Болалик дунёси ранг баранг. Дунёда фарзанддан кўра ширин, бебаҳо неъмат йўқ. Уларга боримизни беришга тайёрмиз доим.
2022 йил 1 июнь куни Тошкент шаҳар «Билим» ахборот-кутубхона маркази мутахассислари 1 июнь «Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни» муносабати билан «Меҳр кутубхонаси» лойиҳаси доирасида Чилонзор туманидаги «Навбаҳор» маҳалла фуқаролар йиғини фаоллари билан ҳамкорликда «Болаларга беринг дунёни!» мавзусида байрам тадбири ўтказилди. Тадбирда маҳалла фаоллари, худуддаги тадбиркорлар, ишбилармонлар, кўп қаватли турар жой биноларида истиқомат қилувчи оилаларнинг фарзандлари, ота-оналар, кам таъминланган оилалар, ногирон болалар иштирок этдилар.
Тадбирни «Навбаҳор» МФЙ раиси И. Собиров очди ва барча ёшларни байрам билан табриклади. Мамлакатимиз раҳбариниг ёшлар сиёсатига доир олиб бораётган ишлари ҳақида гапирар экан, ҳар бир бола давлатимиз назоратида эканлиги, уларни ҳаётига ҳеч ким бефарқ эмаслиги ҳакида алоҳида тўхталиб ўтди. Фарзандларимиз бизни келажагимиз, уларни қонуний ҳимоя қилиш, тақдирига бефарқ бўлмаслигимиз лозим дея таъкидлади И. Собиров.
Тадбир давомида Тошкент шаҳар «Билим» АКМ мутахассиси Р. Холиқова болалар адабиёти намоёндалари ижоди асосида ташкил қилинган китоблар кўргазмасида ўрин олган адабиётларга библиографик шарҳ бериб ўтди. Ёзги таътил кунлари бошланганлигини, таътилни сермазмун ўтказиш учун барча маҳалла ёшларини «Билим » АКМга келиб, китоб мутолааси билан шуғулланишга чорлади.
Тадбирда маҳаллада истиқомат қилувчи санъатсевар ёшлар ижросида куй ва қўшиқлар янгради. Байрам баҳона викторина ўйинлари ташкил қилиниб, қизиқарли саволлар берилди. Ҳозиржавоб, топағон ёшларга китоблар улашилди. Маҳаллий тадбиркорлар томонидан байрамда иштирок этган болаларга совға-саломлар улашилди. Шунингдек, ногирон болалар, эҳтиёжманд оилаларнинг фарзандларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Байрам қизиқарли ва мазмунли ўтди.
Р. Xоликова, Тошкент шаҳар «Билим» АКМ етакчи мутахассиси