Экология ва табиатни ҳимоя қилиш институтини ташкил қилиш вақти етиб келди

0
487
марта кўрилган.

Мусаффо ҳаво, тоза ва тиниқ сув, гўзал табиат инсоннинг баҳри дилини очади. Оққушларнинг осойишта сузишлари ҳузур ва завқ бағшида қилади. Албатта, ушбу ҳиссиётлар инсон она табиатнинг бир бўлаги эканлигини англатади. Она Замин дейилишида ҳам катта ҳақиқат мавжуд. Инсонларнинг  табиатни онани қадрланимиздек асраш лозимлиги бурчи ва фарзи эканлигини билдиради.

Муқаддас  китобимиз  Қурони каримда  заминга Одам Отамизни сарвар қилиб яратганини таъкидланади. Сарварлик эса инсонга табиатни асраш вазифасини юклайди.

БМТ  маълумотига кўра, дунёда ўнтадан тўққиз киши ифлосланган ҳаводан нафас оляпти. Ер юзининг 91 фоиз аҳолиси табиати ифлосланган ҳудудларда яшайди. Оққушларнинг осойишта сузишлари

Давлатимиз раҳбари Туркияда ўз нутқида иқлим ўзгариши, унинг таъсирини юмшатиш масаласи ва Орол денгизининг қуриши келтириб чиқараётган муаммоларга ҳам тўхталиб ўтди. Экологик ҳалокатларнинг салбий оқибатларини юмшатиш, улар тарқалишининг олдини олиш учун Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти билан ҳамкорликда Туркий мамлакатларнинг атроф-муҳит муҳофазаси бўйича тузилмасини тузиш, унинг қароргоҳини эса Оролбўйининг экологик фожиадан энг кўп жабр кўрган туманларидан бирида жойлаштириш ғоясини илгари сурди.

Яқинда ноябрь ойининг 4-6 саналарида бўлиб ўтган чанг бўрони  ҳақиқатан ҳам кейинги пайтларда антропоген омиллар натижасида тупроқларнинг қуруқлашиб бориши, дарахтларнинг кўплаб кесилиши, атмосферага ташланадиган турли хил газларнинг саноат корхоналари ва транспорт воситалари орқали миқдори кўпайиб бораётганини кўрсатмоқда. Тошкент атмосферасига ташланган  чанг заррачалари хажми жуда катта ва кўп бўлиб, улар маълумотларга кўра бир кубометрда 18000 микрограммгача бўлганлиги аниқланди.

 Жаҳон Банкининг берган маълумотларига кўра, Марказий Осиё республикаларида глобал исиш туфайли жуда катта иқтисодий зарар кўрилмоқда. Амударё ва Сирдарёга оқиб келадиган музликларнинг хажми қисқариб ва юпқалашиб бораётганлиги  ёки ҳозирги кунда 12 мингдан зиёд музликлар эриб оқиб кетди ва сув билан таъминланиш кун сайин қийинлашиб бормоқда. Амударёнинг суви  10-15%.га камайиши кутилмоқда, яна 30-40 йилда Помир ва Тяншань тоғларидаги барча музликлар эриб битади.

Аслида инсонлар доимо табиат билан уйғунликда  яшайдилар, Инсоният табиатдан куч-қувват олади, тоза ҳаво дардига дармон бўлади. Табиатга берилаётган зарар, чўлланиш  оқибатлари, тупроқ деградацияси, океанларда сув сатҳининг кўтарилиши, флора ва фаунанинг камайиб бориши каби ҳолатлар, тайфунлар,  чанг буронлари каби салбий ҳолатлар тез-тезтакрорланмоқда.

Nature журналида чоп этилган иқлимшунослар маълумотига кўра, Ер шари жуда тезлик билан қизиб бормоқда. Шу йил 1-12 ноябрда Италия ва Глазго шаҳрида бўлиб ўтган иқлим бўйича Саммитда ҳам атмосферга ташланадиган СО2 ва бошқа газлар миқдорини кескин камайтириш бўйича резолюция қабул қилинди. 

Демак шундай экан, бугунги кунда республикада эколог кадрларга эҳтиёж катта. Тўғри, Ўзбекистон Миллий университетида “Экология ва атроф муҳитни ҳимоя қилиш” йўналиши ташкил қилинган бўлиб унга бори-йўғи 25 та талаб қабул қилинади. 2021 йилда қабул квотаси ва топширилган хужжатлар шуни кўрсатдики,  25 ўринга 3733 киши талабгор бўлган. Мамлакатда экология ва табиатни асраш билан шуғулланмоқчи бўлган ёшлар талайгина эканлиги маълум бўлди. Бугунги атроф-муҳит муаммоларининг ҳолати, энди Экология фанини турли тармоқлар экологияси бўйича кадрлар тайёрлашни талаб қилмоқда. Масалан,  қишлоқ хўжалик экологияси, сув, чўл ва яйловлар, қушлар,  тупроқ, озиқ-овқат, саноат, атмосфера ҳавоси, қўриқхоналар, шаҳар, автомобил ва Орол экологияси каби алоҳида тармоқларга бўлиб ўқитилиши ва экология ўқитувчилари тайёрланиши лозим. 

