«Эл-юрт умиди» жамғармаси директори ўринбосари Жавоҳир Аҳмедов: Бир нафар талабанинг хорижда таҳсил олиши 75 минг долларга тушади

0
391
марта кўрилган.

Президентимизнинг 2021 йил 11 февралдаги “Давлат хизматчилари ва мутахассисларни хорижда тайёрлаш ҳамда уларнинг салоҳиятини янада ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, “Эл-юрт умиди” жамғармасига алоҳида вазифалар белгиланган.

Фармонда белгиланган вазифалар, уларнинг аҳамияти ва ижроси юзасидан ЎзА мухбири “Эл-юрт умиди” жамғармаси директори ўринбосари Жавоҳир Аҳмедов билан суҳбатлашди.

– Мазкур фармон жамғармамиз фаолиятини тубдан такомиллаштиришга асос бўладиган ҳужжат бўлди, десак адашмаган бўламиз, – дейди Ж.Аҳмедов. – Хусусан, жамғарманинг 3 та таълим дастури асосий таълим дастурлари сифатида эълон қилинадиган бўлди. 2021 йилдан бошлаб бакалавриат, магистратура ва докторантура дастурлари жамғарманинг асосий таълим дастурлари, деб ҳисобланади. Шу дастурлар асосида хориждаги нуфузли университет, илмий марказ ва компанияларда таълим олиш ташкил этилади.

Жамғарманинг 4 асосий йўналиши мавжуд. Биринчиси, бу давлат ва жамият бошқаруви, иккинчиси, қонун устуворлигини таъминлаш, суд-ҳуқуқ соҳаси тизими, учинчиси, таълим, солиқни сақлаш ва бошқа ижтимоий соҳалар, тўртинчиси, иқтисодиёт соҳалари ва тармоқлари йўналишлари кесимида танлов квоталари эълон қилинади. Жамғарманинг асосий таълим дастурлари билан бир қаторда унинг йўналишлари ҳам белгилаб олинди. Илк бор бакалавриат дастури асосида хориждаги нуфузли университетларга 3 йилдан 4 йилгача бўлган муддатда таълим олиш ташкил этилди. Магистратура дастурида 1 йилдан 2 йилгача, докторантурада эса бу кўрсаткич 1 йилдан 4 йилгача бўлган муддатларни ўз ичига олиши мумкин.

Эътиборли жиҳати шундаки, мазкур фармон билан жамғарманинг таълим дастуридан ташқари мақсадли стажировка дастурлари ташкил этилиши белгиланди. Мақсадли стажировка бу республикамиздаги барча вазирлик ва идораларнинг устувор мутахассислигида эълон қилинади. Уларнинг буюртмалари билан жамғарма йирик-йирик хорижий компаниялар билан стажировка дастурларини ташкил этиб беради.

– “Эл-юрт умиди” жамғармаси ташкил этилгандан буён қанча талаба ёки давлат хизматчисини хорижга малака оширишга юборди?

– Жамғармамиз ташкил этилганига 2 йил бўлди. Мана шу муддатда мингга яқин ёш мутахассисларимизни магистратура, докторантура, стажировка ва малака ошириш дастурлари доирасида дунёнинг ривожланган 30 дан ортиқ мамлакатларида таълим олиши ва стажировка ўташи ташкил этилди. Бугунги кунда 932 нафар мутахассисимиз мамлакатимизга қайтиб келиб, 200 дан ортиқ соҳа ва йўналишларда, вазирлик идораларда фаолиятини давом эттиряпти. “Эл-юрт умиди” жамғармасини битириб келган номзодларга вазирлик ва идораларда талаб юқори бўлмоқда.

– “Эл-юрт умиди” жамғармаси томонидан малака оширишга юборилган ходим учун давлат томонидан қанча маблағ ажратилади?

– 2021 йилда тасдиқланган давлат бюджети параметрларига кўра, жамғарма дастурларини молиялаштириш учун 62 миллиард сўм ажратилган. Шу билан бирга, мазкур фармон билан васийлик кенгашига 2 ой муддатда 1 талабага кетадиган харажатларни тасдиқлаш бўйича топшириқ берилган.

Бир сўз билан айтганда, жамғармамиз томонидан хорижга юборилган стипендиантларимизнинг барча харажатлари – ўқиши, яшаши, транспорт харажатлари қоплаб берилади. Илгари топ 500 талик рейтингга кирган олий таълим муассасалари молиялаштирилган бўлса, мазкур фармон билан топ 300 талик рейтинг молиялаштирилади. Айтиш жоиз, хорижий олий таълим муассасаларининг қанчалик рейтинги юқори бўлса, шунчалик ўқиш қиймати ҳам юқори бўлади. Ўтган йилларда 1 нафар талаба хорижда таҳсил олиши учун 75 минг долларгача маблағ тўлиқ молиялаштирилган. Талаба ўқишни тамомлаб қайтиб келганидан сўнг 7 йил давомида ишлаб бериш шарти қўйилган. Ҳозирда бу борада ўзгаришлар амалга оширилмоқда.

– Хорижда ўқиган стипендиант қандайдир сабабларга кўра ўқишдан четлаштирилса ёки давлат ташкилотида ишлай олмаса, бу жараёнда жамғарма томонидан қилинган харажатлар қандай қопланади?

– Жуда долзарб мавзуни кўтардингиз, аввало, стипендиант ғолиб бўлганидан кейин у билан тўрт томонлама шартнома имзоланади. Шартнома шартларида шу масала киритилади.

Жумладан, стипендиант узрли ва узрсиз сабабларга кўра талабалар, магистрлар ёки докторантлар сафидан четлаштирилган ҳолатда, биринчи навбатда, стипендиантга сарфланган барча харажатларни қайтариш ҳақида васийлик кенгашига қарор чиқарамиз. Васийлик кенгаши қарорни тасдиқлаганидан кейин суднинг қарори билан стипендиантдан ушбу харажатлар қопланади.

– Чет элга ўқишга юборилган кадр Ўзбекистонга қайтиб келишни хоҳламади. Ўқишни тугатганидан кейин ўқиган мамлакатида ишлашни хоҳлади. Бунақа жараёнларда қандай йўл тутилади?

– Тўғри, хорижда таҳсил олаётган талабаларимизнинг баъзилари хорижий давлатларга маҳлиё бўлиб ёки юқори маош таклиф қилса, фикри ўзгариши мумкин. Бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида 4 томонлама шартнома имзолаяпмиз. Мазкур шартномада ота-онасига агар фарзанди чет элдан қайтиб келишни истамаса, сарфланган харажатларни қоплаб бериш шартини қўямиз.

ЎзА мухбири Шаҳноза МАМАТУРОПОВА суҳбатлашди. 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.