Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида

0
130
марта кўрилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Буюк шоир ва мутафаккир, атоқли давлат ва жамоат арбоби Алишер Навоийнинг бебаҳо ижодий-илмий мероси нафақат халқимиз, балки жаҳон адабиёти тарихида, миллий маданиятимиз ва адабий-эстетик тафаккуримиз ривожида алоҳида ўрин тутади. Улуғ шоир ўзининг шеърий ва насрий асарларида юксак умуминсоний ғояларни, она тилимизнинг беқиёс сўз бойлиги ва чексиз ифода имкониятларини бутун жозибаси ва латофати билан намоён этиб, ер юзидаги миллионлаб китобхонлар қалбидан муносиб ва мустаҳкам ўрин эгаллади.

Сўнгги йилларда Алишер Навоийнинг бой ва серқирра ижодий меросини ҳар томонлама чуқур ўрганиш, унинг ўлмас асарларини юртимизда ва хорижий мамлакатларда кенг тарғиб қилиш ҳамда хотирасини абадийлаштириш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, шоир туғилган қутлуғ 9 февраль санасини ҳар йили адабиёт ва маърифат байрами сифатида юксак даражада нишонлаш анъанаси қарор топди. Улуғ сўз санъаткорининг асарлари мунтазам нашр этилиб, навоийшунослик соҳасида кўплаб тадқиқотлар олиб борилмоқда, республика ва халқаро миқёсда илмий анжуманлар ўтказилмоқда.

Шу билан бирга, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ташкил этилгани, мамлакатимиз ҳамда бир қатор хорижий давлатларда ҳайкаллари ўрнатилгани, асарлар тўплами тўлиқ нашрдан чиқарилгани, пойтахтимиз марказидаги улуғ бобомизнинг муаззам меъморий ёдгорлигига мутаносиб равишда Адиблар хиёбони барпо этилгани маданий ҳаётимиздаги улкан воқеаларга айланди.

Жонажон Ватанимиз “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” деган бош тамойил асосида тараққиётнинг бутунлай янги босқичига қадам қўйиб, янги Уйғониш даври – Учинчи Ренессанс пойдеворини яратаётган бугунги кунда Алишер Навоийнинг безавол адабий мероси мисолида ўзбек адабиёти ва маданиятини чуқур ўрганиш ва оммалаштириш ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.

Алишер Навоий асарларида теран ифода топган миллий ва умуминсоний ғояларнинг жаҳон тамаддунида тутган ўрнини ҳамда ўсиб келаётган ёш авлоднинг интеллектуал салоҳиятини ошириш, улар қалбида юксак ахлоқий фазилатларни тарбиялашдаги беқиёс аҳамиятини назарда тутиб, шунингдек, улуғ шоир ва мутафаккирнинг адабий-илмий меросини мамлакатимизда ва халқаро миқёсда янада чуқур тадқиқ қилиш ва кенг тарғиб этиш мақсадида:

1. Маданият вазирлиги, Фанлар академияси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамда кенг жамоатчилик вакилларининг 2021 йилда буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.

2. Қуйидагилар:

Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини нишонлаш бўйича ташкилий қўмита (кейинги ўринларда – Ташкилий қўмита) таркиби 1-иловага мувофиқ;

Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини нишонлаш бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирлар дастури (кейинги ўринларда – чора-тадбирлар дастури) 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Ташкилий қўмитага Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини нишонлаш доирасида ўтказиладиган тадбирларни юксак савияда ташкил этиш, мазкур қарор ва чора-тадбирлар дастурининг ўз вақтида, сифатли ва тўлиқ амалга оширилишини мувофиқлаштириб бориш вазифалари юклатилсин.

3. Вазирлар Маҳкамаси тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда:

Алишер Навоий ҳаёти ва ижодини мамлакатимиз ва халқаро миқёсда кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Алишер Навоий номидаги халқаро жамоат фондини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори лойиҳасини ишлаб чиқсин;

Алишер Навоийнинг ижодий меросини чуқур ўрганиш ва оммалаштиришга улкан ҳисса қўшган мамлакатимиз ва хорижий давлатлар фуқароларини ҳамда илмий-ижодий муассасаларини тақдирлаш мақсадида Алишер Навоий орденини таъсис этиш юзасидан таклиф киритсин;

Афғонистон Ислом Республикасининг Ҳирот шаҳридаги Алишер Навоийнинг мақбараси мажмуасида қурилиш ва ободонлаштириш ишларини амалга ошириш имкониятларини ўрганиб чиқсин ва натижаси бўйича таклиф киритсин.

4. Маданият вазирлиги Ташқи ишлар вазирлиги, Фанлар академияси, Давлат божхона қўмитаси билан ҳамкорликда хорижий давлатларда сақланаётган Алишер Навоий қаламига мансуб ва у яшаган даврга оид қўлёзмаларнинг факсимиле нусхаларини мамлакатимизга олиб келиш чораларини кўрсин.

5. Фанлар академияси:

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда 2020-2021 йиллар давомида Алишер Навоийнинг қўлёзмалари асосида шоир асарларининг мукаммал илмий нашрини яратиш ишларини амалга оширсин;

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда 2020 йил декабрга қадар Алишер Навоий ижодий меросининг шарҳини яратиш ишларини якунига етказсин ҳамда уларни “Навоий ва ёшлар” махсус дастурида жойлаштириш учун Ёшлар ишлари агентлигига тақдим этсин;

Алишер Навоий номидаги давлат адабиёт музейида 2021 йил ноябрь ойида Алишер Навоий яшаган давр, шоир ҳаёти, ижоди, адабий муҳити, устозлари, замондошлари ва издошлари ҳақида ҳикоя қилувчи, асарларининг қўлёзма ва нашр нусхалари тўғрисида маълумот берувчи адабий-бадиий кўргазмани ташкил этсин.

