“Диалог майдончаси” платформаси

0
175
марта кўрилган.

Ахборот ва оммавий коммуникациялари агентлиги томонидан ҳудудий бошқармалар қошида ташкил этилган “Диалог майдончаси” платформасига 2022 йилнинг август ойида жами 13 та мурожаат келиб тушган. Уларда кўтарилган масалалар бошқармалар ҳузуридаги экспертлар гуруҳи аъзолари томонидан тезкор равишда муҳокама қилиниб, тегишли қарорлар қабул қилинган, зарур тушунтириш ва тавсиялар берилган.  

Вилоятлар кесимида таҳлил қилганда энг кўп мурожаат Қашқадарё вилоятида келиб тушган: 8 та. Хусусан, фуқаро Турдиева Қутлуғнигор платформага оғзаки тарзда газетага мақола чиқартиришда ёрдам сўраб мурожаат қилган. Вилоятнинг “Олтин замин” газетасига сўралган мақола чоп этилиб, масала ижобий ҳал этилган. Шунингдек, фуқаро Дониёров Абдулла журналистика курсларида ўқиш учун, Ҳайдарова Дилафрўз “Кўкдала” туман газетасини ташкил этишда, Қораев Шерхон электрон журнал очишда, Нарзуллаева Ҳусния “Темир дафтар”да рўйхатда туришини айтиб кўзини операция қилишда ёрдам сўрашган. Мурожаат қилган фуқароларнинг барчасига «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ тушунтириш ва амалий кўмаклар берилди.

Сирдарё вилояти ФВБ матбуот котиби Сулаймонов Даврон “Sirdaryoliklar” телеграм каналида суриштирилмаган ва асоссиз ахборот жойлангани юзасидан мурожаат қилган. Экспертлар ва канал админи иштирокида ўтказилган йиғилишда ҳар бир ахборотни тегишли соҳа масъулларидан аниқлик киритиб жойлаш тушунтирилди.

Сурхондарё вилояти “Диалог майдончаси” платформасига келиб тушган иккита мурожаат ҳам “Facebook” ижтимоий тармоғидаги “Сурхондарё ва сурхондарёликлар” канали администратори С.Шоймардонов томонидан йўлланган. Уларнинг биттаси Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 31 йиллиги муносабати билан Термиз шаҳрида фойдаланишга топширилаётган янги объектларнинг очилиш маросимига Олтинсой туманида фаолият юритаётган блогерларни ҳам таклиф қилиш бўлса, яна бири Сурхондарё вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи билан мулоқот ташкил этишда амалий ёрдам кўрсатиш масаласи бўлган. 2022 йилнинг 3 сентябрь куни Шеробод тумани ҳокимлиги билан ҳамкорликда автобус ташкил этилиб, Олтинсой, Денов, Узун, Сариосиё ва бошқа  туманларида фаолият юритаётган жами 18 нафар блогернинг туманда янги фойдаланишга топширилган 29-сонли умумий ўрта таълим мактаби биносининг тантанали очилиш маросимига иштироки ва шу куни тадбир давомида Сурхондарё вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи билан блогерларнинг мулоқоти таъминланган.

Тошкент вилояти бўйича фуқаро Одилова Дилоромдан ишга жойлаш масаласида келган мурожаат ҳам тегишли бошқармаларга йўналтириш  билан ижобий ҳал этилган.

Хоразм вилоятида ОАВ муҳаррири, Xorazmliklar.Uz ижтимоий тармоқдаги саҳифада блогерлик фаолияти билан шуғулланувчи Каримов Фарруҳ давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисида ахборот олишга доир сўров билан мурожаат қилган. Фуқарога Ўзбекистон Республикасининг “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонунда белгиланган ҳуқуқлар ҳақида маълумот берилган.

Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Бухоро, Жиззах, Навоий, Наманган, Самарқанд ва Фарғона вилоятлари ҳудудий бошқармалари қошида ташкил этилган “Диалог майдонча”ларига 2022 йил сентябрь ойи мобайнида мурожаатлар келиб тушмаган.

Агентлик ҳар бир мурожаатга алоҳида эътибор билан ёндашишда ва кўтарилган масалаларни ўз ваколати доирасида қонуний ҳал этиш чораларини кўришда давом этади.

Манбаа: АОКА сайти.

Таҳририятдан: Яхши тажриба ва самарали ҳисобот экан. Ушбу усулни барча давлат  ва нодавлат ташкилотлари ўрганса арзийди, деб ҳисоблаймиз. Ошкораликни ва «инсон манфаатлари – олий мақсад» шиорини ўзида акс эттиради.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.