Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари Борий Алихонов билан ОАВ вакилларининг мулоқоти бўлиб ўтди. Унда қайта тикланувчи энергия манбаларининг ижтимоий, иқтисодий, экологик афзалликлари хусусида маълумот берилди.
Қуйида Борий Алихоновнинг журналистлар билан мулоқоти чоғида айтган сўзларидан иқтибослар келтирилади:
Узоқ қишлоқларга, овулларга, аҳоли яшаш пунктларига олис масофадан анъанавий электростанциялар орқали электр узатишда 30-35 фоизгача энергияни йўқотамиз.
Ваҳоланки, агар қайта тикланувчи энергия манбаси, масалан, қуёшдан фойдаланиш имконини берадиган фотоэлектростанцияларни аҳоли истиқомат қиладиган узоқ ҳудудларда ва бошқа ижтимоий объектларда жойлаштириш натижасида энергия тежамкорлигига эришишимиз мумкин.
Биринчидан, иқтисодий жиҳатдан ютамиз. Иккинчидан, экологик тоза бўлган ҳам иссиқлик, ҳам электр энергияси оламиз.
Дунё бўйича ҳар йили энергия манбаларидан 2 миллион 200 минг тонна ҳавони ифлослантирувчи моддалар атмосферага чиқарилади.
Бу инсон ва бошқа биологик организмларга салбий таъсир кўрсатади. Турли хил касалликларни келтириб чиқаради.
Энергия ресурсларидан ажралган зарарли моддаларнинг атроф-муҳитга тарқалиши натижасида ер деградацияси, сув деградацияси, ҳаво ифлосланиши юзага келади.
Нефт-газ чиқиндиларини утилизация қилиш ҳам иқтисодий зарар келтиради.
Шуларнинг ҳаммасини кўз олдингизга келтирсангиз, қайта тикланувчи энергия манбалари экологик жиҳатдан қанчалар афзаллигини тушуниш, ҳис қилиш мумкин.
Ўзбекистонда фақат қуёш ёки шамол энергиясидан эмас, айрим маҳаллий ҳудудларда биотермал энергия манбаларидан, чорвачилик ривожланган жойларда биогаздан фойдаланиш имконияти мавжуд.
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Матбуот хизмати