Бекпошша ХЎЖАЕВА : ОПАЯЛАР (ҳикоянинг давоми)

0
26
марта кўрилган.

Кишжон ойбикам

Кишжон опаямиз ҳам, албатта, исмини ўзгартиришга қасам ичиб қўйди. Тўғрида, Кишжон. Гуё шу ном кейин қиз туғилишини тўхтатиб қўядигандай!

Шу ойбикамнинг ҳам феъли оғир-да. Орамиздаги фарқ бор йўғи ўн бир ой. Бир синфда ўқиймиз. Менга опалик қилгани қилган. Синфдошларим орасида тергагани етмагандай, ойбика дейсан деб хархаша қилади. Бувим менга ялинади:

-Ойбика десанг камайиб қоласанми, барибир сендан олдин дунёга келган. Айтишни хохлайсанми, йўқми, барибир ойбиканг! — дейди.

Асло! Ундан яхши ўқийман. Синфбошиман. Дарсларини тайёрлашга ёрдам бераман. Ойбика демайман. Кўчини кўтарсин!

 Ўзим ҳақимда

Менинг исмимга келсак. Ҳар ким ҳар хил оҳангда чақиради. Бувим билан отамнинг тилидан майин эшитилади. Онамнинг тилидан хирароқ чиқади. Қўшнимиз Холжон хола Ўғилпошша деб чақирса жон-поним чиқади. У ҳар куни сигир соғишмиздан икки соатлар олдин бир литрли банка ва пулни айвондаги столга қўйиб:

-Ўғилпошшага айтарсизлар, сутни олиб чиқиб берсин, — деб кетади.

Кўпчиликмиз. Отам бечора икки сменалаб меҳнат қилади. Онам ишдан келиб, буюртмачиларнинг кийимларини тикади. Бувим бошчилигида биз қизлар ўзларимизга тақсимланган юмушларни бажарамиз. Иккита сигиримиз бор. Шаҳар жойида мол боқишнинг ўзи бўладими? Тўғри, ховлимиз шаҳар чеккасидаги маҳаллада. Ёпнинг нариги бетидан қишлоқ бошланади. Лекин шу томонда яшовчилар ҳам  сигирларимиз сутига буюртма берадилар. Соғиб оладиган сутдан ичиш бизга камдан кам насиб этади. Биз ўзимизни гўё сут ичишни ёқтирмайдигандай кўрсатамиз. Негаки, сутдан келадиган пул ҳам ҳарна оилага ёрдам деб биламиз.

Эшигимиз олдига эски катта тоғора қўйганмиз. Қўшниларга рахмат. Қовун — торвуз сабзи пиёз пўчоқларини исроф қилмай тоғорага тўкиб кетадилар. Йўлдош ака эса ёғ заводидан олиб чиқадиган шелуха шротларини бизга пуллайди. Ўзи фақат ҳўкиз боқади. Унинг ёлғизгина арзанда қизи бор. Шукуржон. “Мижанам” деб эркалашини эшитган синфдош болалар уни “Санғароқ” деб чақирадилар. Бунинг-да сабаби бор.

Шукуржон ўрикнинг санғароқини чақиб, мижанасини ейишни хуш кўради. Бечора онаси шу қизи учун ёзда ўрик, қишда ўрик қоқи харид қилиб, данагини ажратиб қўяди. Шукуржоннинг кичкина болғачаси бор. Темиртош устига қўйиб чарқ-чурқ чақиб, шу ернинг ўзида данагидан ажратиб, мағзини тиқирлатиб чайнаб, ҳузур қилиб еб олади. Ота-онаси эркатойларини соғлом улғайиши учун жонини тикишга тайёрлар.

Шукуржон билан мошимиз пишмайди. Тантиқ қиз кунига ниманидир янгидан кияди. Кўйлакми, оёқ ё бош кийимми. Синфдош қизлар “Ўўўў зўр”-дейишади. Мен парво  қилмайман. Бир-биримизни тан олмаймиз. Кўпинча жанжаллашиб қоламиз. Шунда у мени “Ўққи, мушугимни …..ққи!” деб ҳақоратлайди. Жим турармидим. “Шукур Шукур Шукона, югуриб борди дўкона, дўкон бош  б…. бўлди, Шукуржоним йўқ бўлди”, деб этагимни силкитиб, уйга кириб кетаман.

