Электр энергетикаси соҳасини янада ислоҳ қилиш вазифалари белгиланди

0
120
марта кўрилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 20 февраль куни электр энергетикаси тармоғида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва соҳани ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди. 

Электр энергетикаси иқтисодиёт ривожи, ҳаёт сифатини таъминлайдиган асосий манбалардан бири. Бу тармоқда қатор камчиликлар мавжудлиги белгиланган ислоҳотларни самарали амалга ошириш ва мамлакатимизни инновацион ривожлантиришга халақит қилаётган эди.

Шу боис Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 1 февралдаги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ташкил этилди. Унга электр энергетикаси ҳамда нефть-газ соҳасидаги муаммоларни бартараф этиш, иқтисодиёт тармоқлари ва мамлакат аҳолисини ёқилғи-энергетика ресурслари билан барқарор таъминлаш бўйича катта ваколатлар берилди.

2019 йилги Инвестиция дастурига электр энергияси тизими бўйича умумий қиймати 8,1 миллиард долларлик 33 та лойиҳа киритилган. Бу йил қарийб 620 миллион доллар ўзлаштирилиб, 7 та йирик лойиҳа ишга туширилиши белгиланган.

Президентимиз ушбу инвестиция лойиҳаларини сифатли амалга ошириш, мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича топшириқлар берди.

Масалан, халқаро молия институтлари иштирокидаги “Тахиатош иссиқлик электр станциясидан Хоразм-Саримой пунктигача 220 киловольтли электр линияларини тортиш”, “Юқори кучланишли подстанцияларни модернизация қилиш”, “Тўрақўрғон иссиқлик электр станциясини қуриш” лойиҳаларини амалга ошириш муддатлари кечиккан. Шу боис Энергетика вазирлиги, “Ўзбекэнерго” акциядорлик жамиятига халқаро молия ташкилотлари маблағларини тўлиқ ўзлаштириш, лойиҳаларни ўз вақтида бажариб, маблағларни иқтисод қилиш вазифалари қўйилди. 

Электр энергияси қувватларини модернизация қилиш ишлари талаб даражасида эмаслиги кўрсатиб ўтилди. Тармоқда инвестиция сиёсати нотўғри ташкил этилгани, яъни тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилишга умуман эътибор қаратилмагани танқид қилинди. Бунинг оқибатида корхоналар қарз олиш ёки лойиҳаларни ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширишга мажбур бўлмоқда.

Давлатимиз раҳбари соҳадаги муҳим йўналишларни белгилаб берди. Хусусан, давлат-хусусий шерикчилик асосида муқобил энергетикани ривожлантириш, бундай лойиҳаларга чет эл инвестициялари жалб этиш имконияти катта экани таъкидланди.

Ҳозирда юртимизда қуёш ва шамол электр станциялари қуриш бўйича Туркиянинг “Йилдирим груп”, Бирлашган Араб Амирликларининг “Маздар” жамғармаси ва Халқаро молия корпорацияси билан иш олиб борилмоқда. 

Вазирлар Маҳкамаси, Энергетика вазирлиги, “Ўзбекэнерго” акциядорлик жамиятига умумий қиймати 2,5 миллиард долларлик 13 та истиқболли лойиҳа бўйича хорижий ҳамкорларни аниқлаш, тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилиш бўйича манзилли “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш топширилди. Соҳада давлат-хусусий шерикчиликни жорий этиш, тўғридан-тўғри инвестицияларни кенг жалб қилиш учун хусусий ишлаб чиқарувчилардан электр энергиясини сотиб олиш тартиби ва тарифларини белгилаш зарурлиги таъкидланди.

Шунингдек, дебитор қарздорликни камайтириш масалаларига ҳам эътибор қаратилди. 

Электр энергиясини экспорт қилиш бўйича мамлакатимизнинг транзит салоҳиятидан самарали фойдаланиш, Сурхон-Пули-Хумри тармоғини қуришни тезлаштириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 1 февралдаги қарорида “Ўзбекэнерго” акциядорлик жамиятини қайта ташкил этиш бўйича қарор лойиҳасини тайёрлаш белгиланган эди. Давлатимиз раҳбари бу қарорда ишлаб чиқарувчи – етказиб берувчи – тақсимловчи вазифалардан келиб чиқиб, корхоналарнинг функцияларини аниқ ажратиш, соҳага бозор муносабатлари, жумладан, давлат-хусусий шерикчиликни жорий этишга алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади. 

Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасидан мутасаддиларнинг ҳисоботлари эшитилди.  

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.