 Республикада ҳавонинг исиб бориши ва Қароқалпоғистонда бўлаётган экстремал экологик ҳолатлар “Экология ва табиатни ҳимоя қилиш” институтини Тошкент шаҳрида институт ва Нукусда эса унинг филиалини очиш очиш зарурлигини кўрсатмоқда. Биз бугун шу номдаги институтни очмасак, вақтни қўлдан бой берган бўламиз, чунки инсонларда Табиатга меҳр, Она табиатни асраш ва сақлаш учун экологик онг ва экологик маданият шаклланмас экан,  ўзимиз яшаб турган  Она Сайёрамизни яхши билмас ва уни тушунмас эканмиз, бу ишлар яхшиликка олиб келмайди. Боғчаларда болада табиатга меҳр уйғотиш учун алоҳида кадрлар керак. Олий таълим муасссасаларида Экология фанига ажратилган соатларни жуда камлиги ва иккинчи даражадаги фан сифатида қаралиши фанга бўлган эътиборни сусайтириб юборади.

Қисқагина дарс соатларида талабаларга ажратилган соат хажми камлиги учун дарс вақтида табиатга берилаётган зарар, чўлланиш  оқибатлари, тупроқ деградацияси, океанларда сув сатҳининг кўтарилиши, флора ва фаунанинг камайиб бориши каби ҳолатларни акс эттирган видео филмлар, слайдалар ва табиат қуйнига чиқиб талаба ўз кўзи билан табиатга берилаётган салбий оқибатларни кўриши зарур. Бизнинг Олий таълим муассасаларидаги барча факультетлардаги талабаларни хориж мамлакатларига юборилиб улардаги экология ўқитиш усуллари ва тажрибаси ўрганилса танишсалар жуда маъқул бўларди. Бу ишлар фақатгина алоҳида Экология ва табиатни асраш ўқув даргоҳи  бўлсагина амалга ошади.

 Дунё мамлакатлари орасида япон миллати энг узоқ умр кўради, бунга сабаб, Япония халқи экологик қонунлар ва тартибларга риоя қилувчи хисобланади. Япон миллатида экологик онг, экологик маданият ва тушунча тўлиқ шаклланган. Улар ўзлари яшаб турган табиатни жуда аввалайдилар.

Мамлакатимизда ушбу соҳада қатор ишлар амалга оширилаётган бўлса-да “Экология ва табиатни мухофаза қилиш” фанини ўқитишнинг назарий ва методик асослари муаммосига бағишланган махсус, кенг қамровли илмий-тадқиқот ишлар амалга оширилмаган, экология ва табиатни мухофаза қилиш фанини ўқитишнинг методик асослари етарли эмаслиги, Экологик таълим беришда халқаро тажрибалар ва замонавий ёндашувларнинг тадбиқ этилмаганлиги,  экология ва табиатни мухофаза қилиш фанини ўқитишнинг концептуал моделини яратилмаганлиги, экология ва табиатни мухофаза қилиш фанини ўқитишда инсон саломатлигини сақлаш қаратилган инновацион таълим технологияларини ишлаб чиқиш зарурлигини кўрсатади.

Экология ва атроф муҳитни ҳимоя қилиш фани бўйича тушунчаларни талаба ёки мутахассис ўқув жараёнида олиши лозим, акс ҳолда бу фанга эътибор қилмас эканмиз, унда табиатни секин-аста йўқотишимиз муқарардир. Демак, экология ва табиатни асраш ҳамма учун зарур, буни учун лозим бўлган мутахассисларни тайёрлаш учун алоҳида Экология ва Табиатни ҳимоя қилиш институтини очиш пайти келди деб ўйлаймиз. Ўттиз беш миллионлик аҳолиси бор мамлакатимизда табиатга антропоген омилларни таъсирини бироз бўлсада енгиллатиш, турли кузатувлар ва илмий изланишлар олиб бориш учун  Халқаро лойиҳаларда барча билан тенг иштирок этиш учун ёш кадрларни тарбиялаш майдони фақатгина “Экология ва табиатни муҳофаза қилиш” Олий таълим муассасасида бўлади.  

 Дилором ЁРМАТОВА, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор

Светлана МАМБЕТУЛЛАЕВА, биология фанлари доктори, профессор

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.