Central Asia – 2019: Фан, таълим, маданият ва бизнесда интернет ва ахборот-кутубхона ресурслари

0
303
марта кўрилган.

Хоразм вилоятининг Урганч шаҳрида 24-26 апрель кунлари “Central Asia – 2019: Фан, таълим, маданият ва бизнесда интернет ва ахборот-кутубхона ресурслари” XIII Халқаро анжумани бўлиб ўтади. 23 апрел куни халқаро тадбирга келувчилар аэропорт ва вокзалда тантанали кутиб олинди.

–Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги тизимига қарашли мамлакатимиздаги ахборот-кутубхона муассасаларининг бугунги ҳолати, мавжуд муаммолар, соҳага оид меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ижроси ва халқаро тажрибалар ўрганилади, ўзаро фикр алмашилади. Бир сўз билан айтсак анжуман маҳорат мактабига айланади, – деди анжуман қатнашчиси, Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхона директори Умида Тешабоева.

– Уч юз элликдан ортиқ мутахассис қатнашадиган ушбу Халқаро тадбирнинг тажриба алмашиш учун катта майдон бўлиши, республика миқёсида соҳа ривожига амалий таъсир кўрсатиши кутилаяпти – деди Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги бўлим бошлиғи Воҳиджон Ҳамидов.

– Мулоқот давомида қишлоқ аҳолисининг барча қатламларини кутубхона хизмати билан қамраб олиш, узоқ ҳудудларда истиқомат қиладиган аҳоли учун кўчма кутубхоналар ташкил этиш, ҳужжатларни электрон етказиб бериш, ахборот-кутубхона ресурсларидан масофадан туриб фойдаланишни ривожлантириш каби масалалар муҳокама қилинади. Якка ва гуруҳли ҳамда оммавий китобхонликни тизимли равишда ташкил қилиш, фойдаланувчилар ўртасида мутолаа маданиятини ошириш мавзуларида маърузалар тингланади. Шунингдек, ахборот-кутубхона муассасалари ва мутахассисларининг имиджини яхшилаш юзасидан таклифлар билдирилади, – деди  Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Хоразм вилояти бошқармаси бошлиғи  Дилбар Бекчанова.

Урганч шаҳри реклама воситалари билан анжуманга мос равишда безатилди. ОАВ ходимлари анжуманни самарали ёритишлари учун Хоразм маънавият ва маърифат маркази залида матбуот маркази ташкил этилди.  ОАВда ёритишга имкониятлар яратилиб, информацион техника воситалари билан таъминланди. Ахборотларни тегишли  жойларга тезкорлик билан узатиш имкониятлари яратилди.

 Урганч туманидаги – ўзбек-туркман дўстлик уйи –Улли ҳовлига саёҳат уюштирилди. Ушбу тарихий масканнинг анжуманлар залида Республика ахборот кутубхона марказлари раҳбарлари иштирокида  йиғилиш ўтказилди. 

Бугун Хоразм маънавият ва маърифат марказида соат 10да анжуманнинг тантанали очилиши бўлиб ўтади.

 

 

 

 

 

 

 

Раъно ЗАРИПОВА, анжуман иштирокчиси

Элёр ПАЛВАНОВ олган суратлар. 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.