз ҳам қараб турмадик. Челакларда лой ташидик. Шомурот дойи челакларни арқон ёрдамида томга тортди. Отам сувоқни бошлади

Томда туриб атрофга назар ташлар эканман, кўзим қаровсиз қолган дала шийпонига тушди. Ёпни нарига қирғоғида, шундай уйимизнинг тўғрисида.  Бир пайтлари маҳалламиз болалари билан қумулдигажак ўйнаганмиз. Катта-катта хоналари, кенг айвончаси бор. Эскирган, албатта. Лекин молларга мос жой.

Терлаб пишиб томшувоқ қилаётган отамга пиёлада яхна чой тутдим. Отамнинг бир зум дам олаётганидан фойдаланиб фикримни баён қилдим.

-Ота, шу дала шийпон қачондан бери ҳувиллаб, эгасиздай ётибди.

-Билмадим, кўпдан бери.

-Ота шуни шўро бувадан сўранг, молхона қилайлик. Сигирларимиз яна туғади. Қаерга сиғиштирамиз?

-Сотамиз қизим, сотамиз.

-Йўўўқ, сотмаймиз. Сигирларимиз биздан ранжийди. Ота улар ҳам одамлардай. Хафаланишни, қисинишни биладилар. Олахон сигиримиз Ҳурпошшамиз вафот этганда йиғлаган. Унинг олдига кириб хун-хун йиғлаганимда узун тилларини чиқариб юзимни ялган. Шунда кўзларидаги ёшни кўрганман. Эрталаб соғиш учун кирганимизда уларнинг нафас олишидан бизни кўрганидан қувонганларини ҳис қилганман. Шу дала шийпонини бизга берсалар, молларимизни янада кўпайтирардик.

-Қизиқ таклиф айтдинг, кўрамиз. Мени ишдан қўйма.

Кечқурун таклифимни опаяларимга билдирдим. Тонг отиши билан шийпон томон йўл олдик. Эшикларини қўпориб олибдилар. Ҳамма ёқ роғ-вароғ. Поллари ҳам бузиб, ташиб кетилган. Лекин, муҳими бинонинг ўзи зўр. Бир зумда Аслпошша, Чинипошша, Кишжонбика, Янгилжон, Тўхтажон опаяларимизнинг боши бирлашди.

Шу ернинг ўзидаёқ бўлажак молхонамизни қандай тасаввур қилишни фикрлаша бошладик. Молхонани ўғри тушмаслиги учун қулфлашни, ёки Шомурод дойини қоровулликка таклиф қилишни, емхона учун ҳам жой ҳозирлаш мумкинлигини бир-биримизга гал бермай чуғурлашдик.

-Энг муҳими биздан мол ҳиди келмайдиган бўлади-деди Кишчан чуқур тин олиб.

Шундай қилиб биз опаяларни жипислаштирган орзу дунёга келди. Қандай бўлмасин бизни боқиб турган сигирларимизни сотилишидан сақлаш ва молхонани уйимиздан чеккароққа чиқариш. Бундай қизиқишлар менинг келажакдаги меҳнат фаолиятимга асос солишини ўйламаган эканмиз.

давоми бор.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.