Бунёдкорлик лойиҳалари муҳокама қилинди

0
113
марта кўрилган.

Президент Шавкат Мирзиёев 26 июль куни маданият, тиббиёт, савдо ва хизмат кўрсатиш иншоотлари қурилишига оид лойиҳалар тақдимоти билан танишди.

Аввал хабар берилганидек, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғи ҳудудида замонавий кутубхона барпо этилиши режалаштирилган. Унинг дастлабки тархи бир ой аввал тақдимот қилинган, бугунги кунда давлатимиз раҳбарининг тавсиялари асосида такомиллаштирилган.

Масалан, кутубхона биносининг ташқи кўриниши юртимиздаги қадимий обидаларга уйғун тарзда лойиҳалаштирилган. Улкан китоб фондини сақлаш, мутолаа, маданий ҳордиқ чиқариш, турли тадбирлар ўтказиш билан боғлиқ барча жиҳатлар инобатга олинган.

Тақдимотда кутубхона лойиҳаси батафсил кўриб чиқилди.

Давлатимиз раҳбарига онкология ва гематология шифохоналарини ташкил этиш бўйича қилинаётган ишлар тўғрисида ҳам маълумот  берилди.

Маълумки, шу йил 27 май куни “Аҳолига гематология ва онкология хизматларини кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида” Президент қарори қабул қилинган эди. Ушбу қарорга мувофиқ, Республика онкология ва радиология тиббиёт маркази учун янги иншоот қуриш белгиланган.

Шу мақсадда Тошкент тиббиёт академияси клиникаси ҳудудидан 5 гектардан зиёд ер ажратилган. Хорижий тиббиёт муассасаларининг илғор тажрибаси, шифокор ва беморлар учун барча шароитлар ҳисобга олиниб, лойиҳа ишлаб чиқилган. Хусусан, бу борада Корея Республикасининг “Daedong Medical Consulting” компанияси билан ҳамкорликда иш олиб борилмоқда. 50 дан ортиқ консалтинг корхоналарини ўз ичига олган ушбу компания Корея ва хорижий мамлакатларда 600 дан ортиқ муассасалар қурилишида иштирок этган.

Президентимиз қарори асосида гематологияни ривожлантириш борасида ҳам сифат ўзгаришлари амалга оширилмоқда. Хусусан, Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси алоҳида марказ сифатида ажратилиб, келгуси йилдан бошлаб Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт марказидан мустақил тарзда фаолият юритади. Бу икки марказ Тошкент шаҳри Чилонзор тумани Арнасой кўчасида янги қурилган замонавий биноларга жойлаштирилади.

Тақдимотда ушбу марказларни янги биноларга кўчириш бўйича олиб борилаётган ишлар қайд этиб ўтилди. Бугунги кунда ҳар иккала марказдаги барча хоналар зарур ускуна ва мебел билан жиҳозланган. Ҳар бир ўрин кислород нуқталари билан таъминланган. Кунлик 100 қатновга мўлжалланган амбулатор поликлиника ва стационар бўлимлар ташкил этилган. Оптик толали интернет асосида ишловчи электрон шифохона дастури жорий этилмоқда.

Шунингдек, бу ерда бактериологик, вирусологик лабораториялар ва виварий учун бинолар қурилиши режалаштирилган.   

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 12 ноябрдаги фармонига мувофиқ, “Термиз” эркин иқтисодий зонаси ҳудудида Термиз халқаро савдо маркази ташкил этилмоқда. Шавкат Мирзиёев Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида унинг бош режасини кўздан кечирган эди.

Умумий қиймати 75 миллион доллар бўлган ушбу марказ улкан ва кўп тармоқли бўлади. У ерда 1 минг 800 та савдо нуқтаси, қарийб 1 миллион тонна юк сиғимига эга логистика маркази ва омборхоналар, 1 минг 600 квадрат метрлик экспо марказ, шунингдек, иккита меҳмонхона, хостел, шифохона, автомобиль устахоналари ва бошқа объектлар барпо этилади.

Марказ учун Термиз туманидан 26 гектар майдон ажратилиб, қурилиш ишлари бошлаб юборилган. Корпусларнинг биринчи қаватида савдо нуқталари, иккинчи қаватида енгил ишлаб чиқариш корхоналари жойлаштирилиши кўзда тутилган.

Халқаро савдо марказида махсус солиқ ва божхона режими, 10 кунгача визасиз тартиб, “ягона дарча” тамойили асосида хизмат кўрсатиш йўлга қўйилади. Натижада ишлаб чиқариш ҳам, савдо ҳам ривожланади. Марказнинг йиллик савдо айланмаси 500 миллион доллар, экспорт қуввати 200 миллион доллар бўлиши мўлжалланган. Бу ерда жами 5 минг 600 дан зиёд иш ўрни яратилиши мумкин.

Тадбирда Тошкент шаҳрида давлат объектларидан самарали фойдаланиш, Наманган вилоятида йўл бўйларида савдо ва хизмат шохобчалари ташкил этиш борасидаги режалар ҳам муҳокама қилинди.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.