Урганч шаҳридаги 9203 харбий қисмда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига 117- Урганч сайлов округидан кўрсатилган номзод Бекчанова Дилбар Зариповна ўз сайловчилари билан учрашди.
Унда партия фаоллари, ҳарбийлар иштирок этдилар.
Сайловчилар билан учрашувда номзод сайловолди дастурига алоҳида тўхталди. Сўзга чиққанлар сиёсий партиялар томонидан илгари сурилаётган ғоялар юртимизни янада тараққий эттиришда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлашди.
Маълумки, партия Дастури – барча даражадаги депутатликка номзоднинг дастури учун асос бўлиб хизмат қилади. Жумладан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзоднинг дастурида, энг аввало, қонунлар қабул қилиш, уларнинг бажарилишини парламент томонидан назорат қилиш орқали муаммоларни ечишга кўмаклашиш, аниқ бир сайлов округидаги сайловчиларнинг давлат манфаатларига жавоб берувчи эҳтиёжларини ҳисобга олиш масалалари акс этиши керак, албатта.
Шунингдек, Урганч шаҳридаги 53008 ва 7260 ҳарбий қисмда фаолият юритаётган сайловчилар билан ҳам учрашувлар бўлиб ўтди.
Номзод кеча вилоят касалхонасида ишлаётган сайловчилар билан, бугун эса 3-оилавий поликлиника врач ва ҳамширалари билан учрашиб, партия дастури ва ундан келиб чиқадиган вазифалар ҳамда ўзининг шахсий дастурида белгиланган вазифалар ҳақида гапирди.
Азиз ватандошлар! Юртимиз равнақига бефарқ бўлманг, давлатимизнинг тараққиётига ўз ҳиссангизни қўшинг. Бунинг учун ҳурматли сайловчилар 22 декабрда бўлиб ўтадиган сайловларда фаол иштирок қилинг.
Р.Сапаева