Дзюдочиларимиз Нидерландия жамоасига қарши қўшимча раундгача курашди

0
56
марта кўрилган.

Кеча Токио-2020 Олимпия ўйинларининг яккалик беллашувлари вакилларимиз учун ўз поёнига етди. Энг оғир вазн тоифасида кечган баҳсда Бекмурод Олтибоев юртимиз шарафини ҳимоя қилди. Украиналик Якив Хамнога қарши бронза медали учун ўтиш босқичида кечган беллашувда вакилимиз вазари баҳоси билан имкониятни бой бериб қўйди. Шу тариқа у яккалик баҳсларини еттинчи ўринда якунлади.

Бугун Токио-2020 Олимпия ўйинларида дзюдо бўйича янги дастур – аралаш жамоавий йўналишда беллашувлар бўлиб ўтди. Унда иштирок этаётган жамоамиз дастлабки босқични Нидерландияга қарши ўтказди. Дзюдо бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аралаш жамоавий беллашувда чорак финал йўлланмаси учун баҳс олиб борди. Мураббийлар ушбу беллашувга қуйидаги дзюдочиларни танлашди:

+90 кг: Бекмурод Олтибоев – Хенк Грол
-57 кг: Диёра Келдиёрова – Санне Верхаген
-73 кг: Ҳикматиллоҳ Тўраев – Торнике Тсякадоеа
-70 кг: Гулноза Матниязова – Санне ван Дийке
-90 кг: Давлат Бобонов – Ноел ван Тенд
+70 кг: Фарангиз Ҳожиева – Гусе Стинхаус

Қизиқарли кечган беллашувнинг асосий вақти 3:3 ҳисобида якунланди. Олтин очко учун кечган қўшимча раундда +90 кг вазн тоифаси танлаб олинди. Унда Бекмурод Олтибоев Хенк Гролга шидолар бўйича имкониятни бой бериб қўйди ва рақиб жамоа кейинги босқичга йўл олди.

Шу тариқа, дзюдо бўйича Ўзбекистон терма жамоаси Токио-2020 Олимпия ўйинларидаги иштирокини ушбу нуқтада якунлади. 

Эслатиб ўтамиз, ушбу Олимпия ўйинларида -90 кг вазн тоифасида курашган Давлат Бобонов делегациямиз ҳисобига бронза медалини тақдим қилди.

gujum.uz

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.