БМТ Бош Ассамблеясининг “Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш” резолюцияси қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги баёноти

0
474
марта кўрилган.

Жорий йил 22 июнь куни БМТ Бош Ассамблеясининг ялпи мажлисида «Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш» резолюцияси қабул қилинди. Лойиҳаси Ўзбекистон томонидан Марказий Осиёдаги қўшни мамлакатлар билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган ушбу ҳужжатни БМТга аъзо барча давлатлар бир овоздан қўллаб-қувватлади.

Резолюциянинг қабул қилиниши Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан 2017 йил сентябрь ойида Нью-Йоркда бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида илгари сурилган ташаббуснинг амалий ижроси ҳисобланади. Ўзбекистон раҳбари ўз чиқишида 2017 йил ноябрь ойида Самарқандда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида Марказий Осиё бўйича юқори даражадаги халқаро анжуман ўтказилишини маълум қилиб, унинг якунлари бўйича Марказий Осиё давлатларининг хавфсизликни таъминлаш ва минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашга доир махсус резолюциясини қабул қилишни таклиф этди. 
 
Европа, Шимолий ва Жанубий Америка, Осиё ва Африканинг 55 мамлакати ушбу резолюция ҳаммуаллифлари бўлди. Улар орасида Австралия, Австрия, Афғонистон, Беларусь, Германия, Италия, Ҳиндистон, Индонезия, Канада, Нигерия, Норвегия, БАА, Корея Республикаси, Сингапур, Туркия, Швейцария, Эквадор ва бошқа мамлакатлар бор. Ҳужжатни ишлаб чиқиш бўйича маслаҳатлашувларда Марказий Осиёнинг барча етакчи ҳамкор давлатлари, жумладан, Россия, ХХР, АҚШ ва ЕИ мамлакатлари фаол ва конструктив тарзда иштирок этди. 
 
Резолюцияда Марказий Осиё давлатларининг минтақада тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш, шунингдек, минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашдаги муҳим роли эътироф этилади. Марказий Осиё давлатларининг хавфсизлик ва тараққиёт соҳаларидаги минтақавий ва халқаро ташаббуслари алоҳида қайд этилади. 
 
Ҳужжатда Бош Ассамблея минтақа мамлакатлари томонидан Марказий Осиёда барқарорлик ва иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган саъй-ҳаракатлар ва ташаббусларни қўллаб-қувватлаши баён этилади. Ўзбекистоннинг Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳатлашув учрашувларини мунтазам ташкил қилиш бўйича ташаббуслари минтақа доирасида қўллаб-қувватланаётганини мамнуният билан қайд этган ҳолда, резолюция бундай маслаҳатлашувлар платформасидан минтақанинг долзарб муаммоларини биргаликда ҳал этиш йўлида самарали фойдаланишга даъват этади. Ҳужжатда 2018 йил 15 март куни Остона шаҳрида Марказий Осиё давлат раҳбарларининг илк саммити ўтказилгани эътироф этилади. 
 
Резолюцияда Марказий Осиёда хавфсизликни мустаҳкамлаш, сув ва энергия манбаларидан унумли ва комплекс фойдаланиш, Орол денгизи қуриши билан боғлиқ экологик ва ижтимоий-иқтисодий асоратларни юмшатиш, минтақада замонавий транспорт ва транзит тизимини ташкил этиш, маърифат, фан, технологиялар, инновациялар, туризм, маданият, санъат ва спорт соҳаларидаги алоқаларни чуқурлаштириш йўналишларида икки томонлама ва минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш муҳимлиги қайд этилади. 
 
Марказий Осиё давлатларининг Афғонистонда тинчлик ўрнатиш ва ижтимоий-иқтисодий тараққиётга кўмаклашишга қаратилган биргаликдаги саъй-ҳаракатларига алоҳида эътибор қаратилади. Ушбу мамлакатда тинчлик ва муросага эришиш мақсадида жорий йил март ойида «Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик» мавзуидаги Афғонистон бўйича Тошкент конференциясининг аҳамияти қайд этилади.
 
Резолюция халқаро ҳамжамият, хусусан, БМТ тизимидаги ихтисослашган муассасалар, жамғарма ва дастурларни минтақа мамлакатлари томонидан кўзда тутилаётган Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорлик, интеграция ва барқарор тараққиётнинг устувор йўналишларини қўллаб-қувватлашга даъват этади. 
 
Ушбу резолюциянинг БМТда бир овоздан маъқулланиши ва қабул қилиниши Ўзбекистоннинг Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида юритаётган очиқ, оқилона ва конструктив ташқи сиёсати туфайли Марказий Осиёда шаклланган мутлақо янги, ўзаро ишонч ва яхши қўшничилик муҳити халқаро миқёсда кенг эътироф этилаётганидан далолат беради. Халқларини минг йиллик биродарлик ва яхши қўшничилик ришталари, муштарак тарих, дин, маданият ва анъаналар боғлаб турган Марказий Осиёда тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг асосий устувор йўналиши ҳисобланади.
 
БМТ Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинган резолюция Марказий Осиёни ҳамкорликда умумий муаммоларни ҳал қилиш, минтақа тараққиёти ва унинг кўп миллионли аҳолиси фаровонлигини таъминлашга қодир яхлит жипслашган минтақа сифатида шаклланишида муҳим босқич бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз. 
 
Тошкент, 2018 йил 23 июнь

Манба: ЎзА

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.