Дўстлар клуби фаолияти ривож топмоқда

0
800
марта кўрилган.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон ижодкор зиёлилари вакиллари билан 2017 йил 3 август куни Тошкент шаҳрида ўтказилган видеоселектор йиғилишидаги “Адабиёт ва санъат, маданиятни ривожлантириш – халқимиз маънавий оламини юксалтиришнинг мустаҳкам пойдеворидир” деб номланган маърузасида илгари сурилган таклифлар ва ғоялар ижодий ташкилотлар тарихида янги даврни бошлаб берди. Хусусан, Президент томонидан йирик корхоналар ва ижодий ташкилотлар ўртасида Дўстлик клублари ташкил этиш ғояси илгари сурилгани, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасига Республика Товар-хом ашё биржаси ҳомий қилиб бириктирилгани уюшма фаолиятини янада ривожлантиришда муҳим омил бўлди, дея хабар берди Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси Ахборот хизмати.

Ўтган вақт давомида уюшма ва биржанинг масъул вакиллари  ўртасида  ўзаро мулоқотлар уюштирилиб,  журналистлар малакасини ошириш, соҳа ходимлари ўртасида ўтказиладиган танловлар ғолибларини рағбатлантириш, Уюшма ва унинг  “Ҳуррият” газетаси таҳририяти ва  Миллий матбуот марказининг компьютер техникалари ва ахборот тизимларига техник хизмат кўрсатиш, фахрий журналистларни қўллаб-қувватлаш  борасида ҳамкорликда амалга ошириладиган ишлар белгилаб олинди. Ушбу вазифаларга ва Уюшма уставида кўзда тутилган бошқа мақсадларга Биржа томонидан 400 миллион сўм ажратилди. Жорий йилнинг 25-27 октябрь кунлари Республика Товар-хом ашё биржаси ҳомийлигида эҳтиёжманд 15 нафар  ОАВ фаҳрийлари ҳолидан хабар олиниб, уларнинг ҳар  бирига 300 минг сўмлик 15 хил озиқ-овқат  маҳсулотлари  топширилди. Бу анъана бундан кейин ҳам давом эттирилади.

Бундан ташқари,  Республика товар-хом ашё биржаси билан Ўзбекистон Жуналистлари ижодий уюшмасининг “Дўстлик клуби”нинг “Дўст билан обод уйинг” веб-сайти  ишлаб чиқилди, айни пайтда сайтни йўлга  қўйиш, материаллар билан бойитиш устида иш олиб борилмоқда.

Дўстлар клуби ишчи гуруҳининг йиғилишида шулар ҳақида сўз юритилиб, ўзаро ҳамкорлик доирасида амалга оширилиши кўзда тутилган  навбатдаги ишлар ҳақида  фикрлашиб олинди. Йиғилишни Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси раиси С.Ҳакимов олиб борди.

Йиғилиш кун тартибидан  уюшманинг ҳудудий бўлимларига моддий-техник кўмак бериш,  бемор, эҳтиёжманд журналистларга ёрдам кўрсатиш  ва бошқа  масалалар ўрин олди.  Таъкидланганидек, “Дўстлик клуби” мақсадли режа асосида Уюшманинг вилоят бўлимлари билан ҳам иш олиб боради ва уларга ҳам ҳомийлик ёрдамлари кўрсатилади. “Дўстлик клуби” ташкил этилиши уюшманинг ижтимоий ҳаётимиздаги ўрни ва нуфузини ошириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, журналистларнинг ижодий салоҳиятларини рўёбга чиқариш, моддий ва маънавий рағбатлантириш, муносиб иш ва турмуш шароити яратиб бериш учун кенг имкониятлар яратмоқда. Унга биноан Ижодий кенгашлар ишида фаол қатнашган журналистлар, тегишли мутахассислар меҳнатига ҳақ тўлаш йўлга қўйилади.  Таниқли ҳамкасбларимизнинг ижодий кечалари ўтказилади. Ёш иқтидорли журналистларнинг биринчи китоблари бепул чоп этилади.  Мамлакат тараққиётини белгилайдиган туб ислоҳотлар мазмун-моҳияти чуқур очиб берилган, замонамиз қаҳрамонлари образлари акс эттирилган публицистик мақолалар тўпламлари нашр этилади. Журналистларимизнинг чет элларга ижодий сафарлари молиявий қўллаб-қувватланади.

Йиғилишда муҳокама этилган масалалар  юзасидан тегишли қарорлар  қабул қилинди.

Сурат муаллифи: Шолазиз ШОХИДОЕВ

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.