6. Инновацион ривожланиш вазирлиги тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда Алишер Навоий ҳаёти ва ижодий меросини тадқиқ этиш бўйича илмий тадқиқот ишларига давлат буюртмаси талабларига мувофиқ илмий лойиҳалар танловини эълон қилсин.

7. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги, Фанлар академияси билан биргаликда 2021 йил охирига қадар Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Алишер Навоий асарлари ҳамда навоийшунослик фани бўйича амалга оширилган илмий тадқиқотларнинг электрон платформасини яратсин.

8. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Мактабгача таълим вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги Алишер Навоий асарларини узлуксиз ўқитиш концепциясини ишлаб чиқсин ҳамда 2021/2022 ўқув йилидан барча таълим муассасаларида шу асосда ўқитишни йўлга қўйсин.

9. Ёшлар ишлари агентлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2020 йил декабрга қадар қуйидаги масалаларни ўз ичига олган “Навоий ва ёшлар” махсус дастурини ишлаб чиқсин ва амалга оширсин:

умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида “Навоий ворислари” ғазалхонлик танлови, Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар ўқувчилари ўртасида “Навоийни англаш” мавзусида иншолар танловини ўтказиш ва ғолибларни муносиб тақдирлаш;

бешта муҳим ташаббус доирасида ёш дастурчиларни кенг жалб этган ҳолда Алишер Навоий асарларининг мобиль иловаларини яратиш ва уларни ёшлар ўртасида оммалаштириш.

10. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги ва Тошкент шаҳар ҳокимлигининг 2021 йилда Тошкент шаҳрида Алишер Навоий номидаги ижод мактабини ташкил этиш ҳақидаги таклифига розилик берилсин.

11. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Маданият вазирлиги, Фанлар академияси, Навоий вилояти ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2021 йил ноябрь ойининг биринчи ўн кунлигида Навоий шаҳрида “Алишер Навоий ижодий меросининг башарият маънавий-маърифий тараққиётидаги ўрни” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференцияни ҳамда Тошкент шаҳрида Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигига бағишланган тантанали адабий-бадиий анжуманни юқори савияда ўтказсин.

12. Маданият вазирлиги 2021 йилда Алишер Навоий ҳаёти ва асарлари асосида янги спектакллар яратиш ҳамда “Навоий сиймоси ва асарлари саҳнада” республика театрларининг фестивалини ўтказиш, шоир ғазаллари асосида “Назм ва наво” кечаларини, мақом танловларини ташкил этишни таъминласин.

13. “Ўзбеккино” миллий агентлиги 2021 йил давомида Алишер Навоий асарлари асосида бадиий ва мультипликацион фильмлар, шоир ҳаёти ва ижоди билан боғлиқ янги маълумотлар ва манбалар асосида тўлиқ метражли бадиий-публицистик фильм яратиш чораларини кўрсин.

14. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Молия вазирлиги Фанлар академияси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда 2021 йилда “Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллиги” рукни остида шоир асарлари, унинг ҳаёти ва ижоди ҳақидаги илмий ва оммабоп китоблар туркумини чоп этиш чораларини кўрсин.

15. Ташқи ишлар вазирлиги 2021 йилдан бошлаб мунтазам равишда:

Фанлар академияси, Ёзувчилар уюшмаси ва бошқа мутасадди вазирлик ва идоралар билан биргаликда мамлакатимизнинг хориждаги дипломатик ваколатхоналарида Алишер Навоий ҳаёти ва ижодига бағишланган тадбирлар ташкил этиш;

чет элда истиқомат қилаётган ўзбек тили мутахассислари, таржимонларни жалб этган ҳолда Алишер Навоийнинг асарларини чет тилларга таржима қилишнашр этиш ва хорижий мамлакатларда тақдимотларини ўтказиш бўйича тизимли ишларни амалга оширсин.

16. Молия вазирлиги, Маданият вазирлиги, Фанлар академияси Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейи биносини тўлиқ реконструкция қилиш, янги замонавий экспозиция яратиш, зарур техник ва ашёвий жиҳозлар билан таъминлаш учун керакли маблағлар ажратиш чораларини кўрсин ҳамда 2021 йил октябрга қадар таъмирлаш ишларини якунига етказсин.

17. Ўзбекистон Бадиий академияси ва Республика “Ҳунарманд” уюшмаси 2021 йил февраль ойида Алишер Навоий ҳаёти ва ижодига бағишланган тасвирий санъат асарлари, миниатюралар, халқ амалий санъати намуналари кўргазмаларини ўтказсин.

18. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини нишонлаш билан боғлиқ тадбирларни кенг ёритиш, шоир асарлари асосида махсус кўрсатув ва эшиттиришлар, ўқув-маърифий фильмлар яратиш тавсия этилсин.

19. Мазкур қарорда назарда тутилган чора-тадбирларни молиялаштириш манбалари этиб Давлат бюджети маблағлари, ташкилотчиларнинг ўз маблағлари ҳамда қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар белгилансин.

20. Мазкур қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.А.Абдувахитов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти                                                               Ш.Мирзиёев

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.