Дунё эътирофидаги «Шарқ тароналари»

0
292
марта кўрилган.
Халқларни яқинлаштириш, ўзаро дўстлик, маданий-маърифий ҳамкорлик ришталарини мустаҳкамлашда мусиқа санъатининг ўрни ва аҳамияти беқиёсдир. Мамлакатимизда икки йилда бир ўтказилувчи «Шарқ тароналари» халқаро фестивали чин маънода истиқлолнинг неъмати бўлиб, жонажон Ўзбекистонимизнинг халқаро миқёсдаги обрўси ва нуфузини оширишга хизмат қилаётган, энг яхши ижрочи ва жамоаларнинг ҳамкорлигига кенг йўл очаётган, бетакрор мусиқамизни жаҳонга танитаётган ижодий лойиҳа саналади.
 
Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 26 февралдаги “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалини ўтказишга тайёргарлик кўриш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори мазкур санъат байрамини юксак савияда, жўшқин ва кўтаринки руҳда ўтказиш учун муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.
 
Фестиваль дунё халқлари ўртасида ҳамкорлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, мусиқа санъати анъаналарини асраш ва ривожлантириш, маданиятлараро мулоқотни кучайтиришга қаратилган эзгу мақсадларни ўзида мужассам этган. ЮНЕСКО томонидан мусиқа оламининг йирик форуми сифатида эълон қилинган бу анжуманни жаҳон мусиқий жамоатчилиги, санъат ихлосмандлари энг йирик ижодий лойиҳа дея эътироф этади.
 
Самарқанд вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси ва бошқа ташкилотлар фестивалга қизғин тайёргарлик кўрмоқда. «Йўл харитаси» ишлаб чиқилиб, тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
 
Тадбир доирасидаги “Шарқ халқлари анъанавий мусиқа санъатини ривожлантириш истиқболлари” халқаро илмий-амалий конференциясида иштирок этиш учун 14 давлатдан 21 олим, 23 давлатдан 52 нафар ОАВ вакили, 37 мамлакатдан 65 масъул-меҳмон (менежерлар, фестивал директорлари, мутахассислар), 19 давлатдан 20 нафар халқаро ҳайъат аъзосининг рўйхати шакллантирилди.
 
Фестивалнинг тантанали очилиш маросими дастури лойиҳаси тайёрланиб, даслабки репетиция машғулотлари пойтахтимиздаги “Туркистон” санъат саройида олиб борилди ва 19 июль куни 214 нафар ижодий ходим Самарқанд шаҳрига юборилди. Айтиш жоизки, фестивалга энг сара, репертуари мукаммал бўлган бадиий ашула ва рақс жамоалари жалб этилмоқда.
 
Регистон майдонида тадбир учун саҳнанинг монтаж ишлари якунланган, томошабинлар жойлашадиган амфитеатрда жиҳозлаш ишлари олиб борилмоқда. Ўзбекистон санъат арбоби, фестиваль бош режиссёри Баҳодир Йўлдошев бошчилигида очилиш маросимига тайёргарлик давом этмоқда.
 
Фестиваль доирасида “Шарқ халқлари анъанавий мусиқа санъатини ривожлантириш истиқболлари” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция қаторида махсус давра суҳбати, тақдимот ва маҳорат дарслари ўтказилади. Шунингдек, бадиий кўргазмалар, миллий мусиқий чолғулар намойиши, Самарқанд шаҳри бўйлаб ва унга туташ туманларга саёҳат ташкил этилади.
 
Назокат УСМОНОВА, ЎзА
Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.