Депутатлар муҳокамасидаги  долзарб масалалар

0
38
марта кўрилган.

Сўнгги кунларда юртимиз фуқароларини ўйлантираётган, ташвишга солаётган энг жиддий масала, шубҳасиз, мактабларда навбатдаги ўқув йили қачон бошланиши ва унинг шакли қандай бўлишидир. Токи биз танлаган ўқитиш усули фарзандларимиз учун энг хавфсиз, энг ишончли бўлиш билан бирга уларнинг билим олишида барча шароитлар мукаммал яратиб берилиши ва белгиланган вазифаларининг ижроси тўлиқ назоратга олиниши лозим.

Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг навбатдаги сессияси мазкур долзарб масалага бағишланиб онлайн тарзда ўтказилди. Сессия кун тартибида пойтахтимиздаги умумий ўрта таълим муассасаларида ўқув жараёнларини босқичма-босқич тиклаш, пандемия шароитида таълим бериш жараёнини санитария-эпидемиология талаблари асосида сифатли ташкил этиш чора-тадбирлари қизғин ва мунозарали муҳокама қилинди.

Тошкент шаҳар Халқ таълими бош бошқармаси бошлиғи А. Мамаджановнинг пандемия шароитида пойтахтимиздаги умумий ўрта таълим муассасаларида ўқув жараёнларини босқичма-босқич тиклаш бўйича ўқувчиларнинг ота-оналари, кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари ўртасида ўтказилган сўровнома натижалари юзасидан ахбороти тингланди.

Мисол тариқасида, биргина Сергели туманида жорий йилнинг 25-26 август кунлари 45 885 нафар (97,4%) ота-оналар ўртасида ўтказилган сўровномадаги “Мактаблар ўз фаолиятини сентябрь ойидан анъанавий  шаклда тиклашини истайсизми?” – саволга 30 425 нафар  ( 66,3%) ота-она “ха” деб, 15 460 нафар (33,7%) “йўқ” деб жавоб бергани, шу билан бирга улар томонидан санитария-эпидемиология талабларига риоя қилинган ва назоратга олинган холда дарсларни ўтказиш бўйича фикрлар билдириб ўтилганлигини таъкидлашимиз мумкин. 

Шу билан бирга, депутатлар томонидан айни пайтда соҳада мавжуд муаммо ва камчиликларга хам жиддий эътибор қаратилиб, тегишли тавсия ва таклифлар тақдим этилди. Жумладан, шу кунгача халқ таълими тизими ва нодавлат таълим муассасалари ўртасида ҳамкорлик мутлақо йўлга қўйилмаганлиги, умумий ўрта таълим мактабларида мавжуд бўш ўринлар учун танловлар ўтказиш билан бир қаторда нодавлат таълим муассасалари билан ҳамкорликда ўқитувчиларни жалб қилиш бўйича меморандумлар тузиш чораларини кўриш вазифаси берилди.

Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши 19-Файзиобод округи депутати Т. Матибаев томонидан бугунги кунда кўплаб мактабларда иссиқ сув йўқлиги, пандемия даврида, айниқса куз-қиш мавсумида бу масалага алохида эътибор қаратилиши ва бу ҳолатни ечими юзасидан ўз таклифларини билдириб ўтди.

Мазкур муаммони ҳал этишда маҳаллий бюджетнинг қўшимча маблағлари ҳисобидан унумли фойдаланган ҳолда, Кенгашнинг Маҳаллий бюджетни шакллантириш ва ижро этиш, иқтисодий ислоҳотни амалга ошириш ва тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича доимий комиссияси Халқ таълими хамда Тошкент шаҳар молия бош бошқармаси  билан биргаликда Тошкент шаҳридаги мавжуд мактабларга иссиқ сув билан таъминлашда совуқ сувни иситиб берувчи замонавий ускуналарни ўрнатиш бўйича смета харажатлари юзасидан таклифлар киритилиши белгиланди.

Йиғилишда шунингдек, депутатлар, кенг жамоатчилик, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда ота-оналарнинг 2020 йил 14 сентябрь кунидан бошлаб барча санитария-эпидемиология талабларини инобатга олган ҳолда Тошкент шаҳридаги умумий ўрта таълим муассасаларида янги 2020/2021 ўқув йилини бошлаш тўғрисидаги таклифи маъқулланди хамда пандемия шароитида умумий ўрта таълим муассасаларида санитария-эпидемиология хизматининг асосий талаблари этиб белгиланди.

Сессия якунида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан  Тошкент шаҳар Халқ таълими бош бошқармаси жорий йилнинг 12 сентябрь куни халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашига ҳисобот киритиши лозимлиги юзасидан қарор қабул қилинди.

Ҳаётхон ҚЎЧҚОРОВА, Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.