Президент Шавкат Мирзиёев 6 май куни электр техникаси саноатини ривожлантириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.
Охирги беш йилда ушбу тармоқда 465 миллион доллар инвестиция ўзлаштирилиб, 163 та янги лойиҳа ишга туширилган. Ишлаб чиқариш ҳажми 4 баробар, экспорт эса 3 баробарга ошган. Энг муҳими, иш ўринлари сони 2 баробар кўпайиб, 32 мингтага етган.
Шу билан бирга, бу соҳада тўла фойдаланилмаётган имкониятлар ҳали кўп. Тараққиёт стратегиясида 2026 йилга қадар электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини яна 2 баробарга, экспортни 3 баробарга ошириш мақсади белгиланган.
Йиғилишда шу борадаги муҳим вазифалар муҳокама қилинди.
Хусусан, жорий йилда 250 миллион долларлик 86 та лойиҳа ишга туширилиши режалаштирилган. Давлатимиз раҳбари аҳоли талаби ва импорт таркибини ўрганиб, шунга мос маҳсулотлар ишлаб чиқариш, вилоятлар кесимида янги лойиҳаларни шакллантириш зарурлигини таъкидлади.
Юртимизда янги конлар топилиб, мис захираси кенгайтирилмоқда. Келгуси йилларда мис ишлаб чиқариш ҳажмини 2 баробар ошириш ҳисоб-китоб қилинган. Бунга асосланиб, Оҳангарон туманидаги янги мис кластерида 168 миллион долларлик 12 та лойиҳа доирасида 90 минг тонна мисни қайта ишлаш қуввати яратилади. Бу кластерга аъзо корхоналарга мисни узоқ муддатли контракт асосида, биржа нархларидан чегирмалар билан харид қилиш имкони берилади.
Президентимиз ушбу кластернинг ташкилий, молиявий жиҳатлари бўйича кўрсатмалар берди.
Маълумки, мамлакатимизда муқобил энергетика ривожлантирилмоқда. Бу соҳадаги янги лойиҳаларда камида 1 миллиард долларлик бутловчи қисмларга талаб бор. Бундан фойдаланиб, маҳаллийлаштиришни кенгайтириш муҳимлиги таъкидланди.
Ижтимоий муассасаларда муқобил энергияда ишлайдиган сув иситиш тизимлари ҳамда кўчаларда қуёшдан қувват оладиган ёритиш мосламаларини ўрнатиш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.
Электр техникаси соҳасида экспорт имкониятлари ҳам катта. Масалан, бизга қўшни давлатлар ҳар йили кўп миллиард долларлик электротехника маҳсулотлари харид қилади. Лекин бунда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган товарлар улуши катта эмас.
Бу тармоқда экспорт ҳажмини жорий йилда 700 миллион долларга, келгуси йилда эса 1 миллиард долларга етказиш имконияти борлиги кўрсатиб ўтилди. Шу мақсадда маиший техника мисолида божхона ҳудудида қайта ишлаш тизимини йўлга қўйиш топшириғи берилди.
Соҳага инновацияларни жорий этиш ҳамда экспортни кенгайтириш учун Электротехника жамғармасига 20 миллиард сўм ажратилиши белгиланди.
Мутасадди идораларга ички бозорга сифатсиз маҳсулотлар кириб келишининг олдини олиш, маиший техникалар маркировкаси тизимини жорий этиш муҳимлиги таъкидланди.
“Ўзэлтехсаноат” уюшмаси ҳузурида Лойиҳалаш ва инжиниринг маркази, “Электроаппарат”, “Технопарк”, “Артел”, “Узкабель” корхоналари негизида изланиш ва ривожлантириш марказлари (Research and development) ташкил этиб, уларга малакали хорижий ва маҳаллий мутахассисларни жалб қилиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Йиғилишда кадрлар масаласига ҳам эътибор қаратилди. Келгуси уч йилда тармоқ учун 4 минг нафар олий ва 14 минг нафар ўрта маълумотли мутахассислар зарурлиги қайд этилди.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига электротехника бўйича ўқув дастурларини қайта кўриб чиқиб, такомиллаштириш вазифаси қўйилди. Тошкент шаҳридаги Радиотехника коллежи, Самарқанд ва Чирчиқ хизмат кўрсатиш техникумлари, Фарғона электротехника коллежи “Ўзэлтехсаноат” уюшмасига бириктирилди.