Долзарб мавзу: Блогерлар учун маҳорат дарслари

0
241
марта кўрилган.

 Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Хоразм вилоят бошқармасининг ахборот марказида вилоятда фаолият олиб бораётган блогерлар учун семинар-йиғилиш ўтказилди.

“Холис ва нохолис ахборотлар: Уларни тарқатишда қонунийлик, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига дахлдор бўлган ҳужжатлар” мавзусидаги тадбирни бошқарма бошлиғи Д.Бекчанова олиб борди ва маъруза қилди.

– Бошқарма қошида “Блогерлар клуби” нинг ташкил этилганлиги билан барчангизни табриклайман. Блогерлик шарафли шу билан масъулиятли фаолият. Бу халқ дарди, эл ташвишлари билан яшаш демакдир. Бунинг учун миллий қонунчилигимизни ҳам, журналистика этикасини яъни одобини ҳам билиш керак. Жамоатчилик билан ишлаш масъулиятини ҳис қилиш лозим. Мана кўриб турибман хоразмлик блогерларнинг аксарияти ёшлар. Улар журналистикага оид кўп нарсани ўрганиши керак.  Шунинг учун дастлабки тадбир — семинар-йиғилишни  самарали ўтказиш мақсадида  “Маҳорат дарслари”ни  ҳам ташкил қилдик. Бундан кейин блогерлар учун маҳорат дарслари мунтазам ўтказилади. – деди Д. Бекчанова. У блогерлар клубининг мақсад ва вазифаларини  атрофлича тушунтирди. 

Миллий ахборот соҳасининг либераллаштирилиши аҳолининг медиа саводхонлигини ошириш, давлат ва жамият орасида очиқ конструктив ахборот алмашинувини фаоллаштириш, оммавий ахборот воситалари ёрдамида жамоатчилик назорати тадбирлари самарадорлигини оширишга қаратилганлигини кенг шарҳлаб берди. Блогерлар фаолияти фуқароларнинг ахборот ҳуқуқлари, шахс, давлат ва жамоатчилик ахборот хавфсизлигининг бузилишига олиб келмаслиги  лозимлигини   ҳуқуқий ҳужжатлар асосида тушунтирди.

– Бугунги кунда энг долзарб муаммолардан бири – интернет тармоғи орқали нолегал, нохолис ахборотларнинг оммавий тарқатилишидир.  Қонун доирасида фаолият кўрсатаётган ва ўз чиқишлари билан нафақат маънавий, балки муайян масалаларда жамиятга моддий наф келтираётган фаол блогерлар билан биргаликда, ижтимоий тармоқлар, оммавий ахборотларни тарқатиш мессенжерларидан фуқароларнинг шахсига доир ҳуқуқларини қўпол равишда бузган ҳолда фойдаланиш ҳолатлари кўплаб учраётганлиги ҳам сир эмас. Албатта бу миллий қонунчилигимизни ОАВларига дахлдор ҳуқуқий ҳужжатларни билмаслик туфайли бўляпти,- дея таъкидланди Д. Бекчанова.

Шунингдек, аҳоли орасида ваҳима чиқаришга қаратилган маълумотлар, материаллар, фейк хабарлар ва умуман, ишончсиз ахборотни ҳар қандай шаклда тарқатиш амалдаги қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши мумкинлиги иштирокчиларга тушунтирди. 

 Семинарда қонунчиликда ахборот соҳасидаги ҳуқуқ ҳамда масъулият аниқ белгиланганлиги ва буни, айниқса, фаол ва катта аудиторияга, жамиятда ўз меҳнати туфайли таъсир кучига эга блогерлар, ижтимоий тармоқлардаги гуруҳ ва каналлар маъмурлари яхши ҳис этишлари лозимлиги таъкидланди. Чунки, жамиятда улар тарқатаётган ҳар қандай ахборотни ҳақиқат сифатида қабул қиладиганлар кўплиги кундан кунга ошиб бормоқда.  Семинар иштирокчилари – блогерларга амалдаги қонунчилик меъёрларига риоя этишлари шарт эканлигини тушунтирилди.

Бошқарма томонидан тайёрланган “COVID-19” мавзусида “Оғзибирчиликда ҳикмат кўп”, “Биз кучлимиз” номли видеороликлар, “Ахборот тарқатувчиларга” лойиҳаси доирасида “Муаллифлик ҳуқуқи ҳимояда”, “Тилга эътибор-элга эътибор” номли роликлар, ахборот-планшетлари намойиш қилинди.

 Тадбир давомида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, Халқаро “Олтин қалам” мукофоти соҳиби, “Куч адолатда” газетасининг вилоятдаги мухбири Абдулла Собиров блогерлар билан “Маҳорат дарси”и, “Истиқболли авлод” маркази раҳбари Саломат Маткаримова “Одам савдосига қарши кураш-ҳамманинг иши” мавзусида суҳбат ўтказди.

Йиғилишда ташкилий масала ҳам кўрилди. Ижтимоий тармоқларда «Xorazm News»  номи билан фаол иш олиб бораётган Шерзод Раҳмонов “Блогерлар клуби” раиси қилиб сайланди. Иштирокчиларнинг саволларига жавоблар берилди. Таклифлар ўрганилди.

Семинар- йиғилиш карантин қоидаларига амал қилиниб, ижтимоий масофани сақлаган ҳолда ташкил қилинди.         

 Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Хоразм вилоят бошқармаси Ахборот хизмати 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.