Давлат хизматлари халқ фаровонлиги йўлида

0
292
марта кўрилган.

Давлат хизматлари агентлиги Хоразм вилояти бошқармаси ташаббуси билан Хонқа туманида анъанавий «Мобил сайёр давлат хизматлари» уюштирилди.  Тадбир «Обод қишлоқ» дастурига асосан улуғвор ўзгаришлар амалга оширилаётган «Амударё» қишлоғидаги “Таянч” маҳалласида бўлиб ўтди.

Тадбир давомида шу ҳудудда яшовчи аҳолига 100 тадан ортиқ Давлат хизматлари кўрсатилди. Шунингдек,  аҳолига қулай шароит яратиш мақсадида марказ томонидан кофе брейк ташкил қилинди.

Хоразм вилояти бўйича мазкур йилда    12 700 дан зиёд тадбиркорлик субъектлари давлат рўйхатидан ўтказилган бўлиб, уларнинг қарийб  660га яқини сайёр тартибда амалга оширилди.

Давлат хизматлари марказларида аҳолига тезкор, сифатли ва кенг турдаги давлат хизматларини кўрсатиш мақсадида самарали ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, жорий йилдан бошлаб Давлат хизматлари марказларида аҳолига инновацион технологиялар ва замон талабларига мос равишда кўрсатиб келинаётган 50 турдаги хизматлар сони 120 тага етказилди. 2020 йилгача хизматлар сонини 160 тага етказиш режалаштирилган.

Жорий йил 8 ойи давомида вилоятимиз туман (шаҳар) Давлат хизматлари марказлари томонидан аҳолига  564 мингдан ортиқ хизматлар кўрсатилди. Жумладан, дори воситалари чакана савдоси билан шуғулланиш учун рухсатнома, ер участкасига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатига олиш тўғрисида, ипотека тўғрисидаги шартномаларни рўйхатдан ўтказиш, тиббий фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқини лицензиялаш, электрон рақамли имзо калитларини бериш, қурилиш-монтаж ишларига рухсатнома бериш, кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш, тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш  ва қайта рўйхатдан ўтказиш ва бошқа кўплаб давлат хизматлари шулар жумласидандир.

Аҳолини марказлар фаолияти, кўрсатиладиган давлат хизматлари турлари билан яқиндан таништириш мақсадида Давлат хизматлари агентлиги томонидан воҳанинг энг олис, чекка ҳудудларида истиқомат қилувчи аҳоли, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагида бўлган ёшлар ва ишбилармонлар билан учрашувлар ташкил қилинмоқда. Шунингдек, вилоятдаги туман (шахар) марказларига бориб  522 та ҳуқуқий-ижтимоий тарғибот учрашувлари ҳам ўтказилди. Мазкур тадбирларда аҳолига кўрсатилаётган хизматлар, қонунчиликдаги янгиликлар хусусида маълумотлар бериб борилади.

Эътиборлиси олиб борилаётган ислоҳотларнинг барида халқимиз манфаатлари, ҳуқуқ ва бурчлари давлат химояси остига олинган бўлиб, турли бюрократик, сансалорлик ва коррупциянинг олдини олиш, халқимизнинг давлат идораларидан рози бўлиб яшашига хизмат қилмоқда.

 Мафтуна Рўзиматова,

Давлат хизматлари агентлиги Хоразм вилояти бошқармасининг 

жамоатчилик билан алоқалар шўъбаси етакчи маслаҳатчиси 

 

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.