«Катта арава қаердан юрса, кичик арава ҳам шу ердан юради» , – деган ақидага амал қилиб иш тутган Жамила тўнғич ўғли Эркинбойнинг болалигидан зеҳнли, донолигидан ҳамиша қувонарди. У ота касбини эгаллаш учун институтга ҳужжат топшириб, биринчилардан бўлиб ўқишга кирди. Ўқиши давомида билими, тиришқоқлиги ҳамда одоб-ахлоқи туфайли ҳатто институтдаги ўқитувчиларнинг, тенгдош талабаларнинг ҳам ҳурмат-эътиборига сазовор бўлди. Унинг хушмуомалалиги, киришимлилиги, камтаринлиги, олижаноблиги ва алоҳида иқтидори жамоадошлари орасида доим эътироф этиларди.
Отасининг бевақт ўлимидан сўнг Эркинбой онасига қанот бўлди. Укаларининг билим олишлари, таълим-тарбияли бўлишлари, ҳаётда ўз ўринларини топишлари учун ота ўрнида оталик қилди. Акадан кўп ва хўп ўрганган, айтганидан чиқмаган укалар, сингиллар ҳам ҳаётда сира кам бўлишмади. «Каттага – ҳурмат, кичикка – иззат» тамойили асосида тарбия олган болаларга ҳамманинг ҳаваси келарди. Жамила фарзандларини ўзидан катта ака-опаларини ҳурмат қилишга ўргатди. Яхши тарбия олган болалар ўқишга, ҳунар ўрганишга чанқоқ бўлиб вояга етдилар. Олий маълумотли бўлган фарзандлар эл-юртнинг корига ярайдиган, Ватанига садоқатли, ҳурматли ва қадрли, эътиборли инсонлар бўлишди.
Жамила фарзандлари қуршовида, уларнинг бахти-тахтига қувониб, узоқ яшади. 93 ёшга кириб, умри поёнига етганида эса ёшлик дамларини эслаб: «Бугун менинг даврим келди, Аллоҳга шукур, эрим, фарзандларим орқали бахтли, файзли-ҳаловатли кунларни ҳам бошдан кечирдим. Кўнглимдаги барча ниятларим амалга ошди. Ўтган умримдан нолимайман. Энг муҳими, ўғил-қизларим муносиб инсонлар бўлиб вояга етдилар», дея фахру ифтихорга тўлди.
Гарчи Жамила, ўз ҳаёти давомида не бир машаққат, изтиробу, аламлар гирдобига тушган бўлса-да, барчасидан ёруғ юз, пок иймон билан чиқиб, ўз ҳаётини меҳру оқибат, элсеварлик, инсонпарварлик меҳробига айлантира олди. Бора-бора ўзи ҳам кишиларнинг қалбида «Меҳр-оқибат тимсоли» га айланди. Қалби қуёш, меҳри уммон бу аёл ёшини яшаб, ошини ошаб, бу дунёга хайр-хуш айтган бўлса-да, ўзининг ҳаёт тарзи, қилган эзгуликлари билан фарзандлари, юртдошлари қалбида абадий барҳаётлигича қолди.
Ҳаёт давом этаверади. Пошшажон, Бикажон, Бибижон ва Жамилага ўхшаган юзлаб аёллардан, мард ва иймони ўткир, лабзи ҳалол оталардан улгу ва ўрнак олиб вояга етган ўғил-қизлар, неваралар, чеваралар тимсолида улар мангу яшайдилар, яшайверадилар…
Tamom.