Бизни қарама қаршилигимиз шундан иборат: Шукуржоннинг онаси унга нуқул мени ибрат қилиб кўрсатади. Ҳар жиҳатдан. Ўқишдан, уй ишларини бажаришимдан. Озода кийинишимдан. Шукуржоннинг янги кийими бир зумда эски тусга киради. Аямайди. Ишонсангиз менгина бечорага янги уст бош насиб қилмаган. Фақат опаяларимнинг эскиси билан ўнғишаман. Бизда удумга кирган. Султон опамга сифатли, тўзишга ақли етмайдиган кийимбош ҳарид қилинади. Кейинги йили Гулпош опамга, кейин Ҳурпош, Чинга, ишқилиб, барчамизга, мендан кейин Тўхтапошшогача кияди. Сўнгра эса ювилиб, тозаланиб кўрпачаларга астар қилиниб, хонтахта атрофини безайди.Қалинлари эса ихчамлаштириб болишга айлантирилади. Бизда бирор нарса чиқитга чиқмайди. На бир пўчоқ, на бир нон ушоғи. Дафтарларимизнинг сўнги варағигача тўлиқ ишлатамиз. Ва шу қоғоздан ҳам унумли фойдаланамиз. Қай тарзда дерсиз?

 Яна Чинипошшамиз тўғрисида

Қўшнимиз Холжон онанинг уйида педагогика билим юртида таҳсил оладиган қизлар ижарада туради. Бир гал Чини опаямиз уларнинг олдига кириб, қоғозлардан чойнак-пиёлалар бунёд этаётганларини кўрибди. Қизиқибди. Ёрдам берибди. Хамирдан фойдаланиб жисмлардан шакл, нусха олишларини кузатибди. Хушёқмас ойбикам чаққонлашиб кетди. Ҳар куни қизларнинг олдига шошади. Бундай ясамалар бутафор деб аталиб, бўлажак боғча опаларга қўлланма сифатида ўргатилар экан.

Опаямиз жараёнга киришгандан киришди. Тўплаб қўядиганимиз эски дафтарлар, ҳатто отам мажбурий обуна бўлиб, хеч биримиз ўқимайдиган газеталаргача фойда берди. Ойбикам худди ростакамига ўхшатиб қовун, торвуз, мевалар, ўйинчоқларгача ясашни бошлади. Чиройли чиққанларини хушёқмас талабаларга пуллайди. Хунуклари Тўхтажон синглимга қолади. У ҳам чиқонлари билан хола-хола ўйнади ва арзимас чақага сотиб юборади. Тўпланган тийинлар барака ато этиб Чини ойбикам ўз маблағига шакар харид қилади. Ҳеч кимга бермайди. Қизғанчиқми? Асло!

Уйимизнинг рўпарасида қўшнимиз Танзила опа яшайди. Татарча пишириқларнинг устаси. Тўй қиладиган миллатдошлари унга буюртма берадилар. Опа эса бизни кўмакка чақиради. Уй юмушларидан қочадиган Чингулимиз бажону дил ёрдамга шошади. Қисқа вақт ичида чак-чак, турли хил булочка, печеньеларни пиширишни ўрганиб олди. Йиғиб қўйган шакарларини шунга ишлатди. Бувимдан илтимос қилиб сигиримизнинг сутидан озроқ олиб қоладиган ва катиқ уютадиган, пишириқларига ишлатадиган бўлди. Маҳсулотини, асосан, талаба қизларга пуллайди. Бизларга куйгани, чала пишгани етади.

Қизлар ҳар шанба куни туманларга, уйларига кетадилар, душанба эрталаб, тўлиб тошиб қайтадилар. Ота-оналар ўзлари емасаларда қизларини тўқ юришини таъминлаш учун тухумдан тортиб нон, гўшт-ёғу, сабзи-пиёз, гуручгача берадилар.

Гурланлик Шодмонжон  гуручни кўпроқ келтиради. Чини ойбикамнинг пишириқларига алишади. Ҳафта охирига буюртма беради. Айтишича уйидаги барчага ойбикамнинг пишириқлари ёқиб қолибмиш. Момоси шу қизни Седаматга( Саидахмад бўлса керак) келин қиламиз деганмиш. Менинг бувимга эса уларнинг гуручи ёқиб қолди. Ёшлик чоғларида бувам етиштирган шолидан чиқадиган гуручнинг таъмию, баракати бормиш. Илгари ишёқмас деб урушиб юрадиган Чинипошша ойбикамни бувим бошига кўтариб алқайдиган бўлди.

-Эпли қизим керакми, сепли?

-Сепи на керак эплиси яхши-деб қўяди.

 давоми бор.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.