Мамлакатимизда даромади юқори бўлмаган ва уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган фуқароларга субсидиялар ажратилмоқда.
Субсидияга оид бир қатор саволларга Иқтисодиёт ва молия вазирлиги етакчи мутахассиси Шаҳбоз Зокировдан жавоб олдик.
– Субсидия асосида уй олган фуқаро қанча муддат ичида номига кўчмас мулк олса бўлади? Бу олдин олинган субсидияга қандай таъсир кўрсатади?
– Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 25 мартдаги “Уй-жой сотиб олиш учун фуқароларга субсидия тўлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорига кўра, субсидия эр ва хотинга бир марта берилади. Агар фуқаро турмушга чиқмаган ёки уйланмаган бўлса, бу имтиёздан ўзи фойдаланиши мумкин.
Маълумот ўрнида айтиш жоиз, субсидия — ипотека кредитлари асосида уй-жой сотиб олиш учун бошланғич бадал ва (ёки) кредит фоизининг бир қисмини қоплаш мақсадида давлат бюджетидан фуқаро учун банкда унинг номига очилган тегишли ҳисоб-варағига ўтказилган маблағ.
Шаҳар ва қишлоқ жойларида қурилган бирламчи бозордаги уй-жойларни сотиб олишга ажратилган ипотека кредитлари бўйича субсидия тўланадиган талабгорларни танлаш комиссия ва масъул ташкилотлар томонидан қонунийлик, шаффофлик, адолат ва ҳаққонийлик тамойиллари асосида амалга оширилади. Ипотека кредитлари бўйича бошланғич бадал ва фоиз харажатларининг бир қисмини қоплаш учун субсидия олишга 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароси ариза билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
Шу ўринда айтиш жоиз, субсидия асосида уй олган фуқаро номига бошқа уй-жой олиши мумкин. Бунда ҳеч қандай чеклов киритилмаган. Давлатимиз раҳбарининг тегишли фармонига асосан 2024 йил 1 майдан бошлаб, давлат дастури доирасида фуқаролар давлат ресурслари ҳисобидан 1 марта ипотека кредити олиши мумкин. Иккинчи марта ипотека кредит олишга йўл қўйилмайди. Бироқ, банк ўз ресурслари ҳисобидан ипотека кредити ажратилиши мумкин.
– Қандай ҳолларда фуқароларга ажратилган субсидия бекор бўлади?
– Субсидия хабарномаси ажратилган муддатидан бошлаб, 4 ой давомида амалда бўлади. 4 ой давомида бу имтиёздан фойдаланмаса, автоматик тарзда бекор бўлади. Иккинчи ҳолатда фуқаро ўз хоҳишига асосан субсидия хабарномасини бекор қилиши мумкин.
– Келгуси йилда субсидия ажратиш бўйича қандай янгиликлар кўзда тутилмоқда?
– Вазирлар Маҳкамасининг 749-сонли қарори асосида Ҳукуматнинг 2020 йил 25 мартдаги 182-сон қарори билан тасдиқланган «Уй-жой сотиб олиш ёки якка тартибдаги уй-жойларни қуриш ва реконструкция қилиш учун фуқароларга субсидия тўлаш тартиби тўғрисида»ги низомига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Бунда асосий ўзгаришлардан бири талабгор субсидия ажратиш тўғрисидаги хабарнома олгунга қадар ёки субсидия хабарномасининг муддати доирасида қурилиш ташкилоти билан тузилган бирламчи шартномани ҳамда фуқаро ўзига тегишли бўлган бошланғич бадал маблағларини шакллантирган бўлса, субсидия маблағлари тўлаб берилиши кўзда тутилган.
Бундан ташқари субсидия ажратиладиган фуқароларни танлаб олиш ва баҳолаш жараёнлари автоматлаштирилди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг subsidiya.idm.uz дастурий таъминот тизими Адлия вазирлиги, Кадастр агентлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Солиқ қўмитаси ва Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг маълумотлар базалари билан интеграция қилинди ва интеграциялашган тизим орқали ариза берувчининг маълумотлари автоматлашган тарзда текширилади ва баҳоланади.
Бунинг натижасида талабгорлардан келиб тушган аризаларни кўриб чиқиш муддатлари 10 иш кунидан 3 иш кунига қисқариши ва аризаларни кўриб чиқишда шаффофликка эришилди.
Субсидия ажратиладиган фуқароларни баҳолашнинг ижтимоий мезонларига ҳам ўзгартиришлар киритилди. Бунда мезонлар асосида бериладиган баллар тизими соддалаштирилди. Яъни, эндиликда ариза берувчи ва/ёки унинг оиласининг даромадидан келиб чиқиб 10 ёки 5 балл берилиши мумкин. Шу билан бирга, «Тиббий-ижтимоий экспертиза» электрон ахборот тизимидан рўйхатдан ўтган шахсларга ҳам қўшимча 5 балл берилиши белгиланди.
Аввалги тартибда ариза берувчининг тақдим этилган аризаси асосида ижтимоий мезонларга мос келишини аниқлаш ва баҳолашга туман (шаҳар) солиқ инспекциялари, тиббиёт бирлашмалари, молия бўлимлари ҳамда оила ва хотин-қизлар бўлимлари масъул эди. Энди мазкур функциялар Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Адлия вазирлиги, Кадастр агентлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Солиқ қўмитаси томонидан амалга оширилади.
Баҳолашда ариза берувчи ва унинг турмуш ўртоғининг даромадлари билан бир қаторда энди кафиллик қилувчиларнинг яқин қариндошлари даромадлари ҳам ҳисобга олинади.
Қарор билан субсидиялар билан қопланадиган фоиз тўловлари миқдорига ҳам ўзгартириш киритилди. Эндиликда янги кредитлар учун йиллик 12 фоиздан юқори қисми, 2025 йилдан бошлаб эса Марказий банкнинг асосий ставкасидан ортиқ қисми қопланади.
Бошланғич тўлов ва фоизларнинг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан 5 иш куни ичида тўланади.
Маълумот ўрнида айтиш жоиз, жорий йилнинг 1 декабрь ҳолатига жами 74 минг нафар фуқарога 1 триллион 243,9 миллиард сўм субсидия маблағлари тўлаб берилди. 61 минг нафар фуқарога ипотека кредитларининг фоиз харажатларини қоплаб бериш учун 842 миллиард сўм ва 13 минг нафар фуқарога 393 миллиард сўм бошланғич бадал учун субсидиялар тўлаб берилди.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА