2025-йил 14-март куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитасининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг 2024-йил учун энг муҳим самарадорлик кўрсаткичларнинг бажарилиш ҳолати юзасидан ахбороти эшитилди.
Таъкидланганидек, ҳисобот даврида мақсадли кўрсаткичлар доирасида Вазирлик томонидан бир қатор ишлар амалга оширилган. Хусусан, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида 2024-йилда 226,4 млн. туп манзарали ва мевали дарахт ҳамда бута кўчатлари экилган. Натижада республикадаги йирик туман ва шаҳарларнинг яшиллик даражаси 15,3 фоизга етган. Ҳудудларда 134 та “Яшил боғлар” барпо этилган.
Шунингдек, Орол денгизининг қуриган туби ва Оролбўйи минтақасида чўлланиш, қурғоқчилик, чанг-қум бўронлари кўтарилишининг олдини олиш мақсадида 215 минг гектар “Яшил қопламалар”барпо этилган.
Ахборотда келтирилганидек, юртимизнинг ўрмон билан қопланганлик даражаси 8,1 фоизга, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг умумий майдони 6,4 млн. гектарга етказилган. 140 та йирик саноат ва цемент ишлаб чиқарувчи корхоналарда замонавий чанг-газ тозалаш ускуналари ўрнатилган.
Бундан ташқари, 93 та саноат корхонасида локал оқова тозалаш иншоотлари қурилган ва мавжудлари реконструкция қилинган. Фойдали қазилмаларни қазиб олиш натижасида бузилган 2006 гектар ер майдонлари рекултивация қилинган. Республикамизда мавжуд маиший чиқинди полигонлар 17 фоизга қисқартирилган.
Йиғилишда қўмита аъзолари томонидан Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири, унинг ўринбосарлари ҳамда тизимдаги агентлик ва қўмитанинг раҳбар ва ўринбосарларининг 2024-йил учун мўлжалланган энг муҳим самарадорлик кўрсаткичларига эришиш бўйича “Йўл ҳаритаси” ижроси бандма-банд муҳокама қилинди.
Ушбу жараёнда сув ва шамол эрозиясининг олдини олиш ҳамда экологик муҳитни яхшилаш мақсадида ҳимоя ўрмонларини барпо этиш, туризмни қўллаб-қувватлаш йўналишидаги ишларда айрим камчиликлар учраётганлиги қайд этилиб, уларни бартараф қилиш бўйича таклиф ва тавсиялар берилди.
Муҳокамалар жараёнида давлатимимз раҳбарининг коррупсияга қарши курашиш бўйича миллий кенгаш йиғилишида белгилаб берилган устувор вазифалардан келиб чиқиб, тизимда коррупсияга қарши курашиш соҳа вакилларининг асосий бурчи эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Тадбир якунида кун тартибидаги масала юзасидан қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.
Манбаа: parliament.gov.uz