Беруний” номли ҳужжатли фильм ҳамда турк ва инглиз тилларида чоп этилган “Беруний” китобининг тақдимоти

0
233
марта кўрилган.

Маданият вазири Озодбек Назарбеков Туркия сафари доирасида туркиялик бир гуруҳ олимлар билан учрашди. Истанбулнинг энг нуфузли университетларидан бири бўлмиш Беруний университетида ташкил этилган мазкур учрашувда Мармара фонди президенти Аккан Сувер, Беруний университети ректори Аднан Юксел, профессор Бекир Карлиға ҳамда бир қатор давлат ва жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Аднан Юксел ўзбекистонлик меҳмонларни қарши оларкан илми, ижоди билан дунёга эзгулик улашган Имом Бухорий, Абу Райҳон Беруний, Алишер Навоий каби буюкларимиз тупроқларидан салом келтирган бу инсонлар биз учун жуда азиз ва қадрлидир,- дея вазир ташрифидан мамнун эканини билдирди.

Дўстона учрашув давомида Туркия ва Ўзбекистон ҳамкорлигида суратга олинган “Беруний” номли ҳужжатли фильм намойиши ҳамда турк ва инглиз тилларида чоп этилган “Беруний” китобининг тақдимоти ҳам ўтказилди. Мазкур асар ўзбек тилига таржима қилинмоқда. Ҳужжатли фильмда алломанинг болалигидан то буюк мутафаккир бўлиб етишгунга қадар бўлган давр акс эттирилган.

Мулоқот чоғида университет ректори қайд этганидек, буюк қомусий олим Абу Райхон Беруний илм-фан соҳасида катта мерос қолдирган аллома, математика ва астрономия илмининг билимдони сифатида Шарқ ва Ғарбда эъзозланади. Шунинг учун ҳам буюк мутафаккир ҳақида ҳали кўплаб илмий ижодий асарлар, ҳужжатли ва бадиий фильмлар суратга олинади, унинг илмий асарлари талабалар, профессор олимлар томонидан чуқур ўрганилади.

Шу ўринда Маданият вазири ҳам кўрсатилган юксак эҳтиром, илиқ дўстона муносабатлардан мамнун эканлигини билдирди. “Беруний” китоби ҳамда ҳужжатли фильми учун ўзбек халқи номидан миннатдорлик изҳор этди.

– Мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик ва яқин дўстлик ришталарининг мустаҳкамланганлиги, икки давлат раҳбарларининг бир-бирига қўл бергани, биз ижодкорлар учун ҳам жуда катта ҳамкорлик эшикларини очди. Бу маданий ва маърифий соҳадаги фаолиятимиз бизнинг қардош ва биродар миллат бўлиб, биргаликда бошлаган катта эзгу ишларимизнинг дебочасидир. Халқингиз билан қиладиган ишларимиз ҳали жуда кўп. Бугун турк дунёси ўзининг “Мен”ини айта бошлади. Жаҳон тараққиётида, ислом цивилизациясида, илмий маданиятнинг юксалишида, бутун туркий халқлар бир овоздан “Мен” дейиши йўлида Ўзбекистоннинг улуши жуда катта. Ва бу турк дунёси учун манфаатлидир,- деди Назарбеков.

Турк халқининг, турк олимларининг юртимиз фарзанди, буюк аллома Берунийга кўрсатган эҳтиромлари бизда, ёшларимизда фахр туйғусини яна бир бора ҳис қилдиради. Берунийдек буюк алломаларнинг номи,  юртини улуғлаганларнинг яхшиликлари ва эзгу ишлари ҳамиша диллардан дилларга кўчаверади. 

GUJUM.UZ

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.