Давлат хизматлари қамрови ва тезкорлигини ошириш бўйича кўрсатмалар берилди

0
106
марта кўрилган.

Президент Шавкат Мирзиёев 10 май куни давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги ислоҳотлар натижадорлигига оид тақдимот билан танишди.

Давлатимиз раҳбарининг фармонига мувофиқ, 2018 йил 1 апрелдан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузурида Давлат хизматлари агентлиги ташкил этилиб, янги концепция асосида ишлашни бошлаган эди. Ўтган вақт мобайнида агентлик тизими такомиллашиб, хизмат қамрови кенгайиб борди.

Хусусан, энди иш бошланган пайтда хизмат турлари 37 та бўлган бўлса, бугунги кунда улар 157 тага етган. Аҳолига кунига ўртача 57 мингтадан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилмоқда.

Бунинг учун 117 та қонун ҳужжатлари ишлаб чиқилиб, соҳа ислоҳ қилинди. 70 дан зиёд давлат хизмати соддалаштирилди. Талаб этиладиган ҳужжатлар сони 221 тадан 95 тага, хизмат кўрсатишнинг умумий муддати қарийб 500 кундан 271 кунга қисқартирилди. Буларнинг барчаси аҳолига катта қулайлик яратмоқда.

Ҳудудларда давлат хизматлари марказлари учун 145 та янги бино ва 115 та филиал барпо этилди. Фуқаролик ҳолати далолатномалари архивидаги 60 миллион дона қоғоз шаклидаги маълумотлар тўлиқ рақамлаштирилди.

Шу билан бирга, хизматлар қамрови ва тезкорлигини ошириш учун ҳал этилиши лозим бўлган муаммолар ҳам бор. Масалан, зарур маълумотлар тўлиқ рақамлаштирилмаганлиги сабабли атиги 11 фоиз хизматлар электрон шаклда кўрсатилмоқда. Ягона интерактив давлат хизматлари порталининг мобил иловаси орқали 30 турдаги хизмат кўрсатиш мумкин, холос. Ундан атиги 11 таси интерактив хизматлар. Электрон идентификация тизими ҳамда электрон рақамли имзо билан ишлаш ривожланмаган.

Тақдимотда шу каби муаммолар ва уларнинг ечимлари муҳокама қилинди. Давлатимиз раҳбари соҳани янада ривожлантириш, аҳолига қулайликларни ошириш бўйича устувор вазифаларни белгилаб берди.

Хорижий тажриба асосида, шу йил якунигача давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатиладиган хизматлар сонини 200 тага етказиш вазифаси қўйилди. Барча 716 та давлат хизматини инвентаризация қилиб, уларнинг муддатлари, тўлов миқдорлари, шартлари ва бошқа талабларини соддалаштириш бўйича кўрсатма берилди.

– Давлат идораларининг халқимизга хизмати одамларни рози қилишнинг асосларидан бири. Қайси қишлоқда, маҳаллада қайси хизматга эҳтиёж борлигига қараб, шунга шароит яратиш керак. Қайси хизматларни арзонлаштириш, қайсиларини бепул қилиш масаласини таҳлил этиб, аҳолига енгиллик ва қулайлик яратиш зарур, – деди Шавкат Мирзиёев.

Идоралараро интеграция даражасини ошириш, бунинг учун давлат хизматлари учун тўловларнинг 20 фоизини ташкилотларнинг ахборот технологиялари тизимини ривожлантиришга йўналтириш, қоғоз шаклидаги архив ҳужжатларини рақамлаштириш зарурлиги таъкидланди.

Электрон рақамли имзо билан ишлаш тизимини такомиллаштириш, давлат хизматлари порталининг мобил иловасини ривожлантириш, ногиронлиги бўлган шахсларга тўловларда чегирма бериш чоралари белгиланди.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.